Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 07:07

Технология

Наманганнинг марказий иситиш тизими афзалликлари республикамизда оммалаштирилади

  • 12.Октября.2022
  • 998

Мамлакатимизда аҳолининг  талаб ва эҳтиёжлари асосида дастурий ислоҳотлар  амалга оширилиб, халқни  рози қилиш сари кенг кўламли саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.  Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги «Наманган вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида  Наманган шаҳри, Давлатобод туманидаги 1-марказий қозонхонани қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, шу йил август ойида ишга туширилганди. Натижада,  350 та кўп қаватли уйдаги 16 316 хонадонда яшовчи 382 минг нафар аҳоли ва 37 та ижтимоий соҳа биноси  иссиқлик билан таъминланди.   

Кўп қаватли уйларни қиш мавсумида иситиш бўйича Наманган шаҳрида амалга оширилган тизимли ишларни мамлакатимиз бўйлаб оммалаштириш мақсадида республика амалий-семинари ўтказилди. Тадбирда вилоятлар ҳокимларининг капитал қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича ўринбосарлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари бошлиқлари  ва соҳага дахлдор масъул мутасаддилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. 

Дастлаб меҳмонлар Давлатобод туманидаги 1-марказий қозонхонанинг  фаолияти ва жиҳозланган ускуналарнинг қулайлиги ҳамда имкониятлари  билан яқиндан таништирилди. Тегишли мутахассислар тўртта қозон ва бешта сув  насоси тармоқларининг ишлаши,  қуввати ва бошқа кўрсаткичларини таҳлилий баён қилиб, амалиётда кўрсатишди. Қозонларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги, аввалгиларидан фарқли ўлароқ,  босим тушиб кетганида ҳам ишлайвериши алоҳида таъкидланди. Бошқарув пультининг «онлайн» тартибда назорат қилиниши эътироф этилди. Ёнилғини тежаш кўрсаткичи 40 фоизга тенглиги  ҳисобга олинса, қозонхонанинг исрофдан ҳоли экани ва  иқтисодий жиҳатдан аҳамияти маълум бўлади. Янги тортилган 64 километр иссиқлик  узатиш тармоғида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай носозлик махсус импульсли рефлектометр ёрдамида аниқланади ва қайси манзилдалиги  кўрсатилади. 

– Президентимизнинг 2021 йил 18-19 февраль кунлари  Наманганга ташрифида берган топшириқлари ижроси юзасидан Наманган шаҳрининг марказлашган иссиқлик тизимини қуриш ва реконструкциялаш учун республика бюджетидан 15 миллион доллар ажратилди, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Қурбон Турсунов. – Ўтган давр мобайнида бу борада бажарилган ишларни кўриб турибмиз. Асосий мақсад аввало, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиб, уларни рози қилиш  бўлса, иккинчидан,  кўп қаватли уйларни иситишда энг замонавий ва тежамкор технологиялар воситасида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш  шу бугуннинг энг долзарб талабларидан биридир. Қолаверса, тизимнинг  хавфсизлик техникаси нуқтаи назаридан ҳам бир қатор афзалликларга эгалиги айни муддаодир. 

Қисқача қилиб айтганда, семинарда дахлдор мутасаддилар қатнашяпти. Наманган тажрибасини мамлакатимизда оммалаштиришни кўзлаганмиз. Ва ишончимиз комилки,  ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилинишида  бундай чора-тадбирлар  кутилганидек  ўз самарасини беради.

– Янги қурилган иситиш тизимининг барча афзалликларини кўрдик, яқиндан танишдик, ўргандик, – дейди  Қашқадарё вилояти «Иссиқлик таъминоти» давлат унитар корхонаси директори Қаҳрамон Жўраев. – Бутун мамлакатимизда бўлганидек,  Қашқадарёда ҳам қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивларини иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлашда Наманган тажрибасини қўллаш юзасидан мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Албатта,  давр талабидаги  инновацион техникаларни ҳаётимизга татбиқ этсак, бундан фуқаролар ҳам, таъминотчилар ҳам  бағоят мамнун бўлиши шубҳасиздир.

Семинар қатнашчилари  янги модернизация қилинган иситиш тармоғига уланган Мустақиллик, Навбаҳор ва Тўқувчи маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлардаги хонадонларда бўлиб,  бажарилган ишлар  билан танишишди.

– «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз», деган инсонпарвар  ғоянинг ҳаётдаги амалий ифодасига гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди тумандаги 61-уй, 31-хонадонда яшовчи  Ҳожалхон Ҳасанова. – Бутун иситиш тармоқларимиз янгиланди. Ишчи-ходимлар ҳам астойдил меҳнат қилишди. Мана кўриб турганингиздек, хонадонимизда иссиқ сув ва иссиқлик бор. Амалга оширилган ишлардан маҳалламиз аҳли, қўшниларимиз ҳам жуда хурсанд. Кўчаларимиз обод, умуман шароитларимиз яхши. Бундан бир неча йил аввал иссиқликни бериш тўхтатилган эди. Ўтган йиллар мобайнида ўзимиз, ҳар ким ўз билганича турли  иситкичлардан фойдаланган ҳолда, қийналиб  уйимизни иситиб, қишни ўтказардик. Ҳаммаси  ортда қолди. Президентимиздан, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларидан, умуман шундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча мутасадди-ю мутахассислардан миннатдормиз.

Амалий-семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ва вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда  ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этдилар.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
«Наманган ҳақиқати» махсус мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь