Қисқа сатрларда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

08 November, 2024, 07:31

Технология

Қуёш панеллари – тежамкор технология

  • 17.Марта.2023
  • 2086

Саноат ва ишлаб чиқаришни қўя турайлик, электр  бўлмаса  хонадонларимиз билан бирга маълум маънода дилларимиз ҳам қоронғуликка чулғанади. Рўзғоримиздан худдики, файзу нурафшонлик йўқолгандек ғамгин туйғулар исканжасида қоламиз. Айниқса, қаҳратон совуқда энергия таъминотидаги узилишлар изтиробларни икки ҳисса зиёдалаштирди, десак ўринлидир. Истеъмолчилик талаби ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мувозанат енгил қилиб айтганда, бир маромда эмас. Ҳолбуки,  ушбу талаб тобора ортиб бормоқда.

Тўғри, аҳволни яхшилаш учун тармоқларни такомиллиштириш, қуриш ва янгилаш ишлари босқичма-босқич ва аниқ манзилли дастурлар доирасида амалга оширилмоқда. Лекин бундай чоралар воситасида электрни истеъмолчига етказиб бериш тармоқларининг қуввати ошириляпти, холос. Бу ҳам жуда зарур. Аммо ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг имкони чегараланган экан, тақчиллик аталмиш ҳолатни буткул бартараф этиш мушкул. Ахир иситиш мавсумида хонадонларни наинки ёритиш, балки иситиш ҳам электр зиммасига зил-замбилдек юк бўлди-ку?! Бинобарин, шу қадар тиғиз ва кўндаланг бўлаётган ўткир муаммони  илғор ва тараққий этган мамлакатлар  каби ҳал этиш мавриди келмадимикин? Албатта шундай!!!

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Наманган ҳудудий филиали матбуот хизматидан бизга маълум қилишларича, вилоятда энергия танқислиги оз эмас, кўп эмас нақ 490 миллион кВт соатга тенг. Ва бу етишмовчиликни бартараф қилиш учун 2023-2024 йилларда энергия қувватини кўпайтириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган. Аниқроғи, шу йил 600 миллион  кВт соат (240 миллиард сўмлик) электр қўшимча манбалар ҳисобига ишлаб чикарилиб, қоплаш режалаштирилган.

Эллик нафар кишини иш билан таъминлаган  ёш тадбиркор ўзаро мулоқотда: «Ака, қуёш панелларини ўрнатиш мажбурийми?» – деб сўради. Саволга жавобан: «Сен  бошқалар охирида кўрадиган нарсани ҳисоб-китоб қилиб, аввалдан англайдиган, етти ўлчаб, бир кесадиган ишбилармонсан. Масаланинг ихтиёрий ёки мажбурийлигига эътибор қаратиш ўрнига унинг нечоғли фойда келтиришини, қулай ҳамда афзаллик томонлари бор-йўқлигини таҳлил қилишинг керак», – дедик. Рост-да! Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида имтиёзу имкониятлар тўла белгилаб берилди-ку!

Масалан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади. Ва яна 2023 йил 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, хорижий инвесторларга: қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида ҳамда бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишга рухсат берилади.

Жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига «Қуёшли хонадон» дастури доирасида Давлат бюджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилади. Бунда: субсидия ҳар ой якуни билан жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди. Субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда «Soliq» мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан  фойдаланишни оммалаштириш давр талаби экан, юқорида келтириб ўтилганидек, бу борада  натижадорликка эришиш учун вилоятимизда  истиқболли  еттита йўналиш  амал қилади.

1. Қуёш фото электр станциялари ҳисобига жами 76 миллион  кВт/соат, шундан:

– бюджет ташкилотларида куёш панелларини «Очиқ бюджет» давлат дастури орқали ўрнатиб 7,6 миллион  кВт/соат;

–  кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган 1300 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида 35 миллион  кВт/ соат;

– 120 та АГНКС ва 142 та хусусий АЁҚШда 1,8 миллион кВт /соат;

– давлат маъмурий-ҳуқуқий ва бошқа органлар биноларида  9,1 миллион кВт/соат;

– янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларида 2,38 миллион кВт/ соат;

– марказий кўчалар ёритиш чироқлари, пиёдалар ва саломатлик йўлакларида қуёш панеллари ўрнатиш ҳисобига 0,12 миллион кВт/соат аниқ ҳисоб-китоб қилинган.    

2. Ўрта, кичик ва микроГЭСларни ривожлантириш бўйича мавжуд  катта салоҳиятдан самарали фойдаланиб, Учқўрғон туманида 12 мВт кичик ГЭСлар каскади, Поп туманида 26,5 МВт, «Камчиқ ГЭС», Чортоқ туманида 825 кВт «Чортоқ микроГЭС», Наманган шаҳрида 275 кВт, «Янгиариқ микроГЭС»ларида йиллик 120 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

– 2023 йилда вилоятдаги канал, кичик дарё ва сойларда умумий қуввати 11,0 МВт бўлган жами 32 та микроГЭСларни қуриш орқали йиллик 55,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу ишларга жами 22  миллион  доллар йўналтирилиб, шундан 5 таси «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва 27 таси маҳаллий тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда 2 та объектда – Намангансойнинг Наманган шаҳридан ўтган қисмида 200 кВт/соатлик ҳамда Учқўрғон туманидаги Тўда каналида 100 кВт/соатлик микроГЭСларни қуриш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди. 2023-2024 йилларда канал ва сойларда қўшимча равишда умумий қуввати 15,2 МВт, йиллик электр энергия ишлаб чиқиши 82,1 миллион кВт/соат бўлган 45 та микроГЭСларни қуриш имконияти лойиҳачи ва тегишли мутахассислар билан ўрганилди. Бундан ташқари, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан  2023-2027 йилларда умумий қуввати 42,0 МВт бўлган 5 та кичик ва ўрта ГЭСларни –  Катта Андижон каналидаги Қўғай-1, Қўғай-2 ва Бешқўрғон, Камчиқ дарёсидаги Камчиқ-2 ва Камчиқ-3 ГЭСларини қуриш режаси тузилиб, ушбу ГЭСлар орқали йиллик 186 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқилишига эришилади.

Юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали келажакда йиллик 324 миллион кВт/соат қўшимча электр энергия ишлаб чиқарилиб, вилоятдаги умумий гидроэнергетик ишлаб чиқарилиш ҳозирги 116 миллион кВт/соатдан 440 миллион кВт/соатга етказилади ёки 3,8 бараварга оширилади.

3. Электр энергиясидан самарасиз-ноқонуний фойдаланиш ҳамда ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш бўйича 153 миллион  кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинади;

– Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳа доирасида 35,1 минг гектар  ер майдонининг сув таъминоти яхшиланади ҳамда 9,6 минг гектар  қўшимча ер  фойдаланишга ўтказилади.

Норин-Сирдарё ИТХБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги 72 та насос станциясидаги эскирган 235 та насос агрегатлари модернизация қилиниб, 165,3 миллион  кВт/соат электр энергияси  ҳамда умумий 186,8 миллиард сўм эксплуатация харажатлари тежалади.

4. Поп туманида 500 мВтли (1-босқичда 200 мВт Хитой халқ Республикасининг «GD POWER-POWERCHINA» концорсиуми томонидан) қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши ҳисобига 2023 йилда 110 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 

5. Қуйидаги хусусий секторлар томонидан қуёш фотоэлектр станциялар қурилиши ҳисобига қўшимча 149 миллион  кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади:

– Поп тумани Хонобод маҳалласида 1280 гектарда «Ўзбекистон-Хитой» инновацион индустриал парки лойиҳаси доирасида 450 мВт қуёш фото электр станцияси қурилиб, 2023 йил 4-чоракда  82,8 миллион кВт/соат; 

– «Арт-софт» кластер МЧЖ томонидан Поп туманида хитойлик ҳамкор «Универсал Энержий» компанияси  билан биргаликда 2023 йил 4-чоракда 120 мВт қуёш фото электр станциясини ишга тушириш ҳисобига 66,2 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

6. Ишлаб чиқариш корхоналарига замонавий ускуналар ўрнатиш ва бошқа тадбирлар орқали 91 миллион кВт/соат электр энергиясини  иқтисод қилишга эришилади. Яъни:

– Давлатобод туманида марказлашган иссиқлик тизимида  ишга туширилган  РК-1, РК-2 қозонхоналари ҳисобига 12,8 миллион  кВт/соат;  

– ҳаракатда ишга тушувчи-сенсор ёритиш чироқларини ўрнатиш ҳисобига 2,4 миллион  кВт/соат;

– «Наманган сув таъминоти» МЧЖда Бунёдкор маҳалласини ичимлик суви билан таъминловчи Булоқбоши сув иншоотида 8 та энерготежамкор электродвигателлар ўранатилиши ҳисобига йилига 244,5 минг кВт/соат ҳамда  Қизил Ровот ва  Жийдакапа сув олиш иншоотида 4 та янги замонавий насос агрегатларини ўрнатиш ҳисобига йил давомида 5,4 миллион кВт/соат, жами 5.7 миллион  кВт/соат электр энергиясини тежалади; 

– реактив қувватни компенсацияловчи конденсатор қурилмаси ўрнатиш ҳисобига 3 миллион кВт/соат;      

– 0,4 – 110 кВли электр қурилмаларини реконструкция ва модернизация қилиб, технологик йўқотишларни камайтириш ҳисобига 48 миллион кВт соат;

– мавсумий ишлайдиган (фермер, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқалар) электр энергияси истеъмолчиларининг электр қурилмалари тўлиқ ўчирилиши ҳисобига 5 миллион кВт/соат;

7. Туркиянинг «SW ENERGY» компанияси раҳбари Тарик Сарван ҳамда Мевлуд Алдирмас билан музокара олиб борилиб,  қуёш панеллари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. 

Кореянинг U Energy компанияси билан 10 миллион   доллар Корея гранти ҳисобига «Юксалиш саноат зонаси»нинг юқори қисмидаги бўш ер майдонида қуёш электр станцияси қурилиши бўйича ва Туркиянинг мазкур йуналишдаги энг илғор «TURKSAY ENERGY» компанияси вакиллари билан музокаралар олиб борилди.

«All solar» МЧЖ, «Sun High Tech» МЧЖ ва «Rоyal» МЧЖ корхоналарининг филиаллари очилиб, иш ташкил этилган.

Шуни яна алоҳида таъкидлаш ўринлики, аҳоли ва ташкилотларнинг ўзидан  ортган электр энергияни электр таъминоти корхонаси оширилган нархда харид қилади. Қуёш панеллари 4-5 йилда сарфланган харажатларни оқлайди. Мазкур замонавий тежамкор технологияларни ўрнатишга иккиланаётган барча жисмоний ва юридик шахслар яхши ниятларни дилга жо айлаб, амалий ҳаракатларга киришишлари айни муддаодир.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь