Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 04:52

Технология

«Чортоқ» сувлари – дунё бозорида!

  • 11.Октября.2023
  • 580

Чортоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Chortoq mineral water» қўшма корхонаси томонидан минерал сув ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган навбатдаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаси - янги қувватлар ишга туширилди.

Шифобахшлиги бўйича дунёнинг етакчи брендлари маҳсулотларидан асло қолишмайдиган Чортоқ минерал сувлари ички ва ташқи бозорда харидоргир ҳисобланади. 

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш бўйича мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этишга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Чортоқ туманида саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайиб, юқори суръатда ўсгани эътироф этилди. Бундай салмоқли ютуқларга эришилишида «Chortoq mineral water» қўшма корхонасининг муносиб ҳиссаси бор.

2015 йил июль ойида Нидерландиянинг «Buncra BV» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур корхона Чортоқсой дарёси тубидан шифобахш сувни шиша идишларга қадоқлаш заводини барпо этишга ихтисослаштирилган. Жамият томонидан икки босқичдан иборат минерал сув ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлиб, у маҳаллий тадбиркор, I даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Баҳодир Абдураимов шахсий маблағи, банк кредити ва хорижий инвестиция эвазига амалга оширилиши белгиланганди.

2019 йили Жанубий Корея давлатининг «JK Engineering Co» фирмасидан сўнгги турдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар келтирилиб, 61 та янги иш ўрни яратилди. Ўша йилнинг ўзида Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Италия, Германия, Туркия ва Беларусь давлатларига 800 минг долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришилди. Бу кўрсаткич ўтган 2022 йил якунлари билан 2,2 миллион долларга етказилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса экспорт портфели 2,6 миллион доллар, бюджет тўловлари 15,1 миллиард сўмни, ишчилар сони 213 нафарни, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 137,8 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида иккинчи босқичда кўзда тутилган ишларни бажаришга киришилиб, 15,6 миллион доллар маблағ ҳисобига қўшимча 200 та янги иш ўрни яратилди. Туркия, Италия ва Франция давлатларидан сўнги русумдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар келтирилиб ўрнатилди. Тунис, Молдова, Доминикан Республикаси, Иордания, Италия мамлакатларидан етакчи муҳандис-технологлар жалб этилиб, улар маҳаллий мутахассисларга янги ускуналарни ўзлаштиришни ўргатмоқда. 

Янги қувватларнинг ишга тушиши натижасида, корхонада йиллик 50 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини 8 миллион долларга етказиш имконияти вужудга келди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов, «Нуроний» жамғармаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, хорижий ҳамкорлар ва тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь