ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34882
03 December, 2024, 12:59
2022 йил 1 августдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.
1. Жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади
Президентнинг 20 апрелдаги [ПФ-113-сон] фармонига мувофиқ, давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади.
Мобил-ID тизими «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.
Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра ДХМ ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали амалга оширилади.
2. Давлат органлари ва ташкилотларида Очиқлик индекси юритилади
Президентнинг 14 июндаги [ПФ-154-сон] фармонига кўра, 1 августдан бошлаб:
Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади. Унинг мезонлари ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
3. Ногиронлиги бўлган ёшларга 15 млн. сўмдан субсидия ажратишга аризалар қабули бошланади
Вазирлар Маҳкамасининг 21 июндаги [341-сон] қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланганди.
Регламентга кўра, ногирон ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар, дастурлаш, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўмгача) субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун аризалар жорий йил учун — 2022 йил 1 августдан, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили — 10 январдан қабул қилинади.
4. «UzGasTrade» жамияти «Ўзтрансгаз» компаниясининг ҳуқуқий ворисига айланади
Президентнинг 15 июндаги [ПҚ-280-сон] қарорига асосан «Ўзтрансгаз» АЖнинг табиий газни харид қилиш ва сотиш шартномалари ҳамда битимлари, шу жумладан маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари «UzGasTrade» АЖга ўтади.
Компания қуйидаги функцияларга эга бўлмоқда:
табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш;
«Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш.
5. Кинотеатрлар махсус ахборот тизимига уланиши мажбурий бўлади
Президентнинг 2021 йил 7 апрелдаги [ПФ-6202-сон] фармонига кўра, фильмларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва сотилган ҳар бир чиптага доир ҳаққоний маълумот билан тезкор таъминловчи республикада фаолият юритаётган кинотеатрлар фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизими ишлаб чиқилиши режа қилинганди. Ўшанда 2022 йилнинг 1 майига қадар ахборот тизимининг тўлиқ синовдан ўтказилиши бўйича топшириқ берилганди.
1 августдан эса мазкур ахборот тизимига уланмаган ҳолда кинотеатр (кинозал)ларда фильмлар намойиш этиш чакана савдо қилиш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланиши белгиланган.
6. Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали қабул қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги [271-сон] қарорига мувофиқ, автомототранспортлар ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП (my.gov.uz) орқали тақдим этилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ўқув курсларини тугатган ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бундан мустасно.
7. Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олиш учун махсус электрон тизими ишга тушади
Президентнинг 2021 йил 27 ноябрдаги [ПҚ-22-сон] қарори билан 2022 йил 1 августдан бошлаб, дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади.
Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади.
2023 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади.
8. Маҳаллий инновацион товарларни сотиш бўйича давлат ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади
Президентнинг 6 июлдаги фармонига асосан «Тубдан янгиловчи» инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар бўйича давлат органлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилади;
устав фондида 50 ва ундан кўп фоиз давлат улуши бор хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунгача унинг 10 фоизгача ажратмаларидан Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Бунда маблағлар «тубдан янгиловчи» инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.
9. Юридик хизмат кўрсатиладиган туман давлат ташкилотлари рўйхати кенгайтирилади
Президентнинг 28 мартдаги [ПҚ-173-сон] қарорига кўра, босқичма-босқич Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан туман даражасидаги қуйидаги идораларга юридик хизмат кўрсатилади:
маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими;
қишлоқ хўжалиги бўлими;
туризм ва маданий мерос бўлими;
спортни ривожлантириш бўлими;
оила ва хотин-қизлар бўлими;
давлат солиқ инспекцияси;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
давлат умумий ўрта таълим мактаблари;
давлат мактабгача таълим ташкилотлари;
давлат кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар.
10. Интеллектуал мулк объектларига оид айрим текширувлар «Саноат мулки муҳофазаси портали» орқали амалга оширилади
Президентнинг 26 апрелдаги [ПҚ-221-сон] қарорига мувофиқ, қуйидаги текшириш ва ўрганишлар Адлия вазирлигининг «Саноат мулки муҳофазаси портали»дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
сертификациялаш органлари томонидан сертификатлаштириш жараёнидаги қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ўрганиш ва текшириш;
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан дорилар, тиббий буюмларни рўйхатидан ўтказишда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини текшириш.
11. Оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш учун янги рейтинг жорий этилади
Президентнинг 25 апрелдаги [ПҚ-215-сон] қарори билан оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади. Бунда:
ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;
ҳар 6 ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти