Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 08:54

Спорт

Машҳур қўл жанги усталари Президент кубоги учун беллашди

  • 25.Июля.2022
  • 667

«Афсоналар водийси»да қўл жанги бўйича профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун «Чемпионлар лигаси» халқаро турнири бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 июндаги «Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида истеъдодли спортчиларни тайёрлаш, ёшларда ҳарбий ватанпарварлик хислатларини камол топтириш, Тошкент, Наманган, Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қўл жанги бўйича халқаро мусобақалар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, қўл жанги спорт турини ҳар бир вилоятнинг битта туманида устувор спорт тури сифатида белгилаш лозимлиги таъкидланган.

Айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Президент кубоги» нуфузли мусобақасида жаҳон чемпионлари, шунингдек, ўз қитъаси ва давлатида тенгсиз деб топилган донгдор спортчилар иштирок этди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида қатнашчи давлатлар байроғида спортчилар саф тортди. Таниқли санъаткорлар ижросида бадиий дастур намо-йиш этилди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва анъанавий халқаро мусобақанинг расмий меҳмони – Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов спортчиларга омад тилади.

Жамоавий тарзда ташкилланган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Қозоғистон, Россия, Руминия, Белорус, Озарбайжон ва Германия давлатларидан келган машҳур қўл жанги усталарига қарши рингга кўтарилди. Эътиборлиси, 48 килограммдан 75 килограммгача бўлган олтита вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларнинг барчасида етакчиликни қўлдан бермаган ҳамюртларимиз якунда йирик – 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Халқаро турнирнинг дастлабки жангида (50 кг.) жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори наманганлик Маъсума Мўминова ва Қозоғистон Республикаси вакиласи, халқаро тоифадаги аралаш жанглар устаси Тўмарис Жусупова рингга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳснинг иккинчи раундига келиб, рақибасини оғритиш усули билан енган спортчимиз терма жамоамиз ғалабасини бошлаб берди.

«Президент кубоги»нинг иккинчи баҳсида (62 кг.) терма жамоамиз аъзоси, жаҳон кубоги совриндори, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, жиззахлик Ҳусниддин Сатторов Белорус давлатидан келган аралаш жанглар бўйича халқаро турнирлар ғолиби ва спортчиси Сергей Серпитовскийга қарши муносиб кураш олиб борди ва зафар нашидасини сурди.

«Чемпионлар лигаси»нинг аёллар ўртасидаги жангида (48 кг.) Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон чемпионати ва кубоги ғолиби, наманганлик Шириной Зоҳидова ва Россия Федерацияси спортчиси, жаҳон чемпионати ва халқаро турнирлар совриндори Виктория Мустаева ўзаро куч синашди. Ушбу жанг томошабинларнинг ҳаяжони ва олқишларига сазовор бўлди. Экстра раундгача давом этган беллашувда ҳамюртимизнинг қўли баланд келди. 

Турнирга ташриф буюрган мухлислар Ўзбекистон спортчиларининг жасорат ва матонатга йўғрилган шонли ғалабаларига яна гувоҳ бўлдилар. 67 кг. вазн тоифасида қашқадарёлик халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё ва жаҳон чемпиони Олимжон Нормуродов озарбайжонлик рақиби – икки карра Европа чемпиони, Ислом спорт ўйинлари совриндори Руслан Пиралиевга қарши кечган жангда қардошига ҳеч қандай имкон қолдирмади. Ҳакамлар баҳсда оғритиш усулини қўллаган спортчимизга ғалаба ёзишди.

Ўзига хос байрам шоусига айланган «қўл жанги оқшоми»да навбат марказий жангларга берилди. 65 кг. вазнда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпионати ва кубоги совриндори, наманганлик Жавоҳир Собитов германиялик спортчи, халқаро турнирлар иштирокчиси Граф Филиппи Вилхелмни очколар ҳисобида мaғлубиятга учратишга муваффақ бўлди.

Халқаро мусобақанинг энг асосий жангида (75 кг.) жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги ғолиби, Осиё чемпиони бухоролик Жаҳонгир Жумаев ва халқаро турнирлар ғолиби, россиялик Абубакир Ражабов баҳсга киришди. Чемпионлар иштирокидаги шиддатли ва муросасиз руҳда ўтган жангда рақибини оғритиш усули билан устун келган юртдошимиз турнир ғолиблигини қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти кубогининг ғолиблари ва барча иштирокчилари турнир ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, «Наманган ҳақиқати» мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь