ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 02:28
Cамарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан «Samarkand Half Marathon» халқаро хайрия марафони бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуман қатнашчилари марафонни қўҳна кентнинг Регистон майдони ҳудудидан югуришдан бошлаб бердилар. Қувонарлиси шундаки, мазкур халқаро марафонда иштирок этган 70 ёшли наманганлик фахрий устоз-муаллима Людмила Музаффарова ғолибликни қўлга киритди.
– 1983 йилда илк марта халқаро марафонда иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган эдим, – дейди Наманган Давлат университети катта ўқитувчиси Людмила Музаффарова. – Ўшандан кейин кўплаб халқаро марафонларда иштирок этиш ва ғолиб чиқиш насиб қилди. Германияда ўтказилган марафонда қатнашиб, уларнинг спорт нормативларини бажарган илк хорижлик аёл спортчи сифатида эътироф этилганимдан ҳам хурсандман.
Спортнинг чинакам жонкуяри ва тарғиботчиси Людмила опани тиришқоқлигиданми, ёши 70 да эканлиги кўпинча ёдига ҳам келмай қолади. Шу йилнинг сентябрь ойида Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлган нуфузли марафонда ҳам у «финиш чизиғи»ни иккинчи бўлиб забт этиб, совриндорлар қаторига кирган.
Дарвоқе, «Samarkand Half Marathon» халқаро хайрия марафонида вилоятимиз шарафини Наманган Давлат университети спорт йўналиши битирувчиси Нурхон Муҳиддинова ҳам муносиб тарзда ҳимоя қилиб, 21 километрлик масофада энг яхши натижани қайд этиб, ғолиблик шоҳсупасининг юқори поғонасига кўтарилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти