ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34921
05 December, 2024, 01:15
Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси қўлга киритган оламшумул ютуқлар бутун мамлакатимиз аҳлига бирдек хурсандчилик улашмоқда.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мазкур нуфузли мусобақада юқори натижаларга эришган наманганлик спортчилар – Нурхон Қурбонова, Толиббой Йўлдошев ва Кумушхон Хўжаевалар хонадонларига бориб, уларнинг ота-онаси ҳамда яқинларини йўқлади.
Паралимпия ўйинларида пара дзюдо бўйича аёллар ўртасида «J2» классида 57 килограмм вазн тоифасида финалгача бўлган жангларни ғалаба билан якунлаб, кумуш медалга сазовор бўлган Кумушхон Хўжаева 1997 йилда Тўрақўрғон тумани Оқтош қишлоғи Соҳибкор маҳалласида туғилган. Наманган Олимпия захиралари коллежи ҳамда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Спортдаги қатор муваффақиятлари учун 2015 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Кўриш қобилиятидаги пасайиш сабабли 2022 йилдан бошлаб ўзини пара спортда синаб кўрган Кумушхон қисқа фурсат ичида республика чемпионати ҳамда Қозоғистон, Буюк Британия ва Озарбайжон давлатларида ўтказилган нуфузли халқаро турнирларда зафар қучди. 2024 йил февраль ойида Германиянинг Хейделберг шаҳрида пара дзюдо бўйича «IBSA» халқаро Гран-при ҳамда март ойида Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган халқаро Гран-при турнирларидаги ғалабаси шарафига Паралимпия йўлланмасига эга бўлди.
Вилоят раҳбари жаҳон аренасидаги юксак муваффақияти билан Кумушхоннинг ота-онаси – «Ўзтемирйўлчи» акциядорлик жамиятига қарашли Оқтош вокзали бошлиғи Сайдулло ака Хўжаев ва Қундузхон Хўжаеваларни табриклаб, шундай матонатли спортчини тарбиялагани учун миннатдорлик билдирди. Уларга эсдалик совғалари топширилди.
Шу кунларда Мингбулоқ туманининг Маданият маҳалласида ҳам байрамона кайфият мужассам. Паралимпияда пара енгил атлетика бўйича олтин медални қўлга киритган Нурхон Қурбонованинг хонадонига узоқ-яқиндан келаётган меҳмонлар қаторида вилоятимиз раҳбари ҳам чемпионнинг онаси Дилфуза Бозорова ва ғамхўрлик кўрсатган бобоси Мирзакарим отани чин дилдан муборакбод этди.
1994 йилда таваллуд топган Нурхон Қурбонова гарчи биринчи гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлса-да, жисмоний имконияти чекланган кишиларга кўрсатилаётган эътибор ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда Ўзбекистон шону шавкатини бутун жаҳонга танитди.
Жорий йилнинг 27 февраль - 2 март кунлари Бирлашган Араб амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган пара енгил атлетика бўйича анъанавий «Fazza» халқаро Гран-при турнирида ядро ва найза улоқтириш баҳсларида қўшалоқ олтин медалларга эга чиқди. 7-17 июль кунлари эса Париж мезбонлигидаги пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида аёллар ўртасида «F-54» классида ядро улоқтириш беллашувларида 7 метру 38 см. натижаси орқали бронза медалига сазовор бўлиб, Паралимпия лицензиясини олган эди.
Билдирилган юксак ишончни аъло даражада оқлаган Нурхон пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида «F54» классида найза улоқтириш дастурида 21.12 метр натижа қайд этиб, дунё рекордини янгилади ва делегациямиз ҳисобига ўнинчи олтин медални қўшиб қўйди. Нурхон бундан аввал, «Ф54» классида ядро улоқтиришда 7,75 метр натижа кўрсатиб, бронза медални ёздириб қўйганди.
Дарвоқе, «F54» классида найза улоқтириш бўйича амалдаги жаҳон рекорди ҳам айнан Нурхонга тегишли эди. Вилоятимиз спорти маликаси шу йил Японияда бўлган жаҳон чемпионатида 20.73 метр натижа билан жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлган.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Нурхон Қурбонова «Токио-2020» Паралимпия ўйинларида ҳам совринларни – яъни, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эди.
Чуст тумани Ҳисорак маҳалласи «Янги ҳаёт» кўчасида чинакамига қўшалоқ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Боиси, шу кўчадаги Неъматуллаевлар сулоласи давомчиси, эндигина 21 ёшга тўлган Толиббой Йўлдошев Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетика бўйича чемпионликни қўлга киритди.
Мазкур хонадонни йўқлаган вилоят ҳокими Тожибой Неъматуллаев ва Нодира Неъматуллаеваларни фарзанди эришган тарихий ғалаба билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди. Улар билан туман фаоллари ва нуронийлари ҳамроҳлигида дилдан суҳбатлашди. Шу жойнинг ўзида чемпион билан телефон орқали мулоқот қилиб, улкан ютуқлар билан Толиббойни ҳам қизғин қутлади.
Дарҳақиқат, Толиббой Йўлдошевнинг ҳаётида «Париж-2024» Паралимпия ўйинлари унутилмас таассуротлар билан ёдда қоладиган бўлди. Чустлик халқаро тоифадаги спорт устаси нуфузли турнирнинг «F37» классида диск улоқтиришда 57.28 метр натижа билан фаолиятидаги энг яхши кўрсаткични қайд этиб, олтин медалга муаяссар бўлди. Ўзбекистон байроғини жаҳон аренасида баланд ҳилпиратган музаффар спортимиз «олтин» ғалабасидан бир неча кун аввал ядрони 15.24 метрга улоқтириб, бронза медалини қўлга киритганди.
– Мактабга чиқибоқ спорт билан шуғулланишни бошлаган, ногиронлиги бўлишига қарамай қийинчилик ва машаққатларни сабот билан енгган Толиббойдек шогирдим борлигидан беҳад бахтиёрман, – дейди Чуст туманидаги 74-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зулфия Ҳошимова. – Айниқса, давлатимиз раҳбарини Тошкентдан олис Парижга қўнғироқ қилиб, вилоятимиз вакиллари Нурхон ва Толиббойларни шахсан табриклагани биз устоз муаллимларни ҳам беҳад қувонтирди. Шогирдимиз аввал бокс билан маълум муддат шуғулланиб, кейинчалик ўзини ядро улоқтиришда ҳам синаб кўрди. Интилиш ва меҳнатлар бесамар кетмади. Бугун бизнинг мактабни «Чемпионнинг мактаби», деб фахр билан тилга олишади. Толиббой спорт соҳасида олий маълумотга эга бўлиш арафасида, у айни вақтда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 4-босқич талабаси.
Шундай қилиб, 28 августдан 8 сентябрга қадар бутун дунёнинг диққат марказида бўлган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида 168 та давлат орасида муносиб қатнашиб, мамлакатидан ташриф буюрган энг кучли пара атлетлар иштирок этган ушбу ўйинларда 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза, жами 26 та медал қўлга киритган ўзбекистонлик спортчилар ўз тарихидаги энг яхши натижани кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Мазкур натижа – Осиёда учинчи, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида биринчи демак.
Таъкидлаш даркор, мамлакатимиз спорт делегациясининг юксак натижаларида наманганлик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Вилоятимиз вакиллари Париж халқаро ареналарида иккита олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритишди. Бу ўз навбатида, вилоятимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан ногиронлиги мавжуд спортчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар яхши самара берганидан ёрқин далолатдир.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Наманган ҳақиқати” мухбири.
Муаллиф олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти