ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 01:08
2022 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.
– Мазкур қарор билан норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга ва кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарни ҳисоблаш, қоплаш ҳамда ундириш тартиби белгиланди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобилжон Мираҳмедов. – Норуда материаллар деганда таркибида металл бўлмаган, очиқ ёки карьер усулида қазиб олинадиган, табиий ҳолича, тозалаб ёки қайта ишлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ёхуд бошқа мақсадларда фойдаланиш учун яроқли бўлган қум, шағал, қум-шағал аралашмаси, мармар, гранит, гил ва гилли жинслар, табиий тош, оҳактош, гипс, мергель каби фойдали қазилмалар тушунилади. Қазиш жараёнида ифлослантирувчи моддаларнинг жилғалар, сойлар, дарёлар ва очиқ каналлар ҳамда коллектор-дренаж тармоқларига, жойларнинг рельефига оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарар ҳам назарда тутилади. Қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши қуйидаги ҳолатлардан келиб чиқиб аниқланади:
– кондан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид рухсатномада кўрсатилган мақсадларда фойдаланмаслик;
– норуда материалларни қазиш ишларини лойиҳадан ва ёки фойдаланишга берилган ер қаъри участкасининг майдони ва ёки чуқурлигидан четга чиққан ҳолда амалга ошириш;
– рухсатномада кўрсатилмаган кон участкаларда кон қазиш ишларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш, карьер майдонлари чегараларида норуда материалларни қазиб олишнинг белгиланган муддатларига амал қилмаганлик;
– ер участкаларида қазиш ишларини амалга оширишдан аввал, фойдали қазилма устида жойлашган ерларнинг тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва алоҳида жойлаштириш ҳамда бузилган ер участкаларини қайта тиклаш (рекультивация қилиш)да фойдаланмаганлик;
– ер қаъридан фойдаланиш рухсатномаси муддатлари тугаганда ёки зарурият қолмаганда бузилган ер участкаларини ўз ҳисобидан фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирмаганлик;
– фойдаланиб бўлинган ер участкаларини фойдаланишга берган органларга белгилаган тартибда топширмаганлик;
– дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартибига риоя этмаганлик.
Ер қаъри участкалари жойлашган ҳудудларда ҳамда норуда конлари жойлашган участкаларда рейдлар ўтказилганда, қазиб олиш учун берилган рухсатноманинг шартлари бузилганда ва конларни ўрганиш жараёнида зарарлар аниқланади. Табиий объектларга етказилган зарарлар миқдори давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органлар томонидан ҳисобланади. Бу бўйича ҳисоб-китоблар нусхаси уч кун ичида ҳуқуқбузарлик содир этганларга тилхат билан топширилади ёки жўнатилади. Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт.
Таъкидлаш ўринлики, Табиат ресурслари вазирлиги масъул ходимлари, ҳудудий давлат инспекторлари, ҳудуддаги норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида амалий семинар ўтказилиб, норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний равишда қазиб олинганлиги учун зарарни ҳисоб-китоб қилиш тартиблари тушунтирилди. Шунингдек, қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятдаги норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи тадбиркорлик субъектларига қарор талабларига риоя қилиш, белгиланган участка чегараларидан четга чиқмаслик, чуқур қазиш ишларини олиб бормаслик ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонунчиликка риоя этилиши юзасидан тавсия хатлари тарқатилди. Қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида видеолавҳа тайёрланиб, телевидениеда ёритилди.
Бироқ олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишларига қарамай, ўтказилган рейд тадбирлари давомида Поп туманидаги Чинор маҳалласида тадбиркорлик субъекти томонидан тегишли рухсатнома олмай, ноқонуний равишда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолати аниқланди. Ушбу қонунбузилиш юзасидан хавфни таҳлил этиб, белгиланган тартибда текшириш ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига буюртма киритилди.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти