Қисқа сатрларда

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

23 April, 2024, 01:46

Технология

Хурмо қуритиб миллионерга айланган ака-укалар

  • 30.Апреля.2022
  • 856

Каркидонлик Акмалжон Суюновнинг асли касби мусиқа ўқитувчиси. У дунё кўришга бўлган иштиёқи туфайли корейс тилини ўрганди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқиш учун Кореяга кетди. 

– Бу ғоя Жанубий Кореяда  яшаётган пайтимда туғилган. Дўкондаги расталарда хурмо қоқисининг донаси бизнинг валютамизда ҳисоблаганда 10-11 минг сўмга сотилаётганини кўриб таажжубландим. Наҳотки, бизда олдинига тахирлиги учун ейилмайдиган, кейин эса ичи юмшаб «атала» бўлиб қолгани учун ташлаб юбориладиган хурмо шунчалик тотли егуликка айланса, деб ҳайрон қолганман. Ватанимга қайтгач албатта, буни тайёрлашни ўзимга мақсад қилган эдим, ниятимга етдим, – дейди суҳбатдошимиз.

Акмалжон интернет маълумотлари асосида хурмо қоқиси тайёрлаш технологиясини ўрганиб, амалда қўллай бошлади. Уч йил аввал оиласи билан бирга боғидаги хурмоларни териб, пўстлоғидан ажратиб, ипга териб ишкомларга осиб қўйишди. Кузги қуёшнинг тиғида 30-40 кунда хурмо қоқилари тайёр бўлди. Аммо, тонналаб хурмоларнинг пўстлоғини артиш кўп вақт ва меҳнат талаб қиларди.  Бунинг ҳам йўли топилди. Бу ишда Акмалнинг укаси, тумандаги 75-мактабнинг 8-синфида ўқиётган Озодбекнинг ихтирочиликка қизиқиши қўл келди. Ёш ихтирочи бир ярим йил деганда хурмонинг пўстлоғини тозалаб берадиган дастгоҳ яратди. Хурмо қуритиш технологияси лойиҳасини тайёрлаб, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги «Ёшлар академияси» томонидан эълон қилинган  «Инновацион ғоялар етакчиси» танловига тақдим қилди. Лойиҳани эса «Қуёш томчилари» деб номлади. 

– Хурмонинг ранги ва шакли худди қуёшга ўхшагани, гулидан то майизигача қуёшнинг аҳамияти катта бўлгани учун ҳам айнан шундай номладим, – дейди ёш ихтирочи. 

Танловда муваффақиятли қатнашган Озодбек Суюнов 335 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. Бу дастгоҳ билан қўл меҳнати анча тежалиб, иш унумдорлиги ва сифати ҳам ошди. Кунига 1 тоннагача хурмо пўстлоғини тозаладилар. Омилкор ака-укалар фаолиятларини кенгайтириб, «Қуёш томчилари» МЧЖга асос солишди. Акмалбек корхона раҳбари. Бу иш оиланинг асосий бизнесига айланди. Ҳозир унинг цехида 7 та шундай дастгоҳ бор. Мавсумда 20 га яқин ишчи ишлайди.

– Ўтган йили 18 тонна хурмо қуритиб, Россия давлатига экспорт қилдик. Соф даромад 70 миллион сўмни ташкил этди. Ишимизни ривожлантириб, маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш ҳаракатидамиз, – дейди  Акмалжон. – Ҳовлимиз 16 сотих. 3 сотих жойда Корея технологияси асосида иссиқхона қуриб, саримсоқпиёз, помидор ва қулупнай етиштиряпмиз. Ҳовлининг бир четида қурилган мўъжазгина хонада кунига 4 тоннагача мева қуритадиган мосламалар ўрнатиляпти. Қишлоқнинг Сулаймонобод адирлигидаги 4,5 гектар ерда каврак плантацияси барпо этдик. Сувсизликка чидамли каврак Ҳиндистон тиббиётида шифобахш ўсимлик сифатида жуда қимматли хомашё ҳисобланади. 

Шоҳида ДАМИНОВА,
Чуст  тумани.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь