Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 07:17

Технология

Ислоҳотлар – янги босқичда

  • 02.Августа.2022
  • 782

Бугунги кунда институтимиз дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйди. АҚШ, Германия, Россия, Белоруссия, Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғистон ва Тожикистон каби ўндан ортиқ давлатлардаги энг нуфузли ОТМлар билан саксондан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Келишувлар асосида, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг алмашинуви дастурлари, илмий инновацион йўналишларда нуфузли анжуманлар ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, магистрант ва таянч докторантларнинг илмий ишларига ҳамкор хорижий олий таълим муассасаларидаги етакчи олим ва профессорларни илмий раҳбар сифатида тайинлаш борасидаги ишлар натижаларини бермоқда. 

Шунингдек, дунёнинг топ-1000 рўйхатидан ўрин олган Белоруссия миллий техника университети ҳамда Россия Федерациясининг Саратов Давлат техника университети билан ҳамкорликда 2+2 дастури амалга оширилмоқда. Мазкур ўқув йилида эса Туркиянинг ўндан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, меморандумлар имзоланди. Унга кўра, ўқув йили сўнгида ўн икки нафар магистрантимиз Туркиянинг Токат шаҳридаги Газиосманпаша университетида, ўн тўрт нафар профессор-ўқитувчимиздан иборат делегациямиз Измир шаҳридаги Эге университети ҳамда Карабук университетларидаги стажировка жараёнларида иштирок этишди. 

Шу билан бир қаторда, институтимиз халқаро лойиҳалардаги иштирокини ҳам фаоллик билан олиб бормоқда. Куни кеча АҚШнинг Виржиния технология университети профессори Тиффаний Дрейп хоним Европа Иттифоқининг ЭРАСМУС лойиҳаси ёрдамида навбатдаги волонтёр сифатида институтимизга таклиф этилди. 

Айтиш керакки, АҚШнинг нуфузли университетларидан волонтёрларни таклиф этиш жараёни янги ўқув йилида ҳам давом этади. Сентябрь ойида АҚШнинг яна бир университетидан муҳандислик графикаси бўйича ана шундай волонтёрни таълим жараёнига жалб этиш режалаштирилган. Шунингдек, Наманган муҳандислик-технология институти АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, океан орти давлатининг юртимиздаги консуллиги каби қатор дипломатик корпуслар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 

Апрель ойида эса институтимизга АҚШнинг юртимиздаги Бош консули Роберт Романовский ташриф буюрди. Биз консул жаноблари билан талабаларимизнинг Америкадаги энг нуфузли олий ўқув юртларига халқаро лойиҳалар доирасида алмашинув дастурларида иштирок этиш масалаларини келишиб олдик. Шунингдек, институтимиз Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда элчи Маниш Прабхат билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Элчи Маниш Прабхат ташаббуси билан «Ҳиндистон ўқув хонаси» фаолияти республикамизда биринчилардан бўлиб айнан бизда ташкил этилганлиги ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин намунасидир. 

Айни кунларда Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртларидаги илғор технологияларни ўрганиш мақсадида олти нафар профессор-ўқитувчидан иборат делегация хизмат сафари билан Деҳли шаҳрида бўлиб турибди. Сафар давомида қатор йўналишларда бир қанча олий ўқув юртлари билан янги ҳамкорлик шартномалари имзолашни режалаштирганмиз. 

Айни чоғда институтимизда 330 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Улардан 202 нафари илмий даражали профессор-ўқитувчи бўлиб, 39 нафари фан доктори, профессор, 163 нафари фан номзоди, доцент ва фалсафа доктори (PhD). Илмий салоҳиятимиз эса  бугунги кунда 61,2 фоизни ташкил этади. Илмий даражалар берувчи кенгашлар сони учтага етди. Мазкур кенгашларда ўн битта ихтисослик бўйича диссертация ҳимояси амалга ошириб келинмоқда. 

Мазкур ўқув йилида умумий қиймати 12,255 млрд. сўмлик 18 та Республика, қиймати 347,2 минг АҚШ долларига тенг бўлган 7 та халқаро лойиҳалар бажарилмоқда. Ҳар бир лойиҳа юзасидан янги 6 та илмий лаборатория ташкил этилди. Институт моддий-техник базасини кучайтириш борасида сўнгги икки йилда чет эл грантлари ҳисобига  66 000 АҚШ доллари қийматидаги учта лаборатория жиҳозлари, 1,5 млрд. сўмлик тўқув-йигирув дастгоҳлари ва зарур ускуналар ўрнатилди. Жаҳон банки грантлари асосида 11,2 млрд. сўмлик олтита лаборатория жамланмаси келтирилиб, ўқув ва илмий жараёнга тадбиқ этилди. Илмий лойиҳалар ҳисобига еттита замонавий лаборатория, талаба-ёшларнинг илмий ғояларини ҳаётга тадбиқ этишга мўлжалланган «IT-PARK» ташкил этилиб, бу мақсадларга 550 млн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. 

Мазкур йўналишларда амалга ошираётган ислоҳотларнинг самараси сифатида жорий ўқув йилида институтимиз талабалари умумий қиймати 617 млн. сўм бўлган  еттита «Стартап» лойиҳаси ғолиби бўлганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Беш нафар талабамиз давлат стипендияси соҳиби бўлган бўлса, улардан бир нафари Ўзбекистон Президенти стипендияси соҳибига айланди. «Улуғбек ворислари» Республика танловида эса йигирмадан ортиқ талабамиз ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, алоҳида эътироф этилди. Яна тўрт нафар вакилимиз «Илм-фан соҳасидаги хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Одилжон МАМАТКАРИМОВ, 
Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь