ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35101
21 December, 2024, 08:15
Маълумки, ҳар бир транспорт ҳайдовчисидан белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши лозим. Лекин, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўп кузатилмоқда ва бугунги кунда бу хатолар фото ва видеомосламалар орқали аниқланмоқда. Баъзи ҳайдовчилар жарима қўлланилганини билса-да, 60 кун ичида бартараф этиш чораларини кўришмаяпти. Бу эса ўз навбатида маъмурий жарималарни мажбурий тартибда ундиришга сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ жарималарни ундириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, йўл ҳаракатларини бузиб, қўлланилган жарималарни тўламаётган ҳайдовчиларга нисбатан тегишли чоралар қўланилмоқда.
Куни кеча олиб борилган тадбирлар давомида 50 та маъмурий жаримаси бор ва уни тўламай келаётган ҳайдовчининг транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига тортилди.
Маълум бўлишича, Наманган туманида яшовчи Ш. Юсупов “уддабуронман”, қўлланилган жаримани тўламасам ҳам бўлади, деган ўй-хаёлда юрган шекилли. Йўқ, ундай бўлмади. Бюронинг Наманган туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида ҳайдовчи огоҳлантирилган. Бундан тўғри хулоса қилмаган ҳайдовчи бошқарувидаги “Ласетти” вақтинчалик жарима майдончасидан жой олди. Энди Ш. Юсупов жами 18,4 млн. сўм қарздорликни тўлайди, кейин белгиланган талаблар асосида машинасини минади.
Авазбек РАҲМОНОВ,
МИБ Наманган туман бўлими бошлиғи
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти