ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36738
01 April, 2025, 06:24
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати тарихида ўттиз тўртинчи маротаба иштирок этаётган Наманганнинг «Навбаҳор» клуби томонидан ҳар йили янги мавсумолди тақдимот маросимини ўтказиш анъанага айланган. 2025 йил Суперлига старти арафасидаги тантанали тадбир жамоанинг уй учрашувлари ўтказиладиган «Марказий» стадионида ташкил этилди.
Клубнинг фаол мухлислари, вилоят сектор раҳбарлари, спорт жамоатчилиги вакиллари кўз ўнгида бўлиб ўтган маросимда жамоанинг янги мавсум режалари, таркиби ва мураббийлар штаби аъзолари таништирилди.
Маросим аввалида «Лочинлар»нинг ўтган йил давомида эришган натижалари ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш қилинди. Эътироф этиш жоиз, 2024 йил «Навбаҳор» учун салмоқли келди, жамоа Осиё Чемпионлар лигасида биринчи бор қатнашганига қарамай, нуфузли мусобақанинг «плей-офф» босқичигача чиқди. Суперлига ўйинларида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди, мамлакат кубогининг финалига қадар етиб борди.
Вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов таъкидлаганидек, Ўзбекистон футболида ўз ўрнига эга бўлган «Навбаҳор» жамоасининг шонли анъаналари, хусусан чемпионлик мақомини қайтариш борасида яқин йилларга мўлжалланган истиқболли режалар ишлаб чиқилди. Янги мавсумга айни шундан келиб чиққан ҳолда муносиб ҳозирлик кўрилди.
Тошкентда бошланган тайёргарлик хориж давлатларида давом эттирилди. «Лочинлар» Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри ҳамда Туркиянинг Белик шаҳрида жами 24 кунлик ўқув йиғинларини олиб бориб, тўққизта халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.
Йиғинлар давомида асосий эътибор жамоани яшартириш, жисмоний жиҳатдан кучли тайёргарликка эга бўлган таркибини шакллантиришга қаратилди. Клубни тарк этган етакчилар ўрнини муносиблар билан тўлдириш мақсадида таркибга легионерлар – белоруссиялик Сергей Карпович, Бразилиядан Мачадо Гуедес Гилерме, Игор Габриел Фернандес Алвес, Педро Аугусто Габриел Карвало, нигериялик Бенжамин Тейди ҳамда ҳозиргача юртимизнинг бошқа клубларида ўйнаган Мирзоҳид Ғофуров, Аббос Ғуломов, Шаҳзод Убайдуллаев, Пўлатхўжа Холдорхонов, Шерзод Ғуломжонов каби маҳаллий чарм тўп усталари жалб этилди.
Ўтган мавсум якунида жамоани қабул қилиб, раҳбарият ишончини қозонган амалдаги бош мураббий Сергей Лушан янги мавсум учун етти нафар мутахассисдан иборат мураббийлар штабини шакллантирди. Улар орасида икки нафар белоруссиялик тренер ҳамда ўзбек жамоалари орасида биринчи бўлиб спорт реабилитацияси бўйича иш олиб борадиган аёл мутахассис ҳам борлиги эътиборга молик.
Тадбирда ўтган мавсумда кучли учликдан жой олган жамоа футболчилари, мураббийлар ва клуб раҳбариятига бронза медаллари тантанали топширилди. Шундан сўнг «Навбаҳор»нинг янги мавсум таркиби таништирилиб, ўйинчиларга рақамлари ёзилган кийимлар тақдим қилинди. Жамоа аъзолари жорий йилда «Адидас» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган либосларда майдонга тушади.
Маросим якунида «Навбаҳор» бош мураббийи Сергей Лушан ва жамоа аъзоси Мирзоҳид Ғофуров сўзга чиқиб, янги мавсумда мухлисларга манзур келадиган мазмунли ўйинлар кўрсатиш ҳамда клуб олдига қўйилган вазифа – совринли ўринни қўлга киритишга астойдил интилишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, «Навбаҳор» жамоаси янги мавсумни 9 март куни (соат 19:30да) ўз майдонида Суперлига 1-тур доирасида Самарқанднинг «Динамо» клубига қарши беллашув билан бошлайди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти