Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

23 April, 2024, 05:33

Спорт

ШАВКАТ АБДУРАЗЗОҚОВ: "НАВБАҲОР" ЧЕМПИОН БЎЛИШ ВАҚТИ КЕЛДИ

  • 05.Марта.2021
  • 888

Футбол бўйича 2021 йилдаги мамлакат миллий чемпионати суперлигаси старти олдидан “Навбаҳор” жамоасининг тақдимот маросими ўтказилди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳида ташкил этилган тадбирда клуб мутасаддилари, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жамул-жам бўлдилар.
Тақдимот аввалида севимли жамоамизнинг ўтмиши, шонли дамлари, ҳозиргача босиб ўтган йўли акс этган видеоролик намойиш этилди.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят футбол федерацияси раҳбари Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни янги мавсум бошланиши билан табриклаб, “Навбаҳор” жамоаси бўлажак мавсумда чемпионлик учун кураш олиб бориши лозимлигини таъкидлади. Мухлисларни доимий қўллаб-қувватлашга чорлади.


- “Навбаҳор” учун барча шароитларни ҳозирладик. Таркиб кучайтирилди. Бўлажак мавсум арафасида жамоага замонавий, барча қулайликларга эга бўлган автобус харид қилинди. Энди асосий масала мухлислар кутаётган натижани қўлга киритишда қолди. Бунда аввало, маҳаллий ёшларга таянамиз, футбол академиясига эътибор қаратилади. Энди чемпионликни қўлга киритиш навбати етиб келди, - деди Шавкат Абдураззоқов.   
Тадбирда клуб бошқарувида ўзгариш юз берганлиги айтиб ўтилди. Шу пайтгача клубда масъул вазифалардан бирида ишлаб келган Отабек Саматов “Навбаҳор” клуби раҳбари сифатида иш юритадиган бўлди. Авваллари ушбу лавозим доимий равишда Наманган шаҳри ҳокими зиммасига юкланарди.   


Қайд этиш жоиз, “Навбаҳор” жамоаси жорий янги мавсумга муносиб ҳозирлик кўрди. Даставвал юртимизда тадорик кўрган “Лочинлар”га гарчи пандемия шароитига қарамай Туркияда ўқув-йиғин машғулотларини олиб боришларига шароитлар яратиб берилди. Жамоадаги аксарият маҳаллий футболчилар сақлаб қолингани ҳолда мураббийлар хориждаги йиғин давомида ўтказилган ўртоқлик учрашувларида клуб стратегиясига мос келувчи номзодларга эътибор қаратди. Бунинг натижасида салоҳиятли хорижий легионерлар ва маҳаллий ўйинчилар жалб этилиб, медаллар учун кураша оладиган таркиб шакллантирилди. Сербиялик легионерлар - ҳимоячи Никола Тасич, ярим ҳимоячи Марко Путинчанин ва ҳужумчи Славиша Стоянович, шунингдек, Раҳимжон Давронов (“Машъал”), Фарҳод Мираҳмадов, Хушнудбек Авилов (“Андижон”), Қувондиқ Рўзиев (“Қўқон-1912”), Баҳром Абдураҳимов (АГМК) каби маҳоратли футболчилар “Навбаҳор”да рақобат муҳитини кучайтиришлари шубҳасиз.


Ўтган мавсумда Наманганда тўп сурган Ўткир Юсупов, Азимжон Аҳмедов, Иван Соловьёв, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Аббос Ғуломов, Исломбек Исоқжонов, Шохруҳ Маҳмудхожиев сингари футболчилар билан тузилган шартнома муддатлари узайтирилди. Ёшлар жамоасида ўзларини кўрсатган Ислом Абдуллахонов, Шерзод Ғуломжонов, Ҳусайн Эргашбоев, Мирзоҳид Мирзамаҳмудов каби иқтидор соҳиблари эндиликда асосий таркибда ҳаракатланишади. 
Дарвоқе, жорий мавсумда “Навбаҳор” жамоаси аъзолари Германиянинг дунёга машҳур “Jako” фирмаси бренди остидаги уч хил – оқ, қизил ва мовий рангли либосларда майдонга чиқади. Бунинг эса ўзига хос рамзий маъноси бор: яъни, оқ - бу оқ йўл, қизил ранг вужудимизда оқиб турган қон ва унинг ёрқинлиги сизу бизга куч бағишловчи жўшқинликдир. Мовий ранг эса осмонимиз мусаффолигини билдиради. Эътиборлиси шундаки, уларда клуб тимсолидан ташқари Наманган манзаралари ҳам акс эттирилган.
Таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев тантанали маросимга йиғилганларга  2021 йилда “Лочинлар” шарафини ҳимоя қиладиган жамоа аъзоларини таништириб ўтди. Вилоят ҳокими футболчиларга ўз рақамлари ёзилган либосларни топширди.


Шунингдек, жамоанинг бир қатор садоқатли мухлисларига клуб раҳбариятининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
“Навбаҳор” бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов, жамоа сардори Азимжон Аҳмедов сўзга чиқиб, клуб раҳбарияти ва мухлислар билдирган ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилиш, юксак натижалар берадиган ҳужумкор футбол намойиш этишга ваъда бердилар.
Машҳур сўз устаси Искандар Ҳамроқулов ичакузди ҳангомалари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов ва “Само” вокал гуруҳи ижросидаги қўшиқлар тадбир иштирокчиларига завқу шавқ улашди.

Маълумот ўрнида, “Навбаҳор” жамоаси суперлига баҳсларини 9 март, сешанба куни Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубига қарши учрашув билан бошлайди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь