ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34732
23 November, 2024, 11:10
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, фитосанитар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минерал ўғит ва кимёвий воситаларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тизимини тўлиқ хусусий секторга ўтказиш, ташқи бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, минерал ўғитлар ва агрокимёвий хизматлар сифатини ошириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташкил этилсин.
2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖлар акциядорларининг:
“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖлар;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссиясини тугатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин;
“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖларни тугатиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Тугатиш комиссияси) таркиби 1-иловага мувофиқ ва унинг ҳудудий комиссияларининг (кейинги ўринларда – ҳудудий комиссия) намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Тугатиш комиссияси (Ш.М. Ғаниев):
уч ой муддатда “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖлар дебитор ва кредитор қарздорликларини белгиланган тартибда хатловдан ўтказиб, кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширсин;
икки ой муддатда “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖлар мол-мулклари ва асосий воситаларини хатловдан ўтказиб, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) ўтказиш ёки хусусийлаштириш чораларини кўрсин;
мол-мулк ва техникалар талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриб борсин.
4. Ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу йўналишда зарур ишлов бериш техникалари, агрометеостанциялар, биолаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар харид қилинишда давлат томонидан 2024 йил 31 декабрга қадар қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин:
а) қуйидагилар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилинади:
суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 баробаридан ошмайдиган миллий валютада ажратиладиган кредитлар учун фоиз тўловларининг харажатлари, Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 7 фоиз пунктдан кўп бўлмаган қисми;
тижорат банклари томонидан эквиваленти 10 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютада ажратиладиган кредитлар учун –тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, бироқ 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда фоиз;
б) ажратиладиган кредит таъминотининг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллик тақдим этади.
5. Қуйидагилар“Агробанк” АТБ томонидан:
ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига лабораторияларни ташкил этиш, ускуна ва техникаларни сотиб олиш ҳамда айланма маблағлари учун 200 миллиард сўмлик кредит линияси очилганлиги;
Қишлоқ хўжалиги йўналишида, шу жумладан, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар ва аҳолининг билим даражасини ошириш мақсадида “Агробанк” АТБ қошида “Фермерлар мактаби” ташкил этилганлиги;
Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий қилганлик учун 10 миллиард сўм миқдорида грант ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Агробанк” АТБнинг Тошкент вилоятида ўсимликларни ҳимоя қилишнинг комплекс хизматларини кўрсатувчи марказни (кейинги ўринларда – Намунавий марказ) ташкил этиш бўйича буюртмачи этиб “Агробанк” АТБни белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига “Агробанк” АТБ билан биргаликда Намунавий марказ тажрибаси асосида тадбиркорларнинг ўсимликларни ҳимоя қилишнинг комплекс хизматларини кўрсатувчи бизнес лойиҳаларини ташаббускорларнинг ўз маблағлари, банк кредити ва лизинг асосида босқичма-босқич ташкил этиб бориш вазифаси юклатилсин.
8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
9. Агентлик:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар фавқулодда вазиятларда зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) олти ой муддатда “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги ва “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар нормаларини қайта кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини киритсин;
в) жорий йил якунига қадар минерал ўғит ва кимёвий воситалар импорти, улгуржи ва чакана савдо фаолиятини лицензияланадиган фаолият турлари рўйхатига белгиланган тартибда киритиш чораларини кўрсин;
г) жорий йил якунига қадар:
хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ходимларини сертификатлаш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда айрим кимёвий воситаларни агроном-инспекторнинг тавсияси ва рецепти асосида ердан фойдаланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида сотиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) Агентлик билан биргаликда зарарли организмларга қарши кураш тадбирларини амалга оширишда агроном, фитопатолог, энтомолог, хим-биолог бўлган мутахассисларни иш билан таъминлаш мақсадида уларни ўқитиш ва малакасини ошириш орқали ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ, ўсимликлар клиникалари ва биолабораторияларга жалб қилиш тизимини шакллантирсин;
б) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М. Садиков) Агентликнинг “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизимини янада кенг жорий қилиш мақсадида соҳага оид барча фаолиятни ушбу тизимга интеграция қилишда тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
в) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (Б.Қ. Юсупалиев) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида зарарли моддаларнинг (пестицидлар, микотоксинлар, нитратлар, токсик элементлар, минерал ўғитлар ва бошқалар) миқдорини белгилаш ва уларнинг хавфсизлигига қўйиладиган талабларни халқаро стандартларга уйғунлаштирсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, янги тизимни самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи “Йўл хариталари”ни тасдиқласин ва унда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.
12. Агентлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда:
Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ишларини ташкиллаштирсин;
ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш тўғрисида телевидение орқали кўрсатувларни доимий намойиш қилсин ҳамда ижтимоий реклама сифатида уларни телевидение ва радиоканалларда жойлаштирсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги тўғрисида 2021 йилнинг 31 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 15 июль
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти