ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:16
Коронавируснинг географик қамрови кенгайиб бораётгани сабабли ўқиш, бизнес, саёҳат ва бошқа эзгу мақсадлар билан дунёнинг турли мамлакатларида бўлиб турган юртдошларимизни ватанимизга олиб келиш давлатимиз раҳбари ва ҳукуматининг диққат марказида турибди.
16 март куни Наманган халқаро аэропортига Эрондан ва Рига шаҳридан чартер рейс билан учган Мудофаа вазирлигига қарашли самолёт ва “Uzbekistn Airways” МАК нинг замонавий лайнери 15 дақиқа оралиқ фарқи билан, яъни соат 21.45 ва 22.00 да қўнди. Уларнинг бортида Эрон (37 киши) ва Латвия (175) давлатларидан олиб келинган жами 200 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқаролари бор эди.
Махсус рейслар йўловчилари вилоят ҳокимлиги ҳузурида тузилган штаб, соғлиқни сақлаш бошқармаси, санитария эпидемиология назорати маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи комиссиялари томонидан коронавирус тарқалиши профилактикасига доир белгиланган чора-тадбирлар асосида кутиб олинди.
Дастлаб махсус кийим-бошлар билан ҳимояланган тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан йўловчилар бирма-бир дезинфекция қилиниб кейин самолётдан чиқарилди ва улар автобусларда тиббий назорат карантинида сақлаш учун тайёрлаб қўйилган тиббиёт муассасаларига жўнатилди.
– Эронга борган эдик, коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашиб, халқаро авиақатновлар бекор қилиниб, қолиб кетдик, – дейди ҳарбий самолётдан тушган йўловчилардан бири А. Акбаров. – Бошқа давлатлар ҳам ўз чегараларини ёпиб қўйди. Бироқ, давлатимиз томонидан бу масалада яна бир бор инсонпарварликнинг олий намунаси намоён этилди. Бизни қайтариб олиб келишди. Шодликда ҳам, ташвишда ҳам ўз ватанингда бўлганингга етмайди. Мен ўзим ҳам шифокорман, вирус, бундай касаллик нималигини жуда яхши тушунаман. Шунинг учун бугун бирга келган ҳамюртларимиз орасида коронавирус юқтирганлар йўқ деб ўйлайман. Мана шу рейсда келганлар номидан Президентимизга, Эрондаги элчи ва консуллармиз ҳамда шу тадбирга алоқадор барча инсонлардан беҳад миннатдорлигимизни билдираман.
– Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман, – дейди Эрондан келган чартер рейснинг йўловчиларидан яна бири Г.Қосимова. – Тадбиркорлик соҳасида шартнома тузгани борган эдик, қолиб кетдик. Коронавирус ваҳимаси тобора кучайиб кетгани боис, бизнес ҳам кўзга кўринмай қолди. Лекин қани энди, Эрондан чиқиб кета олсак! Мана худога минг бор шукур, юртимиз тупроғида турибмиз. У ёқда ҳам қийналганимиз йўқ, элчихоналаримиз томонидан биз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Мўминов сўзларига кўра, Эрон ва Ригадан олиб келинган юртдошларимиз Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Косонсой сиҳатгоҳларидаги махсус тайёрлаб қўйилган жойларга ётқизиб, 14 кунлик карантин назоратига олинади.
Акрамжон САТТОРОВ,
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ (сурат),
ЎзА
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти