ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34728
23 November, 2024, 03:24
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг автомотоспорт бўйича мураббийи ва миллий тоифадаги ҳаками Мубаширхон Жўраев шу йил 9-13 июнь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган «Formula-1» жаҳон чемпионатида ҳакам сифатида иштирок этди.
Дунё бўйлаб пойга ихлосмандлари интиқиб кутган ушбу нуфузли мусобақада германиялик Себастян Феттел, англиялик Люис Хемилтон, нидерландиялик Макс Ферстаппен каби бир қатор таниқли спортчилар беллашди.
Мубаширхон Жўраев «Ватанпарвар» ташкилотида автоспорт секциясининг мураббийи вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Мотокросс, автокросс ва картинг спорт турлари бўйича ўтказиладиган республика чемпионатларида кўп маротаба бош ҳакамлик қилиб келган.
Таъкидлаш лозимки, «Ватанпарвар» ташкилотининг спортчилари нафақат республика, балки МДҲ, Осиё ва жаҳон чемпионатларида юқори ўринларни эгаллаб, мамлакатимиз нуфузининг ошишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Май ойида Германиянинг Зул шаҳрида спортнинг ўқ отиш тури бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги мусобақасида қатнашган «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг пневматик қуролдан ўқ отиш секцияси аъзоси, 20 ёшли Муҳаммад Камолов 10 метр масофага тўппончадан отиш мусобақасида муносиб иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. У ўтган 2021 йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи МДҲ давлатлари ўйинларининг пневматик милтиқдан ўқ отиш мусобақасида олтин, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган.
Бундан ташқари, Қозоғистонда картинг бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган чемпионатнинг биринчи босқичида «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг картинг спорти секцияси спортчиси, 14 ёшли Ясмина Эгамбердиева «ОК-жуниор» синфида биринчи ўринни эгаллади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти