Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 05:59

Спорт

«Навбаҳор» жамоаси тақдимоти: «Чемпион бўлиш вақти келди!»

  • 11.Февраля.2024
  • 379

Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида футбол бўйича миллий чемпионат суперлигаси старти олдидан «Навбаҳор» жамоасининг тақдимоти ўтказилди.

Маросимда клубнинг янги мавсум режалари, жамоа таркиби ва мураббийлари штаби аъзолари таништирилди.

Юртимиз жамоалари орасида биринчилардан бўлиб тадорикка киришган наманганликлар даставвал ўзимизда, кейинчалик Туркияда халқаро ўқув йиғини ўтказди. Қозоғистон, Россия, Жанубий Африка Республикаси, Бразилия ва Эрон жамоаларига қарши кечган назорат баҳсларида бир қатор футболчилар синовдан ўтди.

2021 йил мавсум якунидан буён жамоага бош мураббийлик қилиб келаётган Самвел Бабаян таркибнинг ўзагини сақлаб қолган ҳолда, жамоа стратегиясига мос тушадиган номзодларга эътибор қаратди. Натижада, клуб раҳбарияти эронлик Сиёвуш Ҳақназари («АГМК»), грузиялик Гиорги Никабадзе («Нефтчи»), Александр Лобанов («Металлург»), Русланбек Жиянов («Нижний Новгород», Россия), Нурмуҳаммад Тошпўлатов («Локомотив», Тошкент), Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Фарруҳ Сайфиев ва Одилжон Ҳамробеков («Пахтакор») каби иқтидорли чарм тўп усталари билан шартнома тузди.

Вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкатжон Абдураззоқов «Навбаҳор»нинг ўтган йилги салмоқли натижалари, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашиб, қитъамизда ўз ўрни борлигини исботлаганини эътироф этиб, янги мавсумда чемпион бўлиш вақти келганлигини таъкидлади.

Тадбирда ўтган мавсумда бронзани қўлга киритган жамоа футболчилари, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига медаллар тантанали тарзда топширилди. Шундан сўнг, «Лочинлар»нинг таркиби таништирилиб, ўйинчиларга рақамлари ёзилган кийимлар улашилди. 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан «Футбол фидойиси» номинациясида эътироф этилган вилоятимиз раҳбари Шавкатжон Абдураззоқовга «Навбаҳор»нинг 50-рақами ёзилган махсус футболкаси тақдим этилди.

Қайд этиш лозимки, жорий йилда «Навбаҳор» футболчилари «7Saber» миллий бренди остидаги либосларда майдонга тушади. Титул ҳомийси сифатида эса «E-Auksion» электрон савдо платформаси белгиланган.

Маросим якунида «Навбаҳор» бош мураббийи Самвел Бабаян ва жамоа сардори Азимжон Аҳмедов сўзга чиқиб, янги мавсумда мухлисларга манзур келадиган мазмунли ўйинлар кўрсатиш ҳамда пировардида чемпионлик унвонини қўлга киритишга астойдил интилишларини таъкидлади. 

Маълумот ўрнида, «Навбаҳор» жамоаси шу йилнинг 15 февраль куни ўз майдонида Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичи доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилади. Суперлига стартида эса севимли жамоамиз 1 март куни Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионда Самарқанднинг «Динамо» клубига қарши майдонга тушади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь