ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35097
21 December, 2024, 11:29
Кейинги йилларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Жаҳон банки томонидан бир қатор йирик истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро ташкилотнинг Муҳаммад Нада бошчилигидаги миссияси вакилларининг вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашувида ҳам айни шу масалаларга эътибор қаратилди.
Расмий мулоқотда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Вилоятимиз раҳбари мамлакатимизда юз бераётган глобал ўзгаришлар, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Делегация томонидан урбанизацияни барқарор ривожлантириш, маълумотлар миллий инфратузилмаси геопорталини яратиш, истиқболли ҳудудларни аниқлаш ва уларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш, шаҳар муҳандислик инфратузилмасини янада яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тақдимот ўтказилди.
Ҳозирги кунда Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманлари кесишмасида жойлашган, уч минг йиллик тарихга бориб тақаладиган Ахсикент археология мероси ёдгорлигида туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа билан танишган нуфузли меҳмонлар ушбу хайрли ташаббусни амалга оширишда кўмак ва ўз хизматларини таклиф этди.
Жаҳон банки вакиллари Наманган шаҳрида урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳасини амалга ошириш юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов ва масъул ташкилотлар раҳбарлари билан музокара ўтказди.
Шунингдек, учрашувда Наманган шаҳрида ичимлик сув иншоотлари, канализация тармоқларини яхшилаш бўйича дастлабки ўрганишлар бўйича фикрлар алмашилди.
Халқаро ташкилот делегацияси Давлатобод туманида ҳам бўлиб, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими қай даражада ташкил этилганлигини жо-йида бориб кўрди. Меҳмонларга Хитойдан келтирилган иситиш қозонларининг афзаллиги, бу табиий газ ва электр энергиясини иқтисод қилишда қўл келаётгани ҳақида бафуржа маълумотлар берилди.
Ҳозирда туманнинг Тўқувчи, Навбаҳор, Мустақиллик ва Порлоқ маҳаллалари ҳудудларида жами 152 та кўп қаватли уй, 7 минг 582 та хонадон, 20 минг нафардан ортиқ аҳоли ҳамда 23 та ижтимоий соҳа объекти ушбу қулайликдан баҳраманд бўлишмоқда.
Шунингдек, тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинида 350 та кўп қаватли уй, 16 минг 334 та хонадон, 46 минг 200 киши ҳамда 37 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик таъминоти билан таъминлаш замонавий тизим орқали амалга оширилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти