ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 07:18
Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан соҳага жорий этилаётган инновацион технологияларнинг аҳамияти, қишлоқ хўжалигида сувдан тежаб-тергаб фойдаланишда томчилатиб суғоришнинг ҳар жиҳатдан афзалликларини тарғиб қилиш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.
Дастлаб Наманган шаҳридаги Шимолий Фарғона магистрал каналининг 2-бўлими ва унинг бўйларида олиб борилган қурилиш, ободонлаштириш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу иншоот вилоятимизнинг Уйчи, Наманган, Тўрақўрғон, Чуст, Поп ҳамда Тожикистон Республикасининг Ашт туманларини сув билан таъминлайди. 1940 йилда қурилган, сув ўтказиш қобилияти 110 м3/секунд. Фавқулодда тошқинлар рўй берганида махсус қурилмалар воситасида оқим ҳажмини тақсимлаб камайтириш, тизгинлаш, меъёрлаштириш имкониятларига эга. Бўлимда 180 нафар мутахассис бириктирилган.
2022 йилнинг суғориш мавсуми – апрель-август ойлари мобайнида 1308,8 миллион метр/куб сув етказиб берилган бўлиб, жами 794,8 минг гектар шундан, 184,0 минг гектар ғалла, 256,4 минг гектар ғўза, 96,7 минг гектар такрорий ва 257,7 минг гектар томорқа ҳамда бошқа экин майдонлари суғорилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 10 566 гектар жумладан, 9 037 гектар майдонда томчилатиб, 610 гектар майдонда ёмғирлатиб ҳамда 919 гектар майдонда эса дискрет усулда (сув 1-2 соат давомида даланинг бир бўлагидаги эгатларга берилади ва шунча вақт тўхтатилиб, бошқа эгатларга берилади) суғориш тизимлари жорий этилди.
– Мустақилликнинг дастлабки йилларига нисбатан таққослаганда мамлакатимиз аҳолиси деярли бир ярим бараварга кўпайиб, нуфузи 35 миллион кишидан ошди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустамжон Қаршиев. – Ўша йиллари иқтисодиёт тармоқларига талаб қилинадиган сув 64 миллиард метр/куб бўлса, бугунги кунда иқтисодиёт тармоқларига 52 миллиард метр/кубни ташкил қилмоқда. Таъкидлаб ўтилган миқдордаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга йўналтирилади. Муаммонинг нечоғли тиғиз эканлиги айтиб ўтилганлардан ҳам билса бўлади. Демак, пахта, ғалла ва бошқа экинларни суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш кечиктириб бўлмайдиган заруриятга айланмоқда. Янги тизим Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, барча қулай механизмлар, молиявий имтиёзлар бериляпти. Технология жорий қилинган майдоннинг ҳар гектарига харажатларнинг 40 фоизи қопланади.
Томчилатиб суғоришнинг ҳар жиҳатдан афзалликлари Тўрақўрғон туманидаги Бахтиёр-Неъмат-Шавкат номли фермер хўжалиги мисолида намойиш этилди.
– 2005 йилда хўжалигимизни 15 гектар билан ташкил қилганмиз, – дейди мазкур фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Тожибоев. – Бугунги кунга келиб, тасарруфимиздаги 255 гектар майдоннинг 131 гектарида босқичма-босқич янги технологияни қўллаяпмиз. 2023 йилда 90 фоиз экин майдонларини томчилатиб суғоришни режалаштирганмиз. Нисбатан кўпроқ сувталаб ерларимиз шароитида анъанавий суғоришга қараганда 70 фоизгача сув тежаляпти. Бу тизим бизга жуда маъқул бўлди. Хитойнинг «Тяншень» компанияси доимий ҳамкоримиз. Ўсимликларни озиқлантириш ва дорилаш жараёнлариниям шу усулда амалга оширяпмиз. Буғдойдан кейин иккинчи экин сифатида эккан пахтамиз ва деярли бир ойдан зиёд вақт мобайнида экинларнинг дуркун ривожланаётганиям кутилганидек ҳосил олишимиздан дарак. Биринчи экин сифатида экилган пахтамиз очилди. Умуман олганда, икки йилдан буён инновацияларни қўллаб ишлаётган бўлсак, бу борада тажрибамиз анча ошди. Авваллари ҳосилдорлик пахтадан 25 центнер ва ғалладан эса 30 центнер ҳосил олган бўлсак, 2021 йилда пахтадан ўртача 47 центнер ва 2022 йилда ғалладан 60 центнер ҳосилдорликка эришдик. Эътибор беринг: ҳосилдорлик ортиб, сув сарфининг камайганлиги энг асосий натижадорлигимиздир. Қулайликлардан яна бири - 131 гектар экин майдонини бир киши парваришлаб, назорат қилиши мумкин.
Шунингдек, соҳага рақамли ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳамда сувни рақамли технологиялар асосида назорат қилишда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган. Вилоятда жами 581 та «Ақлли сув» ва 70 та насос станциясида сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи қурилмаларидан фойдаланилмоқда. 2022 йилнинг 1 авгус-тига қадар 289,0 километр узунликдаги ирригация тизими каналлари тозаланиб, 236 та гидротехника иншоот ва 234 та гидропостда таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Кластерлар ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини 920,0 километр қисми механизм ёрдамида, 1785 километри эса қўл кучи воситасида тозаланиб, 408 та гидротехника иншоот ва 422 та гидропост таъмирланган.
Пресс-турда журналист ва блогерларнинг саволларига мутасаддилар ва масъул мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти