Қисқа сатрларда

200 кВт.соат лимит оширилишига асос мавжуд эмас — Энергетика вазирлиги

Ахсикентда ноёб экспонатлар ва Абу Наср Форобий қаламига мансуб китоб топилди

Чиқиндини қаерга ташлайлик?!

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви: таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланди

Ахсикент ҳақида тарихий фильм яратилади

12 July, 2024, 08:55

Технология

Илмий-инновацион йўналишларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади

  • 12.Мая.2023
  • 1726

Вилоят маданият марказида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг 80 йиллик юбилейи ҳамда Фарғона водийсида фан ва технологиялар йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Наманган муҳандислик-технология институти ҳамкорлигида ташкилланган анжуманда академиклар, водий вилоятларидаги олий таълим муассасалари ректорлари ва етакчи профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, тадқиқотчилар иштирок этдилар. 

Конференция аввалида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси президенти Беҳзод Юлдашев, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов юртимиз янги қиёфа касб этаётган, барча соҳалар, хусусан, илм-фан ҳам янгиланаётган айни кезда мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, моддий-маданий меросимизни чуқур ўрганиб, амалга оширилган илмий-тадқиқотларга таянган ҳолда мустақил миллий тараққиёт йўлини янги босқичда давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Анжуманга Наманган вилояти мезбонлик қилаётгани, қолаверса, Фанлар Академиясининг 80 йиллик юбилейига бағишланган тадбирга улангани бежизга эмас, – деди Беҳзод Юлдашев. – Ўз бағрида элликка яқин академикларни вояга етказган водий аҳли бунга тўлиқ ҳақлидир. Академиямиз аъзолари орасида Фарғона водийси фарзандлари – Иброҳим Абдураҳмонов, Комилжон Тожибоев, Сирожиддин Зайнабиддиновларнинг борлиги эътиборга молик.

Илм-фан ва таълимни ривожлантиришга оид долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил қилиш, барча йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш ва унинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда кўмаклашиш бугуннинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада Фанлар Академиясининг илмий ташкилотлари фидокорона меҳнат қилмоқда. 

Фанлар Академияси илмий ташкилотлари ҳудуддаги университет ва институтлар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ва амалий натижаларни тадбиқ этиш ишларини кенгайтириб, янада ривожлантириб бормоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда академия мутахассислари раҳбарлигида водий вилоятларидан 170 нафар ходим ўз илмий-тадқиқот мавзуларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, фалсафа – PhD ва фан докторлари – DSc илмий даражасига эга бўлишди. 

Анжуманнинг дастлабки маърузалар қисмида Ўзбекистонда энергетиканинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, водий ҳудудларида пахта ва ғалла экинлари ҳосилдорлигини ошириш, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги сейсмик хавфлар борасида илмий-амалий жиҳатдан фикр-мулоҳазалар билдирилди. НамМТИда Академия президенти иштирокида вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг талабалари билан учрашувлар ўтказилди. 

Анжуманда қайд этилганидек, сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишга эътибор кучаймоқда. Хусусан, бошланғич ва ўрта махсус таълим тизими қайта ташкил этилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 

Икки кунлик анжуманда Фарғона водийсида фан ва технологияни ривожлантириш масалалари фаол муҳокама қилиниб, олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самараси, таклиф этилаётган лойиҳалар мазмун-моҳиятига соҳа вакиллари эътиборини қаратиш орқали мавжуд муаммоларга илмий томондан ечим топишга эътибор қаратилди.

Конференция якунларига кўра, олий таълим муассасаларида илмий-инновацион йўналишларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш,  шу жумладан, фундаментал ва амалий грант лойиҳалари бўйича халқаро танловларда биргаликда иштирок этиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали дўстона алоқаларни янада кенгайтириш, илм-фанни ривожлантириш асносида ишлаб чиқариш корхоналаридаги долзарб масалаларни илмий жиҳатдан ҳал этиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь