ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 05:23
Наманган Давлат университетида ҳам жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор талабалар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Спорт фаолияти йўналиши 2-босқич талабаси Шириной Йўлдошева – улардан бири.
Шириной – белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони. У 2004 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Спортга қизиқиши болаликдан бошланган, етти ёшидан тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг белбоғли кураш тўгарагига қатнаша бошлаган. Унинг интилишларини аввало бувиси Ёрқиной ая, ота-онаси Баҳромжон ва Муқаддамхонлар қўллаб-қувватлашди.
Шириной илк ғалабани ўн ёшида қўлга киритди: 2014 йилда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади.
Албатта, спортчининг муваффақиятида устоз-мураббийнинг хизмати ва меҳнати муҳим. Шириной ҳам энг яхши мураббийлардан спорт сирларини ўрганмоқда.
– Спортдаги биринчи устозим – халқаро спорт устаси Жаҳонгир Абдулҳаев бўлади. Белбоғли курашнинг илк ва асосий сабоқларини ўрганганман. 2018 йилдан бошлаб дзюдо билан ҳам шуғуллана бошладим. Бунда менга Дилшод Турғунов устозлик қилдилар. Шу кунгача дзюдо бўйича ҳам кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, Ўзбекистон чемпиони бўлдим.
Дарҳақиқат, Шириной Йўлдошева белбоғли кураш бўйича ўн карра Ўзбекистон чемпиони. 2019 йилда Навоий вилоятининг Нурота туманида ёшлар ўртасида ўтказилган саралаш мусобақасида 2-ўринни олиб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган бўлса, шу йили Тошкентнинг Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2021 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган чемпионатда 1-, 2022 йили катталар ўртасида Наманган шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида эса 2-ўрин соҳиби сифатида шоҳсупага кўтарилган қаҳрамонимиз жорий йил Тожикистон Республикасида ўтказилган белбоғли кураш бўйича 2003-2005 йилда туғилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 76 кг. вазнда 1-ўринни эгаллаб, яна бир карра жаҳон чемпиони бўлди.
– Бундай ғалабаларни қўлга киритганда қанчалар хурсанд бўлган бўлсам, университетимиз ректори Собитхон Турғуновни мен учун тантанали қабул уюштирганлари, табриклаб, устозларимнинг мен билан фахрланишини алоҳида таъкидлаганларида, янада кўпроқ қувондим. Университет кенгаши аъзолигига қабул қилинганим эса мен учун фахр.
Юқорида таъкидлаганимиздек, уч карра жаҳон чемпиони бўлган Шириной Йўлдошева талабалар ўртасидаги «Универсиада» мусобақасининг ҳам ғолиби ҳисобланади. Янада қувонарлиси, у Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Туркманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритиб, «Халқаро спорт устаси» мақомига эга бўлди.
Эндигина университетнинг 2-босқичида таҳсил олаётган жаҳон чемпионининг кўксини айни пайтда 15 та олтин, 20 та кумуш, 25 та бронза медаллари безаб турибди. Албатта, бу ҳали ҳаммаси эмас. Келажакда халқаро олимпиадада иштирок этиш ва ғолиб бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Шириной Йўлдошева вақтнинг ҳар дақиқасининг қадрига етишга интилади. Машғулот ва мусобақалар нафақат унинг маҳоратини, балки дунёқарашини ҳам юксалтирмоқда.
Аслида ҳам, спортнинг белбоғли кураш тури асрлар оша ўзида мардлик, ҳалоллик, жасорат каби фазилатларни жамлаб, дунё бўйлаб кенг миқёсда ривожланиб ва оммалашиб бораётган миллий спорт туридир. Шириной билан суҳбатлашсангиз, унда худди шундай фазилатлар қарор топганига гувоҳ бўласиз.
Хулоса сифатида эса кўнглимиздан кечган шу сўзларни баён этишни истадик: Ўзбекистон сен каби шиддатли, шижоатли, мард ва жасур қизлари билан фахрланади, Шириной. Сен каби ҳалол, содда ва самимий спортчиларимиз бор экан, Ўзбекистон қизлари ҳали кўп бора дунёни ҳайратга солаверади!
Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган Давлат университети «Пресс клуб» раҳбари.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти