ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34518
08 November, 2024, 06:09
Паратлетика бўйича Париж-2024 паралимпиада олтин ва бронза медали соҳибаси Нурхон Қурбонова туғилиб-ўсган Мингбулоқ туманининг Жомашўй шаҳарчасида тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда туман ҳокими, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар уни эришган улкан натижаси билан қутлашар экан, Мингбулоқнинг Нурхонга ишончи катта эканини қайд этишди.
– Олимпиадада ғолибликни қўлга киритиш жуда катта натижа бўлди. Халқаро майдонда Янги Ўзбекистон байроғи юқори кўтарилди. Бундан ташқари, минглаб ёшларимизда ҳавас уйғонди, спортга кириб келишмоқда, чемпионлар ортидан эргашишади, – дея таъкидлади туман ҳокими Аҳрор Мансуров.
Дарҳақиқат, Нурхонга бундай муваффақиятга эришиш осон бўлмагани аниқ. Унинг замирида ҳаловатидан кечиб, муқаддам паралимпия бўйича халқаро мусобақаларда ғолибликка эришган спортчиларнинг тажрибаларини қунт билан ўрганиш, устозлари раҳбарлигида тинимсиз машқлар қилиш натижаларидир бу. Қолаверса, Париж шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ҳамда «Токио - 2020» Паралимпиясидаги курашларда ғолибликка эришиб, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганлиги муҳим аҳамият касб этди. Ўшанда Президентимиз Ш. М. Мирзиёев ғолибларни ўз ҳузурига чорлаган. Нурхон юзи қувончдан балқиганча унутилмас кунни эслайди:
– Биласизми, давлатимиз раҳбари билан юзма-юз туриш қандай бахт! Бу – ўзбек фарзанди учун жуда катта орзунинг ушалиши. Юртбошимиз гапиряпти, мен эса ҳаяжондан кўз ёшимни тиёлмайман.
«Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади.
Сизлар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганингизнинг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади», – деганларича ёнимга келиб, кўксимга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» унвони кўкрак нишонини таққанидаги ҳолатимни тушунтириб беришим қийин. Жуда катта ҳаяжон! Ҳатто мусобақада ҳам бунчалик ҳаяжонланмаганман.
Кўнглимнинг туб-тубига мақсадлар қўйдим: 2024 йили Парижда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида бундан-да яхши натижалар кўрсатиб, яна бир марта давлатимиз раҳбари билан учрашаман. Худо хоҳласа, бу ниятларимга ҳам етаман!..
Тумандаги Маданият маҳалласида туғилиб-ўсган матонатли спортчи билан Париж сафарига жўнашидан бир муддат аввал учрашган эдик. Нурхон суҳбат чоғида ногиронлиги сабаб маҳзун кечган болалиги, изтиробли кечинмалари, қийинчиликларни енгиш йўлидаги сабот, спорт оламига кириб келиши, муваффақиятга эришишида тиргак бўлган инсонлар ҳақида сўзлаб берган эди.
Айтишича, болалигида жудаям уятчан, тортинчоқ, лекин ўзига яраша шўх қиз бўлган. Дарахтма-дарахт сакраб юриш доимий машғулотлари эди. Уйдагилар «каратэчи қизим» деб эркалатишарди. Чақалоқлигида умуртқасидан биттаси етишмасди. Шу сабаб оёғидаги асаб томирларини қисиб қўйиб, ўн олти ёшга кирганида дард кескин кучайди. Оёғи унга бўйсунмай борарди. Начора, қўлтиқтаёқда юришга мажбур бўла бошлаган. Уятчан ва яна тинмайдиган қиз бунақа ҳолатга тушиб қолса...
Бошига тушган одамгина буни тасаввур қилолса керак. Биласизми, ўшанда ҳаёт унга шунақа рангсиз – оқ-қора бўлиб кўринарди-да. Бор мақсади-ю орзуларини йўқотиб қўйган одамга айланиб қолаётгандек эди. Аслида дунё кезишни, саёҳатга чиқишни орзу қиларди. Мусаввир бўлишни ҳам ният қилган. Афсуски, тақдир тақозоси билан имкониятлари чекланиб қолди.
– Кейин ўйлаб кўрсам имкониятим чекланиб қолди, дейишим нотўғри экан, – дея хотирлайди Нурхон. – Оёғингиз юрмай ёки кўзингиз кўрмай қолса, энди иложи йўқ, дегани эмас. Бунақа пайтда одамнинг ўзи имкониятини чеклаб қўяди. Агар инсон хоҳласа, ҳамма нарсага эришиши мумкин эканлигини амалда исботлашга аҳд қилдим...
2016 йили Фарғона вилоятидаги имконияти чекланганлар учун махсус касб-ҳунар коллежига ўқишга бордим. Ҳақиқатан ҳам, ҳеч бир иложсиз ҳолатга тушган тенгқурларимни учратдим. Уларни кўриб, Аллоҳга шукур деганман, юрмасам ҳам. Қарасангиз, умуман муҳит бўлакча... Чинакамига имконсиз болалар эди улар. Қўл-оёғи бутун, лекин ақли заиф. Ана шулар ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, ўйга толганман: агар оёқларим соғу ақлим заиф бўлиб қолганимда борми? Унда нима бўларди?..
Чекка қишлоқнинг оддий бир оиласида туғилиб, камол топган қизнинг нияти пок, мақсад сари интилиши кучли эканки, улкан орзуси ушалди. Беихтиёр академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг «Тақдирин қўл билан яратар одам, ғойибдан келажак бахт – бир афсона» деган шеърий мисралари ёдимга тушади.
...Нурхоннинг дадаси Ғуломжонни яхши танийман. Оилавий шароити оғир бўлса-да, рафиқаси билан келишган ҳолда қизига, унга ўхшаган дардманларга кўмак беришдек эзгу мақсадда олийгоҳда таҳсил олган. Жарроҳ бўлса-да, спортга ихлоси кучли. Қизига, ёш каратэчиларга устозлик ҳам қилган. Онаси Дилфуза бир умр фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган, қийинчиликларга чидамли аёл. Нурхон ҳам спортдаги илк сабоқларини, машаққатларга дош беришни улардан олгани табиий. Бугун ота-онаси, акаси Жаҳонгир, сингиллари Нигора, Мадина, Райҳона, укаси Бобуржон миллат фахрига айланган матонатли қиз билан қанчалик ғурурланишса арзийди.
Паралимпиячиларимиз зафар туғини кўтарган ҳолда юртимизга қайтишди. Пойтахтда, қолаверса, барча чемпионларнинг туғилган гўшасида уларни карнай-сурнай садолари остида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муносиб кутиб олинди. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» қизимиз Президентимизнинг 12 сентябрдаги Фармонига кўра, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланиши янада қувонарлидир. Қўшалоқ-қўшалоқ мукофотлар муборак, Нурхон!
Қосимжон АКБАРОВ,
«Мингбулоқ» газетаси муҳаррири,
«Шуҳрат» медали соҳиби.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти