ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 02:25
Дунёнинг кўплаб давлатларида коронавирус пандемияси ёйилиши билан боғлиқ фавқулодда воқеалар Наманган муҳандислик-технология институти жамоаси зиммасига мутлақо янги вазифалар юклади. Карантин даврида кўплаб олий таълим муассасалари қатори бу ерда ҳам масофадан ўқитиш йўлга қўйилди. Бу тўрт ярим мингга яқин талабалар контингентига эга олий таълим муассасаси учун ўзига хос синов бўлди.
Аввало, институтимизда масофавий таълим бериш ишларини тўлиқ йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, онлайн модул ўқитиш тизими ишга туширилди. Талабаларга масофавий таълим беришда қулайлик яратиш мақсадида иккита муқобил вариант шакллантирилди.
Биринчиси, телеграмм ижтимоий тармоғида ҳар бир кафедра кесимида масофавий таълимни олиб боришга мўлжалланган ижтимоий гуруҳлар ташкил этилди.
Иккинчиси, масофавий таълим платформасига аъзо бўлиш имконияти мавжуд бўлмаган талабалар учун электрон ўқув ресурсларини етказиш ва ўрганиш жараёни бўйича мулоқот ташкил қилинди.
Шунингдек, институт веб-сайти ва телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали институт ва олий таълим тизимидаги янгиликлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар мазмунини талабаларга етказиш тизими йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчилар томонидан ҳозирги кунга қадар 293 та фандан 35 минг 700 дан зиёд ўқув ресурси «Moodle» электрон таълим тизимига жойлаштирилди.
Барча масъулларга шу йил 1 апрелдан бошлаб, кунлик амалга оширилган ишлар бўйича ахборот бериб бориш вазифаси юклатилган. Бажарилган ишлар ҳисоботи ва таклифларни ўрганиб чиқиш мақсадида институт раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида белгиланган муддатларда «Zoom» дастури орқали видеоконференциялар уюштирилмоқда.
Талабаларнинг барча турдаги малакавий амалиётларини масофавий ташкил этиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Унга асосан, барча турдаги амалиётлар масофавий ўтказилиши белгиланди. Талабаларнинг амалиётлар юзасидан тайёрлаган ҳисоботини масофавий қабул қилиш тизими яратилди. Айни пайтда битирувчи курс талабаларининг ихтисослик фанларидан давлат имтиҳони ва магистрлик диссертациялари ҳимоясини онлайн ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Масофавий таълим — келажак таълими. Шу боис дунё таълим тизими ўқитишнинг шу шаклига босқичма-босқич ўтяпти. Наманган муҳандислик-технология институти ҳам жаҳон олий таълим тизимига интеграциялашаётган ўқув муассасаси сифатида масофавий таълимга тайёргарлик босқичида эди. Пандемия сабаб бу жараён тезлашиб, тўлақонли тизим шаклланишига туртки бўлмоқда.
Масофавий таълим ўтиш ишлари карантин тугагандан сўнг ҳам давом эттирилади. Шу боис 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик юзасидан ишларни масофавий шаклда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Унга асосан, магистратурага қабул жараёнини масофавий ташкил этишнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари яратилмоқда.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб институтда савдо иши, озиқ-овқат саноати машина ва жиҳозлари, физика, машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш ва иқтисодиёт, менежмент, бухгалтерия ҳисоби, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш каби йўналиш ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Масофавий ўқитишда анъанавий босма усулига асосланган ўқитиш воситалари, видеомаърузалар билан бирга, интерактив усуллардан ҳам фаол фойдаланилмоқда. Аудио ва видеоконференциялар ташкил этилмоқда. Замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиб, масофавий таълимни сифатли ташкил этиш бўйича билим ва кўникмаларини такомиллаштирмоқда.
Бу борада ўтказилаётган масофавий конференциялар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга инновацион ёндашувлар» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани онлайн ўтказилди. Анжуманда республикамиз олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан олтмишдан зиёд ёш олимлар, магистрантлар ва соҳанинг етук олимлари қатнашди.
Шунингдек, Малайзиянинг Сайбержая университети билан «Zoom» дастури орқали институтимиздаги таълим жараёнлари ва йўналишлари ҳақида онлайн профориентация қилинди. Унга кўра, университетнинг кимё технология, муҳандислик графикаси, ахборот технологиялари йўналишларида факультетлар кесимида ҳамкорлик режалари келишиб олинди.
Покистон Ислом Республикасининг енгил саноат ва тўқимачилик университетлари билан халқаро ҳамкорлик ҳамда хорижий талабаларни жалб қилиш бўйича ёзишмалар олиб борилмоқда. Унда информатика, энергетика ва дизайн соҳалари бўйича 2020-2021 ўқув йилига 5 нафар хорижий талабани институт ўқув ҳаётига жалб этиш ва инновацион марказлар фаолияти бўйича ҳамкорликни амалга ошириш кўзда тутилган.
Институтнинг халқаро рейтингларга киришини таъминлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, институтда «Proofreading service» хизматини кенгайтириш, «Scopus» ва «Web of Science» журналларида мақолалар чоп этиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этиш, институтга хорижлик талабаларни жалб қилиш, «KOICA», «JICA», «ITEC», «ERASMUS+», «UniCEN», «Fullbright» халқаро дастурлари билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, лойиҳалар тақдим этиш, кўнгиллиларни таклиф қилишдан иборат.
Институтимиз профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларига илмий тадқиқот олиб бориш ҳамда мақолаларини хорижий илмий журналларда чоп этишга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир факультетга масъуллар бириктирилиб, улар «Scopus» ёки «Web of Science» базасига киритилган илмий журналларга мақолалар тайёрлаш ҳамда уларни чоп эттиришга кўмаклашмоқда.
Бутун дунё халқлари бошига тушган ушбу синовли дамларни бирдамлик билан енгиб ўтамиз. Бироқ энг қимматли бўлган вақтнинг беҳуда сарфланишининг олдини олиб, карантиндаги ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланишимиз лозим.
Одилжон МАМАТКАРИМОВ,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти