Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 01:40

Ҳужжатлар

ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ САНОАТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

  • 06.Мая.2020
  • 1081

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

 

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ жаҳон иқтисодий инқирозининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги салбий таъсирини юмшатиш мақсадида:

1. Белгилансинки:

маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади;

маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.

2. Иловага мувофиқ импорт қилинадиган хомашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинсин.

3. Белгилансинки, 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади, унга биноан калава ва толадан ташқари, экспорт қилинадиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари (хизматлари) учун фойдаланилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхонасининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушган валюта тушуми суммасидан қатъи назар, ҳисобга олинади ҳамда экспорт қилувчининг ўрнатилган тартибда бериладиган аризасига асосан қайтарилиши шарт.

Бунда, қўшилган қиймат солиғининг қайтарилган суммаси ёки унинг бир қисми товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан бир юз саксон календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушмаган тақдирда, шунингдек, аризада қайтарилиши кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммаси асослантирилганлигини камерал солиқ текширувидан ўтказиш давомида аниқланган ғайриқонуний ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммаси 5 кун ичида пеня ҳисобланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилиши шарт.

Қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг мазкур банд билан белгиланган соддалаштирилган тартиби тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига улар томонидан охирги 12 ой давомида товарлар экспорти амалга оширилган, шунингдек, экспорт қилинган товарлар бўйича 10 минг АҚШ долларидан кўп миқдорда муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда татбиқ этилади. Бунда, товарлар экспорт божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан бир юз саксон календарь куни ичида валюта тушуми экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушмаган тақдирда, дебитор қарздорлик муддати ўтган деб ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагилар бўйича идоралараро ишчи гуруҳлари таркибини тасдиқласин:

тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг хомашёлари, материаллари, тайёр маҳсулотлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ходимларини ташиш ва логистика масалаларини тезкор ҳал этиш – транспорт вазири Э.Ганиев бошчилигида;

ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари таннархини пасайтириш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш – молия вазири Т.Ишметов ва Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев бошчилигида;

янги истиқболли ташқи бозорларни излаш, маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш – инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов бошчилигида;

либослар дизайни ва коллекцияларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни тармоқ корхоналарига жорий қилиш – “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И.Хайдаров бошчилигида.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси:

бир ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини глобал карантин чекловлари шароитида бажариш истиқболлари нуқтаи назаридан батафсил ўргансин ва истиқболсиз экспорт шартномалари ўрнига, биринчи навбатда, карантин чора-тадбирлари юмшатилаётган давлатлардаги ҳамкорлар билан янги шартномалар тузишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин;

икки ой муддатда экспортга йўналтирилган тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларига ихтисослашган жаҳон брендлари вакиллари билан ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларни, шу жумладан, республиканинг ишлаб турган корхоналари қувватларида тикиш бўйича йирик буюртмаларни шакллантириш юзасидан музокаралар ўтказсин;

“Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда халқаро ташкилотлар кўмагида АҚШ ва Европада тан олинган замонавий халқаро сертификатлар тармоқ корхоналари томонидан ҳар йили тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олинишини таъминласин;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Европа Иттифоқи, Туркия, Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи экспертларни мазкур соҳани ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатчилар сифатида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан жалб қилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва тижорат банклари билан биргаликда:

йирик тўқимачилик саноати корхоналари фаолиятини уларнинг молиявий барқарорлиги нуқтаи назаридан стресс-тестдан ўтказсин;

стресс-тест натижаларига кўра тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг унумдорлиги, молиявий самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифларни ҳамда маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати рақобатбардошлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда тармоқни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ой муддатда инфратузилма мажмуасини (сертификатлаш, стандартлаштириш, логистика ва бошқалар) яратишни ҳисобга олган ҳолда йирик ҳудудий тўқимачилик-тикувчилик кластерларида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари чиқариш бўйича экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни жойлаштириш ва уларни ривожлантириш юзасидан таклифларни киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 сентябрга қадар жаҳон брендларини жалб қилган ҳолда ташқи бозорларда талаб катта бўлган юқори қўшилган қийматга эга тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, уларни йирик ҳудудий тўқимачилик-тикувчилик кластерлари ҳудудида жойлаштириш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тасдиқланишини таъминласин.

Бунда ҳар бир янги тикувчилик-тўқимачилик ишлаб чиқариши, қоида тариқасида, машҳур халқаро брендлар маҳсулотларини реализация қилиш ва камида мингта иш ўрнини ташкил этишга мўлжалланган бўлиши лозим.

8. Белгилансинки:

а) 2020-2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари маблағлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун очилган тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтлари қарз маблағлари ва хорижий банклар кредит линиялари ҳисобига, шу жумладан, қуйидагилар орқали молиялаштирилади:

янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш;

икки-уч сменали иш режимидаги ишлаб чиқариш, энг аввало, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини тикиш фаолияти учун револьвер кредитлар тақдим этиш;

мустаҳкам экспорт шартномаларига эга бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини экспортолди молиялаштириш ҳажмларини кенгайтириш;

б) Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат захираларини бошқариш қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда маҳаллий корхоналардан 2020 йилда харид қилинадиган қуйидаги қўшимча ҳажмлар сотиб олинишини таъминласин:

қариялар уйларига етказиб бериш учун кийимлар ва пойабзаллар комплектлари, шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган қариялар учун қишки кийимлар ва пойабзаллар комплектлари;

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун формали кийимлар ва пойабзаллар комплектлари;

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муассасалари, касалхоналар, болалар боғчалари, қариялар уйлари учун чойшаблар, тўшаклар, ёстиқлар, ўрин ёпинғичлари ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари комплектлари;

давлат захираси номенклатураси бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

икки ҳафта муддатда ўз марказий аппаратлари тузилмасида белгиланган штат бирликлари доирасида тўқимачилик саноати масалалари бўйича тузилмаларни ташкил этсин;

бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг бутун даври (пахтани етиштиришдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача) бўйича қўшилган қиймат занжири шаклланишини батафсил таҳлил қилиш асосида маҳаллий тайёр маҳсулотларнинг экспорт бозорларида (шу жумладан, Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари ва АҚШда) рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг нарх шакллантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 5 май

Энг кўп ўқилганлар

Календарь