ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36738
01 April, 2025, 07:39
2025 йил 28 январда Ўзбекистон Республикасининг "Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 1022-сонли қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун суд-тергов жараёнларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:
Тергов судьялари ваколатларининг кенгайтирилиши. Қонунда тергов судьяларининг судга қадар бўлган жараёнда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини назорат қилиш ваколатлари белгиланди. Бу ваколатлар қаторига қамоққа олиш ёки уй қамоғига олиш эҳтиёт чораларини қўллаш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш ва узатиладиган ахборотни олиш каби масалаларни кўриб чиқиш киради.
Телефон сўзлашувларини эшитиб туриш тартибининг белгиланиши. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг телефон орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш фақат суднинг ажримига биноан амалга оширилиши белгиланди. Фавқулодда ҳолларда, суд розилигисиз ҳам бундай эшитишлар амалга оширилиши мумкин, бироқ бу ҳақда суд ва прокурорга 24 соат ичида хабар берилиши лозим.
Мулкни хатлаш тартибининг такомиллаштирилиши. Гумон қилинувчи ёки айбланувчининг оила аъзоларининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, кийим-кечак ва бошқа буюмлар хатлашдан мустасно этилди. Мулкни хатлаш фақат суд ажримига биноан амалга оширилиши белгиланди, фавқулодда ҳолларда эса терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан суд розилигисиз ҳам хатлаш мумкин, лекин бу ҳақда суд ва прокурорга 24 соат ичида хабар берилиши шарт.
Ушбу ўзгартиришлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фахриддин МАДРАҲИМОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси.
Бобуржон ҲУСАНБОЕВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти