ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34746
24 November, 2024, 04:02
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, шунингдек, суперлигада фаолият юритаётган жамоаларнинг мутахассислари карантиндан кейинги ўзбек ва хориж футболи, ундаги ўзгаришлар, суперлигани қандай ўтказиш бўйича таклифлари, Европада чемпионатларнинг давом этиши нимага боғлиқлиги, лигаларда чемпионни қай тарзда аниқлаш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Хусусан, Наманганнинг «Навбаҳор» клубининг россиялик бош мураббийси Андрей Канчельскис ҳам бу борада ўз фикрларини қуйидагича изҳор қилди:
– Агар ўйинлар мухлисларсиз ўтказиладиган бўлса, қандай тасаввур қилиш мумкин? Албатта, футбол учрашувларини томошабинларсиз ўтказиш осон кечмайди. Бундай ўйинларда футболчиларда иштиёқни уйғотиш қийин. Аммо наилож, коронавирус пандемияси сабабли улар шундай ҳолатда тўп тепишга мажбур. Асосийси, инсонлар саломатлигидир. Футболдаги асосий ўзгариш, бу ўйинларнинг мухлисларсиз ўтказилишидир. Шу холос.
Суперлигани ўтказиш бўйича таклифим шуки, агар коронавирус пандемияси кучайиб кетмаса, одатий усулда, яъни турларни уй-сафар тизимида ўтказиш лозим. Мабодо вирус авж олса, клубларни икки-учта шаҳарга йиғиб, биринчи даврани тезроқ якунлаш учун бир ҳафтада иккитадан ўйин ташкиллаш мумкин. Футболчилик пайтимда Англияда қисқа вақт ичида майдонга тушаверардик. Футболчилар бунга кўникишига тўғри келади. Мухлисларсиз бўлса ҳам биринчи даврани тезроқ якунлаш керак.
Европада лигаларни давом эттиришда биринчи навбатда ғолибларни аниқлашга эътибор қаратилади. Пул иккинчи даражали. Тўғри, карантин даврида «кўҳна қитъа»даги кўплаб жамоалар гонорарсиз қолди. Шунга қарамай, барча лигаларда совриндорларни аниқлаш асосий мақсад ҳисобланади. Шунинг учун улар ўйинларни ўтказишмоқда.
Барча мамлакатларнинг ички чемпионатлари якунланиши керак. Мусобақалар келган жойида тугатилса, эътирозлар пайдо бўлади. Ғолиблар ва бошқа ўринларни ўйинлар орқали билиб олиш даркор. Айрим давлатларда чемпионатлар охирига етказилмади. Бунда баъзи клублар норозилик билдиради ва шундай бўлмоқда ҳам.
Бундай ҳолат суперлигага ҳам тегишли. Ички биринчиликни давом эттириб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этган яхшироқ. Бу энг тўғри йўл.
Оқилхон ДАДАБОЕВ
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти