Қисқа сатрларда

Аҳолига сифатли ва арзон қўй гўшти етказиб берилади

Иссиқхона 80 миллиондан зиёд даромад келтирмоқда

Кенгаш доимий комиссиялари тасдиқланди

Янги таҳрирдаги Конституция Наманганда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни янги босқичга олиб чиқди

МИБ ходимлари «Яшил макон»га ҳисса қўшмоқда

03 December, 2024, 01:28

Технология

Янги Наманган шаҳарчаси барпо этилмоқда

  • 06.Августа.2022
  • 938

2018 йил 2 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори қабул қилинди. Бундан асосий мақсад  туман ва шаҳар марказларининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қуриш, шунингдек, республика аҳолиси  ҳамда меҳмонлари учун кўрсатиладиган хизматлар  сифатини яхшилашдир. 

– Мазкур қарор ижросини  таъминлаш юзасидан Наманган шаҳрининг Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари чегарасидаги 1203,0 гектар майдонда «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар-жойлар комплексини барпо этиш режалаштирилган, – дейди  «Янги Наманган шаҳарчаси замонавий ишбилармонлик маркази ва турар-жойлар  комплексини барпо  этиш  дирекцияси» ДУК директори Адҳамжон Раҳмонов. – Шаҳарча Наманган шаҳри Давлатобод туманининг Юксалиш  ва  Орзу, Тўрақўрғон туманининг Еттикон, Ибрат  ва Паросмон маҳаллалари ҳудудида барпо этилмоқда. Ушбу шаҳарчанинг концепцияси Туркиянинг «Studio Vertebra» компанияси томонидан ишлаб чиқилди. Шаҳарчани  уч босқичда барпо этиш кўзда тутилган:  
1-босқичда Юксалиш массивида шаклланиб, қурилиши якунланаётган 330 гектар майдонда «Ёшлар», «Юксалиш» ва «Кушон» кичик саноат зоналари ташкил этилди. 2 764  хонадонли 71 та кўп қаватли уй қурилди ва  648 хонадонли 11 та 9 ва 16 қаватли уйни қуриш давом эттирилмоқда.  

2-босқичда  272 гектарда 19,8 минг хонадонли  9-32 қаватли 171 та турар-жой, 16 та умумтаълим мактаби, 24 та болалар боғчаси, замонавий бизнес-марказлари, меҳмонхоналар, институт, кутубхона, масжид, шифохона  ва ўнлаб савдо  ҳамда  хизмат кўрсатиш объектлари қаторида  96 гектарда яшил ҳудуд барпо этилади.

Қурилиш учун мўлжалланган майдон ўрни лойиҳа асосида лотларга бўлиниб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб асосида ҳамда бош режага мувофиқ, қурилиш учун мўлжалланган ер майдонлари электрон онлайн-аукцион орқали сотилади. Шунингдек, 68 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи»да манзарали дарахтларни экиш ишлари бошланган.
3-босқичда 547 гектар ерда кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари ва офис бинолари қад ростлайди. 164,2 гектардаги  кичик саноат зоналарида 41,0 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади. «Юксалиш», «Ёшлар» ва туташ ҳудуддаги Косонсой туманида жойлашган «Кушон» кичик саноат зоналари каби бошқа бир қатор объектлар шулар жумласидандир.

Шуниям алоҳида  мамнуният билан таъкидлаш жоизки, 2022 йил 11 мартда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган шаҳрида «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар-жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги фармойишига асосан «Янги Наманган шаҳарчаси»ни батафсил режалаштириш лойиҳаси «Тошкентбошплан ЛИТИ» ДУК томонидан ишлаб чиқилди ва Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши муҳокамасидан ўтказиш белгиланди. Ҳудуддаги 721 та турар-жой объектида жами  50 мингдан ортиқ хонадон, ўрта мактаб, болалар боғчаси, шифохоналар барпо этилиб, 200 мингдан ортиқ аҳоли яшаши учун барча инфратузилма ва зарур ижтимоий соҳа объектларига эга бўлган қулай шаҳарчага айлантирилади.

Шаҳарчада турар-жой ва ижтимоий соҳа обьектларини қуриш учун ариза берган   100 дан ортиқ талабгор қаторида Покистон Ислом Республикасининг «AKD Group», Жанубий Кореянинг «Ёджу» университети, Хитой Халқ Республикасининг «Hua Cheng Estate Development» компаниялари ҳам бор. 

Муҳиддин МАҒЗУМОВ. 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь