ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 02:12
Республикамизда, жумладан, вилоятимизда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада Буюк Британия, Россия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилиб, бир неча босқичли синовлардан ўтган ишончли вакциналарни қўллаш кўзда тутилмоқда.
Шу мақсадда даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналари учун ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан ажратилган 162 та совутгич ва стабилизаторлар, 440 дона термосумкалар тақсимот асосида тарқатилди. Вакциналарни хавф-хатарсиз етказиб берилишини таъминлаш учун шаҳар ва туманларга 13 та замонавий «Чанган» рефрижератор автотранспорт воситалари ажратилди. Белларига «Ўзбекистон Республикаси иммунизация дастури» ёзувлари муҳрланган автомашиналар эл-юрт саломатлиги йўлида энг шарафли вазифани адо этишга шай қилиб қўйилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармасида ана шу транспортларнинг тақдимот маросими ўтказилди.
Санитария-эпидемиология соҳасининг барча ходимлари, тизим раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тақдимот маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясини жиловлаш борасида шахсан Президентимиз томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам ва ғамхўрликлар ҳақида тўхталди. Соҳанинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарларига автомашиналар калитларини топширди.
Шундан сўнг «Сайхун» меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Раҳмонжон Абдуллаев ва унинг жамоаси вакиллари вакцинация хусусида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб, оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоблар беришди.
Рислиқхон МАЖНУНОВА.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти