ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 10:25
Спорт – ҳаракат, олға интилиш, ўз устингда ишлаш, соғлом ҳаёт сари энг катта қадамдир. Спортчининг зиммасида эса катта масъулият ва жавобгарлик бор.
Майдонга биргина ўзинг учун эмас, сенга ишонч билдирган инсонлар, яқинларинг умидини сўндирмаслик, уларнинг сен билан боғлиқ орзуларини рўёбга чиқариш учун ҳам тушасан. Ва яна энг катта масъулият – Ватан шаъни, шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаш. Бу ҳар бир спортчининг энг буюк орзусидир. Бу сўзларни мураббий сифатида шогирдларимга қайта-қайта таъкидлашдан эринмайман.
2007-2011 йилларда Наманган Давлат университетининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетида таълим олдим. 2012-2014 йилларда таҳсилнинг магистратура босқичини ҳам мазкур олий ўқув юртида давом эттирдим. Шундан сўнг Наманган муҳандислик-технология институти жисмоний тарбия ва спорт кафедраси ўқитувчиси бўлиб ўз меҳнат фаолиятимга илк қадамни қўйдим.
Ўтган йиллар давомида спортнинг муай-тай тури бўйича 14 нафар Ўзбекистон спорт устасининг етишиб чиқишига эришган бўлсам, шогирдларим орасидан 2 нафар жаҳон, 4 нафар Осиё, 50 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионларини ҳам тайёрладим. Улар ва 122 нафардан зиёд мамлакат чемпионати совриндорлари бўлган шогирдларим – тинимсиз меҳнат, шуғулланиш, ўзимизга бўлган қатъий ишончимиз ва ҳаракатимиз самараси, албатта.
Бугун шогирдларим орасида Ўзбекистон чемпионлари Жавлонбек Йўлдошев, Муяссар Қамбаралиева, Хуршидбек Нуруллаев, Паризода Ҳабибжонова, Фотима Қамбарова, Дилнавоз Ғойиббердиева, Зуҳриддин Жумаев, Одилжон Мирзаумаров, Гулчеҳра Умароваларнинг номларини алоҳида эътироф этишим жоиз. Шунингдек, ёш спортчиларимиздан ҳам умидим катта. Уларнинг спортга бўлган кучли меҳри ва ўзига нисбатан талабчанлигидан қувонаман, олдиларига қўйган катта мақсадларга, албатта етишларига ишонаман.
Муай-тай шарқона якка кураш жанг санъатлари орасида энг қийини ҳисобланиб, техникаси спортчига узоқ, ўрта ва яқин масофада тенг даражада яхши жанг қилиш имконини беради. Ўзим ҳам йигирма йил давомида шу билан шуғулланганман. Ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда уч карра, катталар ўртасида икки карра мамлакат чемпиони бўлдим. Буларни нега айтаяпман? Чунки, спорт-нинг ҳар бир ғалабаси катта тажриба демак. Спортчи ҳатто мағлубиятидан ҳам сабоқ олмоғи керак. Устозларимнинг бу каби ўгитларига амал қилиб, кам бўлмаяпман.
Мураббийлик билан биргаликда Наманган муҳандислик-технология институтида талабаларга сабоқ бермоқдаман. Ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири – 2021 йилда Республика Олий аттестация комиссияси Наманган муҳандислик-технология институти кенгашининг тавсиясига кўра, «Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси» ихтисослиги бўйича илмий ишимни муваффақиятли ҳимоя қилиб, доцент илмий унвонини олишга муяссар бўлганимдир.
Одатда, спорт деганда инсонлар кўз олдига фақат машғулот ва спорт мусобақалари келади. Бироқ бу жараённинг ҳам ўзига хос назарияси ва методикаси борлигига ва бу бошқа фанлардан сира фарқ қилмаган ҳолда жуда мураккаб, изланиш ва ўқиб-ўрганишни талаб қилишига кўп ҳам эътибор қаратилмайди. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида мамлакатимиз ўзига хос тажрибага эга. Бу йўналишда ҳали кўп илмий тадқиқотлар ўтказилиши зарур ва бу соҳа ривожига хизмат қилади.
Мақсадим – илмий изланишда давом этиш, бор билим ва тажрибамни соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод камолоти йўлида сарфлаш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши ва меҳрини янада кучайтиришга эришиш. Бунга эришиш учун олий таълим даргоҳимизда биз учун барча шарт-шароитлар бисёр. Айниқса, сўнгги йилларда институт моддий-техник базасининг кескин даражада мустаҳкамлангани жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчилари ва талабалар учун катта имкониятларни туҳфа этди. Талабалар йилнинг тўрт фаслида узлуксиз спорт машғулотларига қатнашади. Қолаверса, институтга бириктирилган маҳаллалардан ҳам йигит-қизлар спорт секциялари иштирокчиси ҳисобланади. Улар орасидаги уюшмаган ёшларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Чунки, улар шу йўл орқали ҳаётда ўз йўлларини топиб олишлари мумкин.
Ҳали олдинда режаларим кўп. Айниқса, мураббий учун шогирдлари ғалаба қозониб, жаҳон ареналарида Ватан байроғининг кўтарилишидан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Мен бундай ҳаяжонли лаҳзалардаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Муҳими, ҳаётим бесамар ўтмаяпти. Ана шунинг ўзиёқ менга катта куч бағишлайди.
Улуғбек ҚЎЧҚОРОВ,
Наманган муҳандислик-технология институти жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи, доцент.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти