Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 12:00

Технология

Наманган чарм саноати соҳасида янги лойиҳалар амалга оширилади

  • 07.Ноября.2023
  • 395

Кундалик турмушимизда аҳолининг озиқ-овқат, ҳусусан, гўшт маҳсулотларига бўлган талаби кун сайин ўсиб бораётгани сир эмас. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда чорвачиликни жадал ривожлантириш, соҳага илғор технологияни жорий этишга устувор аҳамият қаратилиб, жойларда чорва бош сонларини кўпайтириш, улардан олинаётган бирламчи маҳсулотларни  қайта ишлаш орқали аҳоли дастурхонини  янада тўкин қилиш, саноатни эса зарур хомашё билан тўлдиришга муваффақ бўлинмоқда. 

Масалан, маълумотларга қараганда, бугунги кунда вилоятимизда 1,8 миллион бош қорамол парваришланмоқда. Йилига уларнинг 500 минг бошдан кўпроғи гўшт ва тери олишга йўналтирилади. Бу вилоятда чарм саноати, хусусан, пойабзал ишлаб чиқариш қувватларини етарли хомашё билан таъминлашда ҳам катта имконият, дегани.

Айтиш лозимки, маҳаллий ҳунармандчилик тараққий этган  бу ҳудудда қорамол терисини қайта ишлаш бўйича етарли тажриба тўпланган. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган кўнчилик кейинги йилларда саноат даражасига кўтарилиб, пойабзалчилик корхоналарининг хомашё масаласида импортга қарамлиги мунтазам камайтириб борилмоқда. Ҳозирги пайтда «Ўзчармсаноат» уюшмасининг ҳудудий бошқармасига бирлашган корхоналар йилига 600 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрланяпти. Унинг 14 миллион АҚШ долларига тенг қисми экспортга чиқарилаётир. Кейинги беш йил давомида 30 миллион долларга тенг қийматдаги 50 дан зиёд лойиҳалар рўёби билан қувватлар ҳажми тўрт бараварга ортиб, 10 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Айтайлик, 2017 йилда фаолият бошлаган «Нафис чарм» масъулияти чекланган жамиятида ўрнатилган замонавий  воситалар кўмаги билан корхонада самарали технологик занжир яратилган. Йилига 300 мингта терига ишлов берилиб, 100 миллиард сўмлик тайёр маҳсулотга айлантираётган корхона Португалия, Хитой, Россия ва Қозоғистон давлатлари билан 6 миллион долларга тенг ташқи савдо амалиётларини бажармоқда. Бошқа бир лойиҳа – «Грант чарм пойабзаллари» масъулияти чекланган жамиятида дастлабки босқичда 100 минг жуфт маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган қувватлар яратилган эди. Эллик киши меҳнат қилаётган корхона эндиликда навбатдаги лойиҳа ижросига киришди. Наманган шаҳридаги собиқ «Электротерм» МЧЖнинг фойдаланилмай турган биноси сотиб олиниб, 5 миллион доллар қийматдаги технологик қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. У ниҳоясига етиши билан, 2024 йил охиридан пойабзал таглиги ва бошқа  бутловчи қисмлар тайёрлашни ўзлаштириш орқали айни пайтда Хитойдан келтирилаётган 200 минг долларга тенг ашёлар импортига чек қўйилади.

Истеъмол бозорини чарм-галантерия маҳсулотлари билан тўлдиришда бугун вилоятдаги тўрт корхона фаол иштирок этмоқда. «Назифа чарм текстиль» масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган болалар ва аёллар сумкалари ўзининг пишиқлиги ва дизайни билан харидорлар эътиборини қозонган. Хўжалик юритиш субъектида меҳнат қилаётган 50 киши ойига 10 минг донадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқараётир. Йиллик экспорт ҳажми эса ярим миллион долларга етди. 

Тизимдаги корхоналарга бирламчи хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларни етказиб беришда  учта автоматлаштирилган қушхоналарнинг илғор технология билан жиҳозланиши имкониятлар эшигини очди. Улардан бири – «Намангангўшт»  масъулияти чекланган жамиятида йилига 50 минг бош қорамол сўйилиб, дастлабки ишловдан чиқарилади. Корхона бугунги кунда Наманган шаҳридаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига ҳар ойда 200 тоннадан ортиқ гўшт етказиб беришдан ташқари ҳамкорликдаги субъектларни юқори сифатли қорамол териси  билан таъминламоқда. 

– Соҳани давлатимиз томонидан изчил қўллаб-қувватланиши, айниқса, кўплаб тўловлар бўйича имтиёзлар яратиб берилганлиги истиқболли лойиҳалар ижросига қанот бағишламоқда, – дейди «Ўзчармсаноат» уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Оқилжон Нажмиддинов. – Масалан, кейинги пайтларда ягона солиқ тўлови бўйича 10 миллиард сўмликдан кўпроқ, божхона тўловларидан эса 15 миллиард сўм маблағнинг корхоналар ихтиёрида қолдирилиши жойларда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, биноларни реконструкция қилиш тадбирларига йўналтирилди. 

Дарҳақиқат, чарм саноатига қаратилаётган эътибор соҳадаги корхоналар фаолиятини кенгайтириш баробарида кўплаб тадбиркорлик субъектларининг мазкур йўналишга бўлган қизиқишини орттирмоқда. Мисол учун, Уйчи туманида амалга оширишга киришилган йирик лойиҳа орқали чорвачилик, гўшт етиштириш, терини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот кўринишига келтиришга ихтисослашган кластер вужудга келтирилади. Бунинг учун 10 гектар майдон ажратилган. Бу ерда жамланадиган  бешта корхона томонидан 45,1 миллиард сўм қийматдаги 10 та лойиҳа рўёбга чиқарилади. Бундан ташқари, Поп ва Косонсой туманларида ҳам терини йиғиш ва саралаш корхоналари очилади.

Вилоятда амалга оширилаётган бу сингари тадбирлар ҳудудлар иқтисодиётини мустаҳкамлаш баробарида ҳисоби юқори бўлган табиий хомашёни ишлаб чиқаришга жадал йўналтирилиши билан аҳамиятли. Бироқ, айрим жойларда мавжуд имкониятдан фойдалана олинмаётгани ҳам бор гап. Чунончи, Учқўрғон, Норин туманларида чарм саноати ва пойабзалчилик бўйича бирорта лойиҳанинг амалга оширилмаганлиги кишини таажжубга солади. Нима, уларда соҳа фаолиятини йўлга қўйиш учун шарт-шароит йўқми ёки тадбиркорларни бу ишга жалб этишда бошқарув идораларининг ташкилотчилиги етишмаяптими?!

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь