Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 07:44

Ҳужжатлар

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

  • 25.Мая.2022
  • 921

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан, кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, кекса авлод вакиллари манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттириш мақсадида:

1. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилсин:

а) ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан;

Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан бошқа органлар орқали пенсия олувчиларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган шартларда ва миқдорларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;

б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.

Бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Марказий банк ва тижорат банклари мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам тўловларининг икки ҳафта муддатда тўлиқ тўланишини таъминласин.

3. Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда мазкур қарор билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун зарур бўлган маблағларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Пенсия жамғармасига ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга ажратилишини таъминласин.

4. Ушбу қарорга мувофиқ кўрсатилаётган бир марталик моддий ёрдамнинг мақсадли ва манзилли етказилишини таъминлаш юзасидан қуйидагилар масъул этиб белгилансин:

Пенсия жамғармаси – бир марталик моддий ёрдам учун шакллантирилган тўлов қайдномалари бир кунда Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва бошқа тижорат банкларига етказилишини таъминлаш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки, бошқа пенсия ва нафақа тарқатувчи тижорат банклари, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан пенсия тайинловчи вазирлик ва идоралар – тегишлилиги бўйича бир марталик моддий ёрдам пуллари эгаларига ўз вақтида манзилли етказилишини ташкил этиш бўйича;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – бир марталик моддий ёрдамнинг ўз вақтида манзилли тарқатилишини таъминлаш ҳамда назорат қилиш юзасидан зарур чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича;

Молия вазирлиги – зарур маблағларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда пенсия тайинловчи тегишли вазирлик ва идораларга тўлиқ ва ўз вақтида ажратилиши бўйича.

Белгилансинки, уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқаролар тўланмаган моддий ёрдам пулларини 2022 йил 1 сентябрга қадар олиш ҳуқуқига эга.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари:

а) “Темир дафтар”га киритилган ҳамда мазкур қарорга асосан бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантирсин ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатсин;

б) ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва бошқа манбалар ҳисобидан бепул ун тарқатишни ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб боришни таъминласин.

Бунда, 2022 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволини мунтазам равишда ўрганиб боради.

6. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг маҳаллий бюджетлари орқали ҳудудий “Саховат ва кўмак” жамғармаларига иловага мувофиқ маблағ ажратилишини таъминласин.

7. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу қарор мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 25 май

Энг кўп ўқилганлар

Календарь