ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34921
05 December, 2024, 02:05
Хабарингиз бор, шу йилнинг 5 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, айниқса, таълим тизимидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан келиб чиқиб, вилоятимиз мактабларидаги ҳолат Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва бошқа дахлдор идоралар вакиллари томонидан атрофлича ўрганилди.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, мактаб ва мактабгача таълим тизими раҳбарлари, умумтаълим мактаблари директорлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ушбу тизимдаги ҳолатни муҳокама қилди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига тўхталиб, мактаб таълимида йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, давомат, дарсларни ўзлаштириш, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш каби масалаларни бирма-бир таҳлил қилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда айрим мактабларда ўқувчиларнинг сабабсиз дарсга келмаслиги, кўнгилочар жойларда юриши, ноқонуний «ҳужра»ларга қатнаётганлар ҳам борлиги, мактаб ёшидагилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ҳолатлар аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди. Иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун бир қатор директорлар вазифасидан олинди ёки интизомий жазога тортилди.
«Қаерда фарзанд назоратсиз қолса, уни салбий иллатлар ўз таъсирига олади. Ҳурматли Президентимиз «мактаб-ота-она-маҳалла» ҳамкорлигини кучайтириш ҳақида бежиз алоҳида таъкидлаб ўтмадилар. Бугун айни шу масала барчамизнинг асосий вазифамизга айланиши керак», – деди вилоят раҳбари.
Шунингдек, ўз фаолияти давомида ижобий ютуқларга эришаётган таълим муассасалари, раҳбар ва педагоглар кўп эканлиги эътироф этилган ҳолда, тизимнинг ўз ишига етарлича ёндашмаётган ходимларидан масъулият талаб этилди.
«Мактабларда ҳам дарсдан ташқари турли тўгараклар, ўқув курслари бор. Лекин, уларнинг самарадорлиги кўринмаётгани учун ўқувчилар узоқ йўл босиб, турли пуллик курсларга қатнашига тўғри келяпти. Демак, бу йўналишда ҳам ёндашувни ўзгартириш лозим», – дея таъкидлади Шавкатжон Абдураззоқов.
Бундан ташқари, таълим даргоҳларида зарур шарт-шароитларни яратиш, дастур доирасида таъмирлаш ишларини олиб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
«Таълим-тарбия – кенг жамоатчилик иши, дейилади. Лекин, таълим тизимида жамоатчилик кенгашлари ўрни сезилмайди. Айниқса, соҳада ишлаётган ёш раҳбарлар ҳаётий тажрибага эга фахрийларни атрофига тўплаши, улардан ўрганиши зарур», – деди вилоят ҳокими.
Илғор тажрибаларни қўллаш, жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича нуронийлар, зиёлиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Якунда кўриб чиқилган масалалар бўйича шаҳар ва туманлар ҳокимлари, мактабгача ва мактаб таълими соҳаси раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир йўналиш бўйича манзилли иш ташкил этиш лозимлигини айтиб, аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти