Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 03:30

Технология

ОБ-ҲАВОНИ КУЗАТИШ МАРКАЗИ ХАБАР ҚИЛАДИКИ...

  • 20.Мая.2020
  • 1618

Сиз кутмаган суҳбат

 

Янги минг йилликка келиб кўпгина соҳаларда инсон эришмаган ютуқ, забт этмаган чўққи қолмади, ҳисоб. Интернет-у уяли телефонларни қўяверинг-у, об-ҳаво кунлаб, ҳафталаб, ҳатто ойлаб олдиндан айтиб берилаётганига нима дейсиз?!

Бугунги суҳбатдошимиз айнан шу соҳа мутахассисларидан бири – вилоят  гидрометеорология бошқармаси бошлиғи Эркинжон АБДУЛАХАТОВ.

 

– Тўғрисини айтганда, гидрометеорология ходимлари фаолияти тўғрисида гап кетганида кўпчилик юртдошларимизда «улар асосан, об-ҳавони олдиндан айтиб бериш билан машғуллар», деган нотўғри тушунча мавжуд, – дейди Э. Абдулахатов. – Аслида эса, фаолиятимиз қамрови анчагина кенг. Яъни, вилоят гидрометеорология бошқармаси тўрт бўлимдан иборат бўлиб, гидрология бўлими вилоятимиз ҳудудидаги асосан учта йирик – Сирдарё, Қорадарё, Нориндарёдаги постларда мунтазам гидрологик кузатув ишларини олиб боради. Энг эътиборлиси, Учқўрғон туманида жойлашган Норин дарёсидаги кузатув пости ўз фаолиятини 1910 йилда бошлаган ва бир асрдан кўпроқ вақтдан буён мунтазам равишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, вилоят ҳудудидан оқиб ўтган иккита йирик сой – Поп туманидаги Чодаксойда ва Чуст туманидаги Ғовасойда ҳам йил давомида кузатув ишлари олиб борилади. Мазкур гидрологик постларнинг барчасида  қарийб бир аср давомида узлуксиз дарё ва сойлардаги сув оқими маълумотлари кузатиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса, юз бериши мумкин бўлган табиий офатларнинг олдини олишдир. Яъни, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда дарё ва сойларда сел сув тошқини хавфига мойил ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари аниқланиб, уларни хавфсиз ҳудудларга кўчириб ўтиш тўғрисида туман ҳокимликларига кўрсатмалар бериб бориш ҳам бўлимнинг асосий иши ҳисобланади. Бўлим ходимлари томонидан сув миқдори билан бир қаторда, унинг кимёвий таркиби, радиоактив ҳолати ҳам доимий равишда назорат қилиб борилади. Олинган таҳлил натижалари эса тўғридан-тўғри пойтахтга – марказга жўнатилади.

Бошқарма таркибидаги иккинчи бўлим – агрометеорология бўлими бўлиб, у асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини об-ҳаво билан боғлиқ ҳолда ўрганади ва пахта, буғдой, ғалла, шунингдек, мевали боғларнинг иқлим билан боғлиқ тарафларини тадқиқ этиш билан шуғулланади. Ҳозирда учта туманда мазкур бўлим постлари мавжуд ва улар об-ҳавонинг келишига қараб ҳосилдорликнинг қандай бўлишини доимий равишда кузатиб боради. Масалан, иқлим қандай келганига қараб, пахтанинг қачон экилиши, гуллаши ва кўсаклашидан тортиб, қўшимча ишловлар берилишигача, шунингдек, мевали дарахтлар ривожи доимий равишда кузатиб борилади.Туманларда шу мақсадга хизмат қилувчи бешта кузатув дала майдонимиз ҳам бор. Уларда пахта, ғалла, буғдой етиштирилади, мевали дарахтлар парваришланади. Уларнинг ривожига қараб биз ҳосилдорлик прогнозини ишлаб чиқамиз ва умумий хулосаларни доимий равишда ҳокимликларга, бошқа мутасадди ташкилотларга бериб борамиз. Жойларда юз берган табиий офат оқибатларини ўрганган ҳолда ҳосилдорликка қанчалик зарар етказилганини аниқлаймиз.

Кимё бўлимимиз атмосфера ҳавосининг ифлосланишини ўрганиш билан шуғулланади. Кўпчилик бу ишга экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул деб ўйлайди ва асло ундай эмас. Бўлимнинг учта пости мавжуд бўлиб, у Наманган шаҳрининг Лола, Темирйўл вокзали ва А. Хўжаев кўчаси ҳудудида жойлашган. Улар атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи тўрт параметр, яъни, чанг, углерод оксиди, олтингугурт диоксиди ва азот диоксиди миқдори қанча эканлиги эрталабки соат етти, ўн тўрт, ўн тўққизда олиб бориладиган кузатув ишлари давомида назорат қилиб боришади.

Шунингдек, «Наманган халқаро аэропорти» ичида Наманган фуқаро авиаметеорологик станцияси, Поп туманида эса Поп метеорологик станцияларимиз ҳам мавжуд. Наманган фуқаро авиаметеорологик станцияси бошқа бўлимлардан ходимлари сони, иши салмоғи жиҳатидан анча устун. Жамоамиз 50 та штат бирлигига эга бўлса, Наманган метеорологик станциясида уларнинг салкам ярми – 19 нафар ходим фаолият олиб боради: синоптик, техник метролог, кузатувчи ҳамда операторлар шулар жумласидан. Уларнинг меҳнати туфайли Наманган шаҳри об-ҳавоси маълумотларини  ҳар ярим соатда бутун дунёга маълум қилиб борилади. Бу станциямиз 1878 йилда ўз фаолиятини бошлаган.

– Юқорида айтиб ўтганларингиздан маълум бўляптики, жамоа зиммасидаги юк анча салмоқли. Шундан келиб чиқиб, соҳага қаратилаётган эътибор хусусида ҳам тўхталсангиз?

– Очиғи 2018 йилга қадар соҳа эътибордан анча четда қолганди. Хусусан, бизнинг бош идорамиз ўтган аср ўрталарида қурилган бинода жойлашган, бўлимларимиз ҳам аллақачон муддатини ўтаб бўлган анжом, асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатишга мажбур эди. Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябрдаги 970-сонли қароридан сўнг аҳвол бутунлай ўзгарди – Республика миқёсида гидрометеорология марказлари моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш, бино-иншоотларини модернизациялаш, реконструкция қилиш, янги, замонавий ускуналар билан таъминлашга долзарб масала сифатида қарала бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг 970-сонли қарорига кўра, 2019-2022 йилларда жумладан, вилоятимизда ҳам босқичма-босқич равишда бу борада салмоқли ишлар олиб борилиши белгиланган. Қарорга кўра, шу йил Наманган шаҳрининг А. Хўжаев кўчасида жойлашган бош бинойимиз ўрнига шаҳарнинг Юксалиш массивида икки қаватли, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган, 20 сотих майдонга эга янги бино қад ростлайди. Бунинг учун 1,2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бу ерда шунингдек, янги станция ҳам жойлашади ва 25 нафар мутахассис фаолият юритади. Яқинда Поп шаҳридаги метеорология станциясини тўлиқ янгитдан қуриш, модернизация қилиш бўйича танлов ўтказилди, пудратчи аниқланди, лойиҳалар ҳам тайёр. Бугун-эрта 325 млн. сўм сарфланиб, бир қаватли, қулай шарт-шароитларга эга бино қуриш ишлари бошланади.

Юксалиш массивида қурилиши режалаштирилаётган бош бино-иншоотлари фасади

 

2021 йилда эса Косонсой туманида метеорологик станцияси барпо этилади. Қарийб чорак асрдан бери вилоятимизнинг тоғли ҳудудларида бу турдаги метеорологик кузатув станциялар бўлмаганлиги боис реал об-ҳавони таҳлил қилишда кўплаб муаммоларга дуч келгандик. Вилоятимиз ҳокимига раҳмат, бу борада ёрдамларини аямаяптилар, 40 сотих ер майдони ажратилишидан тортиб, бошқа масалаларда ҳам эътиборни қаттиқ қаратяптилар.

Қамчиқ довонида Ангрен-Поп электрлаштирилган темирйўлининг қурилиши водий вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлашда ўта муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз. Биз эса, «Яшил иқлим фонди» халқаро лойиҳалар фонди томонидан ўтказилган мазкур электрлашган темирйўл туннелларининг кириш-чиқиш қисмида иккита қор кўчки станцияси лойиҳасини ютиб олдик. Унга асосан, 2019-2020 йилларда умумий 1 млрд. 570 млн. сўмга яқин 2 та станция бино-иншоотлари қуриш ишлари амалга оширилди, яқин кунларда ҳар бирида 8 тадан, жами 16 та штат бирлигига эга ходимлар ишга олиниши режалаштирилмоқда. Ундан ташқари, «Яшил иқлим фонди» томонидан 2021 йилга Наманган ва Тўрақўрғон туманлари оралиғида ўрнатилиши режалаштирилаётган локаторлар ёрдамида булутлар таркиби аниқланади. Бу ускуна ёрдамида булут оқимлари қаердан, қандай келаётганини кузатиш имкони пайдо бўлади ва бу маълумотлари таҳлили асосида, қайси ҳудудда кучли жала, ёғинлар ёғиб ўтиши тўғрисида 2-3 соат олдин тўлиқ маълумот олиш мумкин. Ҳозирги глобал иқлим ўзгараётган пайтда унинг қанчалик фойдали эканини бир сўз билан ифодалаш жуда ҳам қийин. Яна шуниси аҳамиятлики, 1 млн. 200 минг долларлик мазкур лойиҳа водийда ягона бўлади.

Вилоятимиздаги барча гидрометеорология станциялари, постлари ва бўлимларида ҳам шу каби янгиланишлар амалга оширилади.

Шунингдек, ФВБ ахборот-таҳлил хизмати билан биргаликда сел, сув тошқини хавфи мавжуд ҳудудларга сиреналар ўрнатиш, локатор маълумотлари ёрдамида қўшни ҳудудларда юз бераётган кучли ёмғир, дўл, жала ва селларни олдиндан огоҳлантириш, аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишларини амалга оширишни режалаштиряпмиз.

– Сўнгги савол, вилоятимизнинг эртанги кун об-ҳавоси ҳам газетхонларимизни қизиқтириши шубҳасиз?

– 20-24 май кунлари оралиғида вилоятимиз ҳудудида ёғингарчиликлар кутилмайди, ҳаво ҳарорати аста кўтарилиб боради. 25-29 май кунлари оралиғида эса жанубдан кучли иссиқ оқими кириб келиши кутилади. Бу даврда ҳаво ҳарорати кундузи максимал 38-40 даражагача кўтарилиши мумкин. Демак, вилоят ҳудудларида май ойининг учинчи ўн кунлиги нисбатан ёғинсиз, иссиқ ва қуруқ бўлади.

Июнь ойи ҳам нисбатан иссиқ келиши кутиляпти. Умуман олганда, мана неча йилдирки ёз ойлари иссиқ келмоқда. Тўғри, бу ойда вилоятимизнинг айрим ҳудудларида, хусусан, тоғлик жойларда жала ва ёмғирлар ёғиши кутилади, аммо аввалги йилларга нисбатан ҳаво даражаси бир даража юқори бўлиши кутиляпти.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, қийин, аммо савобли ишларингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь