Қисқа сатрларда

Наманган иқтисодиётининг қўшимча имкониятлари таҳлил қилинди

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

27 November, 2024, 12:46

Ҳужжатлар

1 мартдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

  • 26.Февраля.2022
  • 914

2022 йил 1 мартдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

  • Ёнида биометрик паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлганда, ҳайдовчидан «права», техпаспорт, ишончнома ва суғурта полисини ёнида олиб юриши талаб этилмайди

МЖТКга киритилган қўшимчага мувофиқ, ёнида биометрик паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлганда, ҳайдовчидан унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини ўз ёнида олиб юриши талаб этилмайди.

  • Кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига туташ ер участкалари уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади

Президент қарорига биноан давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;

дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;

йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;

болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;

аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

  • Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади

Президент қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

а) Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

б) 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

  • «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади ҳамда туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши бошланади.

Шунингдек, йўқолган ашёларни қидириш бўйича мурожаатлар ЯИДХП орқали ҳам қабул қилиниши йўлга қўйилади.

  • Маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида ёшларга бир неча турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилади

Маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида ёшларга рўйхат асосида бир неча турдаги моддий ёрдам берилади.

  • Лицензиялаш ва рухсатномалар беришда ягона тизим жорий этилади

Ҳукумат қарори билан лицензия ёки рухсатномани олиш учун аризалар ваколатли органга «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади.

Лицензия ёки рухсатнома олишда талабгорнинг бошқа келишиладиган органлардан хулосасини олиб, аризага илова қилиш амалиёти бекор қилинади. «Бир дарча» тамойили асосида лицензияловчи органнинг «Лицензия» АТ орқали тегишли хулосаларни бошқа органлардан ўзи олади, хулоса ўз вақтида тақдим этилмаса, ижобий хулоса олинган деб ҳисобланади.

  • Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади

Президент қарорига мувофиқ:

а) ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.

  • Йўловчи ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон ахборот тизими орқали ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон ахборот тизими орқали ўтказилади.

Тендерда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган, тегишли равишда автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташувларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳамда электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтган юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйилади.

  • Республикада ишлаб чиқариладиган цементни чекловларсиз экспорт қилишга рухсат берилади

Президент қарори билан барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

  • Дарахт зараркунандаларига қарши курашишга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади

Президент фармонига асосан дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлар ажратилади.

  • Бир қатор хизматларни ЯИДХП Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда кўрсатиш бошланади

Ҳукумат қарорига асосан 2022 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда кўрсатилади:

Ўзбекистон Республикасига чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;

чет давлат ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;

судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;

автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;

жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларда сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

  • Расмий ҳужжатларга апостилни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали ҳам қўйдириш мумкин бўлади

Ҳукумат қарорига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга электрон тарзда апостил қўйиш бўйича давлат хизматини давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали кўрсатиш тартиби жорий этилади. Бунда расмий ҳужжатларга анъанавий тарзда апостил қўйиш тартиби ҳам сақлаб қолинади.

  • Чет тилини билиш даражасини аниқловчи тест синовида қатнашиш бўйича мурожаатлар ЯИДХП орқали электрон тарзда қабул қилинади

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш, малака сертификати ёки маълумотнома олиш учун тест синовида қатнашиш бўйича мурожаатларни қабул қилиш ЯИДХП орқали электрон тарзда амалга оширилади.

Шунингдек, чет тилини билиш даражасини аниқлаш, малака сертификати ёки маълумотнома олиш учун тест синовида қатнашиш бўйича мурожаат қилганда талабгордан 3,5 х 4,5 см ўлчамли фотосуратни ҳамда давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини талаб қилиш бекор қилинади.

  • Туристик ташкилотлар ходимларини малакавий имтиҳондан ўтказиш бошланади

Ҳукумат қарорига кўра, туристик ташкилотларнинг ишчилари, гидлар (гид-таржимон), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар малакавий имтиҳонларини ўтказиш 2022 йил 1 мартдан бошлаб амалга оширилади.

  • «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади

Президент фармонига асосан суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

  • Чет тили фани ўқитувчиларининг сертификатга эга бўлишларига йўналтирилган ўқув курслари ташкил этилади

Ҳукумат қарори билан малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш кўникмаларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишларига йўналтирилган ўқув курслари ташкил этилади.

  • Молия вазирлигида Ички аудит хизматлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинади

Халқ таълими вазирлиги (4 та), Мактабгача таълим вазирлиги (4 та) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (4 та) тизимидаги ташкилотларнинг штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Молия вазирлиги марказий аппаратида 12 та штат бирлигидан иборат Ички аудит хизматлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинади.

  • Чавандозлар мактаблари ўз фаолиятини бошлайди

Президент қарорига мувофиқ, чавандозлар мактаблари фаолият бошлайди. Шунингдек, давлат буюртмасига асосан улар томонидан разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш тизими жорий этилади.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь