ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34895
04 December, 2024, 03:50
Муҳаммадзоҳир Исахонов Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олади. Ўқишлари аъло, синф сардори. У дарсдан бўш вақтини тадбиркорликка йўналтириб, рўзғор юритишда оиласига молиявий кўмак бермоқда. Жорий йил ёзида хонадонида мўъжаз ферма ташкил қилиб, 7 минг бош бедана парвариши билан шуғуллана бошлаган эди. Иши юришиб кунига 6 500 дона тухум оляпти.
— Аввал бошда ўғлимнинг бизнес режасига унча ишонмагандим, — дейди ёш тадбиркорнинг отаси Султонхон Меҳмонов. — Шундай бўлсада унга бошланғич сармоя учун 10 минг доллар маблағ бердим. Нияти қатъий экан, гапининг устидан чиқди. Беданалар боқувида оила аъзоларимиз, қўшнилар яқиндан ёрдам беришяпти.
Хонадон фермасида етиштирилган тухумни сотиш тизимли асосда йўлга қўйилган. Ҳар куни махсус автомашина орқали савдо тармоқларига юборилади. Ҳозирги кунда ёш тадбиркор учта ишчи ўрни яратишга эришган бўлиб, кунлик даромади қарийб икки миллион, ойлик соф фойдаси эса 30 миллион сўмга етмоқда. Муҳаммадзоҳир яқин ойларда фермасини кенгайтиришни ҳамда ишчилар сонини 20 нафарга етказишни режалаштирмоқда. Орзуси мактабни аъло баҳолар билан тугаллаш, олий маълумот олгандан сўнг кичик фермасини парранда тухуми, гўшти етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган йирик компанияга айлантириш.
Қудратилла Нажмиддинов, “Халқ сўзи”.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти