ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 02:28
Муроджон Аҳмадалиев оғир ўтган болалиги ҳақида
Инглиз нашри – badlefthook.com сайти Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси, профессионал боксда икки йўналиш чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ҳақида катта мақола тайёрлади. Мазкур мақола ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда тақдим этилади.
Иккита синган оёқ, бокснинг сирли усуллари ва Муроджон Аҳмадалиевнинг чемпионлик йўли ҳақида
«Менга энди ҳеч қачон юра олмаслигимни, энди бокс туша олмаслигимни айтишганди», - дейди Муроджон Аҳмадалиев таржимони Алик Фролов орқали. «MJ» болалиги, қийинчиликлар ҳақида гапираётганида унинг овозидан ҳис-ҳаяжон сезилиб турарди.
Ўтган йилнинг апрель ойида DAZN ва Matchroom Boxing билан шартнома имзоланганидан сўнг боксчининг фаолиятида портлаш юзага келди. Жоэль Диас қўл остидаги 25 ёшли спортчи профессионал боксдаги саккизта жангдаёқ иккита чемпионлик камарини қўлга киритди. Жангларнинг сўнгида у январь ойида Даниель Романни мағлуб этди.
Ушбу муваффақиятлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Муроджон бунгача қаттиқ меҳнат қилди. 9 ёшида у «уй боласи» сифатида отасига, оиласига ёрдамлашарди. Ота-она, иккита опаси билан Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида яшайдиган Муроджоннинг мақсадлари юқори эди.
«Бизда деярли ҳеч нарса йўқ эди», - дейди Кака. «Кака» - унинг лақаби. Муроджон ёшлигида футболни, жумладан бразилиялик плеймейкернинг ўйинларини яхши кўрарди ва унинг футболкасини кийиб юрарди.
«Ёзда паркда ишлаганман, кунлик маош қарийб 2 долларни ташкил этарди»
«Қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёр эдим. Вақтида ёзда паркда ишлаганман. У ерга ташриф буюрувчилар суратга тушишарди. Менинг ишим ким суратга олса, уларни тезда ишлаб, эгаларига топширишдан иборат эди. Паркда менга рақобатчилар ҳам бор эди, шунинг учун мендан бу ишни қилишда тезкорлик талаб этиларди.
Муроджон суратларни тайёрлаш учун уч миль (4 километрдан ортиқроқ - изоҳ муал.) югурарди, қайтишда яна шунча масофани босиб ўтарди. Рақобатчиларда алтернатив транспорт воситаси бўлса-да, у тезроқ ҳаракат қиларди.
«Ходимлар мени яхши кўришарди, шунинг учун ҳар ёзда паркдаги энг яхши ишлардан бирини беришарди», - дейди Муроджон.
Маош кунига қарийб икки долларни ташкил этар, Муроджон эса янги кроссовка сотиб олиш учун бир ҳафта давомида пулларни йиғиб борарди.
Бу вақтда спортчи футболни севарди. Лекин, унинг яқин дўсти боксга қатнашни бошлаганидан сўнг «MJ» ҳам у билан бирга янги спорт турига меҳр қўя бошлади. Кичкина, озғин, етарли вазн тоифасига эга бўлмаган Муроджон мусобақаларда қатнашиши учун 11 ёшга тўлиши керак эди. Ана шундан сўнг у расман турнирларда қатнашиш имконига эга бўларди.
«Машина уриб кетганида ҳам, боксга қайта олишимга ишонардим»
Кунлардан бир куни йўлда Муроджонни машина уриб кетади ва қаҳрамонимизнинг оёғи синади.
«Менежернинг жаҳли чиқди. У тез ёрдам чақирди ва мени касалхонага олиб боришди. Мен ишимни йўқота олмасдим. У ерга борганимда шифокорлар жароҳатимни гапириб беришди ва тузалиб кетишим учун саккиз ой керак эди.
Мен ўша пайт иложсиз эдим, лекин яна боксга, энг асосийси ишимга қайта олишимга ишонардим», - дейди у.
Орадан саккиз ой ўтди ва оила аъзолари ҳамда шифокорларнинг қаршилигига қарамай, Муроджон бокс залига қайтди.
«Мен кечки пайт соат 5 гача ишлаб, секин бокс залига кетардим. Ойим ишга кетаётганимда менга нон ва чой бериб юборардилар. Мен эса уларни машғулотларга ҳам кучим етиши учун ишдан сўнг ердим. Уйга соат 7 да кириб борардим. Бундай ҳолат ярим йил, яъни уйдагилар бундан хабардор бўлиб қолишгунича давом этди. Бундан уларнинг жаҳли чиқди. Лекин бокс залидаги мураббийим билан гаплашганидан сўнг, улар менда истеъдод борлигини тушуниб етишди.
Мен жароҳатлардан қутулдим. Аммо, икки йилдан сўнг оёқ ҳаракатларидаги муаммога дуч келдим. Мен бундай ҳолатда рақибимдан тезкорроқ ҳаракат қила олмаслигимни тушуниб етдим, шунинг учун зарбаларга чап бериб қолиш эвазига устунлик қилиш мумкинлигини ўргандим. Ўйлайманки, бу менга профессионал сифатида ёрдам берди».
Боксдан кетиш маслаҳати ва муваффақиятли юриш
Жароҳат бир неча йилдан сўнг Аҳмадалиевга яна халал бера бошлади. Унга 15 ёшида иккинчи маротиба боксни ташлаш маслаҳати берилди. Лекин у тиббиёт ходимларининг гапларига эътибор бермасди.
«Бундай омадсизликлар менга ёрдам берди. Мен доим кичкина ва кучсиз бўлганим учун, менда имконият берилавермасди. Лекин мен таслим бўлмасдим ва ўзимга тўлиқ ишонардим.
Синган бурун, синган умуртқа ва синган мушт Аҳмадалиевнинг порлаб чиқиши учун таянч бўлди. Уни ҳеч қандай оғриқ тўхтатиб қола олмасди.
Тез орада Муроджон ҳаваскор боксда муваффақиятларга эриша бошлади: у 2012 йили ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медаль қўлга киритди, кейин эса катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг кумуш медали, Рио Олимпиадасининг бронзаси... Ўзбек спортчиларнинг янги авлоди бўлган Аҳмадалиев муваффақиятни жамоадаги бирдамлик билан боғлайди.
«Барчаси ҳавасдан бошланганди», - дейди у Ўзбекистон боксчилари ҳақида гапирар экан. «Улар ҳаваскор боксдаги муваффақиятлардан сўнг Ўзбекистонда машҳурликка эришишди. Аббос Атоев, Рустам Саидов, Элшод Расулов ва бошқалар. Мен уларга интилардим. Бизда шунингдек, Собиқ Иттифоқ мактабини кўрган юқори савиядаги мураббийлар бор эди».
У шунингдек миллий жамоадаги дўстларини ҳам ҳурмат қилишини таъкидлади. «Биз жуда яхши дўстлар эдик. Бу жуда муҳим. Исроил Мадримов ва Баҳодир Жалолов. Жамоада бизни муваффақият сари етаклаётган соғлом рақобат бор эди.
«MJ» профессионал боксга тезда мослашди. Саккизта жангдаёқ иккита чемпионлик камарини қўлга киритиб, Леон Спинксни рекордини такрорлаш ажойиб натижа бўлди. Аммо, бу тарих энди бошланаётганини кўрсатади.
«Энг яхшилари мен учун ҳали олдинда. Менга DAZN ва Matchroom Boxing томонидан ишонч билдирилди ва мен ҳам уларга ишонаман».
Мақсад ва орзулари
Чемпион IBF йўналишидаги даъвогар Риосуке Иваса билан жанг қилиши керак. Аммо, у WBO йўналиши чемпиони Эммануэль Наваррете билан ҳам тўқнаш келиш истагида.
«Бу ажойиб бўларди, чунки бизнинг услубларимиз ўхшаш. Биз бунга етиб келмоқдамиз. Мен Роман устидан қозонилган ғалабадан сўнг катта тажриба тўпладим ва меҳнат қилишда давом этяпман».
Ҳозирча 126 ёки 130 фунт дивизионига кўтарилиш ҳақида гап-сўзлар йўқ. Лекин, Аҳмадалиев ўз кумири Мэнни Пакьяо йўлидан боришга аҳд қилган.
«Аввалига 122 фунтда мутлақ чемпион бўлмоқчиман. Кейин кўрамиз. Мен ҳозир ушбу вазнда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Келажакда балки бошқа вазнга ўтарман. Ҳозир менга ишонмаганларга қараб, «Мен сенга айтгандимку!» дейман», - сўзлайди Аҳмадалиев ғурур билан.
Якунда эса шундай деб қўшимча қилади: «Мен кўп гапиришни ёқтирмайман. Олдинда турган йиллар давомида ким энг зўри эканлигини ринг кўрсатади».
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти