Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 08:34

Ҳужжатлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИ КОНЦЕПЦИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ ВА УНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

  • 30.Ноября.2021
  • 838

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6196-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида:

1. Жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган:

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 2-иловага мувофиқ;

2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Концепция, Стратегия ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан масъулият жамоат хавфсизлигини таъминловчи давлат органларининг шахсан биринчи раҳбарларига юклатилсин.

2. Концепция ва Стратегияни босқичма-босқич амалга оширишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) – 2023-2025 йилларда ҳар йили жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий қилиш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ҳамда ижросини қатъий назоратга олсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши (В.В.Махмудов) – ҳар ярим йилда давлат органлари раҳбарларининг “Йўл харитаси” ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган манзилли чора-тадбирлар дастурлари ижроси, шу жумладан, мазкур дастурларнинг ҳудудлар кесимида амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйсин.

3. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

2022-2023 йилларда туман ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмалари босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, ягона бошқарув тизими асосида туманлараро хизмат ўташ тамойилига мувофиқ қайта ташкил этилади.

Миллий гвардия (Р.М.Жўраев):

Адлия вазирлиги (Р.Қ.Давлетов) билан биргаликда бир ой муддатда жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Миллий гвардияга берилиши бўйича қонун лойиҳасини киритсин;

бир ой муддатда ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2022 йилда Наманган, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни кенгайтириш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов, Б.Т.Абдуллаев):

Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудларнинг криминоген вазияти ва аҳоли зичлигидан келиб чиққан ҳолда туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш чораларини кўрсин;

2022 йил 1 майга қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари конвой фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизимини жорий этсин.

4. Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;

жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш;

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш;

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Т.Абдуллаев зиммасига жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги жорий этилаётган бошқарув тизимини самарали йўлга қўйиш ҳамда Департаментнинг асосий вазифалари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Департамент Стратегия, “Йўл харитаси” ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар дастурларининг амалга оширилиши доирасида:

мунтазам мониторинг олиб бориб, белгиланган чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли давлат органларига киритади;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида эришилган натижалар ва аниқ кўрсаткичлар акс эттирилган батафсил ахборотни доимий равишда кенг жамоатчиликка етказиб боради;

ҳар чоракда умумлаштирилган ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритади ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига тақдим қилади.

6. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари томонидан ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериш, шунингдек, мазкур йўналишда кўрилаётган чораларнинг натижаларини танқидий муҳокама қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилади;

республикада жамоат тартибини оммавий бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганда ваколатли идораларнинг ҳаракатларини умумий мувофиқлаштириш вазифаси Департамент зиммасига юклатилади ҳамда унинг қошида ягона идоралараро бошқарув штаби ташкил этилади;

Департамент бошлиғи ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тадбирларининг ягона мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади;

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилади.

Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов, Б.Т.Абдуллаев):

ваколатли давлат органлари билан биргаликда икки ой муддатда алоҳида шароитларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мавжуд куч ва воситаларни тезкор ва ягона идоралараро бошқариш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ички ишлар органлари профилактика ва пробация инспекторлари, патруль-пост ва йўл-патруль хизмати ходимларининг фаолиятини баҳолаш тартибини танқидий қайта кўриб чиқсин ва самарадорлик индикаторларини ўз ичига олувчи рейтинг тизимини жорий этсин.

7. Маҳаллада жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари профилактика инспекторлари зиммасига юклатилган вазифалар мақбуллаштирилсин ва уларнинг ягона рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

профилактика инспекторларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашиш тақиқланади;

2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади;

профилактика инспекторлари учун Ички ишлар вазирлиги Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларидан иккитадан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан биттадан профилактика инспектори Департамент бошлиғи тақдимномасига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.

Ички ишлар вазирлиги (Б.Т.Абдуллаев, А.И.Икрамов) икки ой муддатда профилактика инспекторларининг ҳудудда, хусусан шаҳар ва қишлоқ шароитида фаолият олиб бориши бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи моделларни амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин ва улар бўйича ўқитиш тизимини йўлга қўйсин.

8. Белгилансинки:

пробация инспекторларининг фаолияти ҳудудий профилактика инспекторлари билан кунлик узлуксиз ҳамкорликда ташкил этилади;

пробация инспекторлари зиммасига профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдагиларнинг шахсини ўрганиш ва уларни ижтимоий мослаштириш ишларида профилактика инспекторларига амалий-услубий кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалар юкланади.

9. Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг пробация тизимини янада такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

пробация назоратидаги шахсларга ўрнатиладиган чекловлар доирасини, чекловларга риоя этишни таъминлаш ва назорат қилишнинг механизмларини аниқ белгилаш;

пробация назоратидаги шахсларга нисбатан юритиладиган ҳужжатларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби ва асосларини белгилаш;

пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий-психологик ёрдам бериш ҳамда касб-ҳунар ўрганиш ва ишга жойлашишда кўмаклашиш тадбирларини, мутасадди органларнинг вазифаларини аниқ белгилаган ҳолда, якка тартибдаги ижтимоий мослаштириш дастури асосида амалга ошириш;

пробация назоратидаги шахслар ижтимоий-психологик портретининг ягона шаклини, уларни тоифаларга ажратиш мезонларини, янги жиноят содир этишнинг олдини олиш тартибини белгилаш.

Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов), Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) икки ой муддатда мазкур фармонни инобатга олган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида “Пробация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.

10. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов), Миллий гвардия (Р.М.Жўраев) икки ой муддатда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг шахсий таркиб ва унинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир барча қонун ва қонуности ҳужжатларнинг нормаларини ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирувчи ҳамда ижтимоий ҳимоя чораларини қўллашнинг аниқ ва тўлиқ механизмларини белгиловчи Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ички ишлар органларининг ҳудудий патруль-пост хизмати таркибида ўз маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич отлиқ отрядларни ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонунчиликка ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Р.М.Жўраев белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Б.Д.Исламов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти     Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 29 ноябрь

Энг кўп ўқилганлар

Календарь