Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 10:08

Ҳужжатлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ ВА ҲИМОЯСИ АГЕНТЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

  • 16.Июля.2021
  • 2114

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўсимликларни зарарли организмлардан ишончли ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6262-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2021-2024 йилларда ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Вилоятлар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4а-иловага мувофиқ;

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг тузилмаси 4б-иловага мувофиқ;

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро битимлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

3. Агентликнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

4. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик бош директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

5. Агентликка қуйидаги вазифалар юклатилсин:

ўсимликлар карантини, ҳимояси ва агрокимё соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш;

тупроқ агрокимёвий таҳлилларини ўтказиш ва қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган барча турдаги минерал ва микробиологик ўғитлар сифатини назорат қилиш, тупроқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги пестицид, нитрат ва оғир металл тузлари қолдиқларини дала шароитида радиологик-токсикологик таҳлиллардан ўтказиш;

ўсимликлар карантини ва ҳимоясида прогноз тизимини такомиллаштириш, зарарли организмларга қарши курашнинг уйғунлашган самарали усулларини белгилаш ҳамда ижросини назорат қилиш, мониторинг олиб бориш, иқтисодий зарар етказиши мумкин бўлган зарарли организмларнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш ҳамда йўқ қилиш;

Ўсимликлар клиникалари ва биолабораториялар тизимини ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари ҳамда минерал ва микробиологик ўғитларнинг биологик самарадорлиги бўйича синовларни ташкил қилиш ва рўйхатдан ўтказиш, қишлоқ хўжалигида кимёлаштириш ва биологик воситалардан фойдаланиш соҳасида норматив, регламент ва стандартлар ишлаб чиқиш ҳамда кимёлаштириш ва биологик воситалар реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

фитосанитар хавфсизликни таъминлашда илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ривожлантириш, замонавий инновацион ечимлар, режалаштириш ва бошқариш усулларини жорий этиш, илғор технологиялар ҳамда иш усулларини жорий этишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, соҳада кадрларни тизимли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.

6. Агентлик, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖларни тугатиш бўйича Республика комиссиясининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) тугатилаётган “Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги:

чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматини “Ўзагрокимёҳимоя” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Агентликка ўтказиш;

тут парвонасига қарши кураш бўйича давлат буюртмасини бериш вазифасини Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига юклаш;

б) Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Ўсимликлар карантини тизимини ривожлантириш жамғармаси негизида Агентликнинг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма)ни қайта ташкил этиш;

в) Агентлик тизимида:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази негизида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда – Илмий-тадқиқот институти) ва унинг минтақавий филиаллари;

Илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидаги филиаллари;

“Агрокимё станцияси” МЧЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Республика агрокимёвий таҳлил маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

“Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси” МЧЖ ва “Республика “Биосифат” марказий лабораторияси” МЧЖ негизида “Биосифат” республика марказини ташкил этиш;

Бунда “Агрокимё станцияси” МЧЖ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг, “Республика “Биосифат” марказий лабораторияси” МЧЖ ва “Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси” МЧЖнинг улуши тўлиқ Агентликка ўтказилади;

г) “Агрокимё станцияси” МЧЖ ҳудудий филиалларининг лабораторияларини модернизация қилиш мақсадида сотиб олинган замонавий лаборатория асбоб-ускуналарини ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖларнинг устав капиталидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Республика агрокимёвий таҳлил маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари балансига бериш.

7. Белгилансинки:

2021 йил 1 августдан бошлаб Илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиаллари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино
ва иншоотларини сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиалларига ажратилган хоналарни зарур ташқи муҳандислик коммуникациялари ҳамда инфратузилмасига улаш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш ишлари Жамғарма ҳамда халқаро грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиаллари ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиалларини сақлаш харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Агентликка ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Илмий-тадқиқот институти, Марказ ва “Биосифат” республика маркази давлат муассасаси шаклидаги юридик шахслар ҳисобланади;

Илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиаллари, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари, “Биосифат” республика маркази, Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари республика бюджетидан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари асосида ажратиладиган грантлар, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун шартномалардан тушум, халқаро молия институтлари грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади;

мазкур қарорнинг 8-бандига мувофиқ ташкил этилган муассасалар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ушбу муассасалар тузилиши учун асос қилиб олинган ташкилотларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

9. Қуйидагилар:

а) Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Жамғарма маблағлари;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак воситалари ва грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

импорт ва транзит карантин рухсатномалари, халқаро, ички ва реэкспорт фитосанитария сертификатлари, транспорт бирлигини очиш ва карантин кўриги далолатномаси расмийлаштирилишидан олинадиган тўловлар;

ўсимликларни ҳимоя қилишда қўлланиладиган кимёвий воситалар, минерал ва органик ўғитларни сақлаш, реализация қилишни лицензиялашдан олинадиган тўловлар;

кўрсатилган лаборатория таҳлиллари хизмати учун олинадиган тўловлар;

зарарсизлантириш (фумигация) ишлари ўтказиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун олинадиган тўловлар;

биолабораториялар фаолияти учун бериладиган техник рухсатнома ва биомаҳсулот сифати бўйича сертификатлар учун олинадиган тўловлар;

кимёвий ва биологик ҳимоя воситаларининг биологик самарадорлиги бўйича ўтказиладиган синовлар учун олинадиган тўловлар;

маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қонунчиликка мувофиқ ундириладиган жарималар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни ҳал этиш, илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.

10. Агентлик ва унинг тизимида янгидан ташкил этилаётган ташкилотларнинг штат бирликлари ҳамда бошқа харажатларини қоплашга қўшимча равишда талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджетининг 2021 йил параметрларида зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан қоплансин.

11. Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг яхлит тизими яратилаётганлиги ва ушбу тизимнинг фаолияти биринчи навбатда ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари тарқалишининг олдини олишга қаратилганлигини ҳисобга олиб, зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида Агентлик учун 50 миллиард сўм маблағ кўзда тутилсин.

12. 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан Жамғармага келиб тушадиган давлат божи ва йиғими кўринишидаги тушумларнинг 25 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдори Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилсин.

13. Агентлик бош директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Агентликнинг марказий аппарати ва унинг қуйи ташкилотлари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари, Агентликка идоравий мансуб ташкилотлар низомлари ва тузилмаларини, шунингдек, улар бошқарув ходимларининг белгиланган сонини тасдиқлаш;

ишлаб чиқариш зарурати ва иш юкламасидан келиб чиқиб Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини жорий этиш;

бўйсунувдаги идораларнинг низомини тасдиқлаш;

малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ишга ёллаш.

14. Агентликка, унга юклатилган вазифаларни бажариш учун агродронларни Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси орқали олиб кириш ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан улардан фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.

Агентлик томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги уч кун муддатда агродронларни ишга тушириш учун рухсатнома берсин.

15. Агентлик:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказий ва йирик шаҳарларида ҳамда Тошкент шаҳрининг барча туманларида манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ҳамда гулларни зарарли организмлардан ҳимоя қилишда алоҳида назоратни амалга оширсин;

бир ой муддатда Республика агрокимёвий таҳлил маркази, Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ва "Биосифат" республика маркази тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бир ой муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказий ва йирик шаҳарларида ҳамда Тошкент шаҳрида давлат унитар корхонаси шаклида Манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ва гулларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш марказини қуйидаги вазифалар юклатилган ҳолда ташкил этиш чораларини кўрсин;

манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ҳамда гулларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;

манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ҳамда гулларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш бўйича препаратлар ҳамда минерал ўғитлар захираларини шакллантирсин.

17. Қуйидагилар:

Агентликнинг марказий аппарати Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус кўчаси, 77а-уй;

Илмий-тадқиқот институти ва "Биосифат" республика маркази Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бобур кўчаси, 4-уй;

Марказ Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бобур кўчаси, 8-уй манзиллари бўйича жойлаштирилсин.

18. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Агентлик зиммасига юклатилган назорат механизмларини такомиллаштириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.

19. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 15 июль

Энг кўп ўқилганлар

Календарь