Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 08:59

Жамият

7-ИДУМ – республикада мутлоқ ғолиб

  • 10.Октября.2023
  • 677

Наманган шаҳридаги 7-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби вилоят миқёсида энг жамоаси катта таълим муассасаларидан ҳисобланади. Бу ерда 4100 нафардан ортиқ (!) ўқувчига 212 малакали педагог таълим-тарбия беради.

Мактаблар эришаётган муваффақиятлар унинг ўқувчилари қўлга киритаётган ютуқларда намоён бўлади. Адашмасак, ушбу 7-ИДУМнинг обрў-эътибори узоқ йилларга боради. Бу шараф, бу нуфузни ҳозиргача ва бундан кейин ҳам сақлаб қолиш йўлида педагогик жамоа жоиз бўлса, тиш-тирноғи билан-да  курашиб, меҳнат қилиб келаётир.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда Президент соврини бўйича ўтказилаётган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда бугун ҳикоя қилаётганимиз – 7-ИДУМ мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб, 1-ўринга сазовор бўлди.

– Бу ғалабани кутганмидингиз? – сўраймиз ўқувчиларини мазкур танловга  тайёрлаган олий тоифали инглиз тили фани  муаллималари, қатор сертификатлар, вазирлик устамаси эгалари  Нилуфар Хашимова билан Саодатхон Абдуллаевалардан.

– Ҳа, кутгандик ва йил бўйи қаттиқ ҳаракат қилгандик. Чунки, ўтган йили республикада 2-ўринни олгандик-да. У бизга жуда катта репетиция, мустаҳкам замин бўлди, – дейди Нилуфархон.

7-, 8-, 9-синф ўқувчиларига мўлжалланган бу тадбирда бу сафар мактабнинг шаҳар, вилоят босқичларида ғолиб бўлган беш нафар ўқувчи қизимиз – Диёра Низомова, Сарвиноз Ҳабибуллаева, Гулсора Исманова, Мубина Қаҳҳорова, Райҳона Маҳмудовалар қатнашди. Улар аввалига мактаб ва шаҳар шарафи учун беллашган бўлсалар, пойтахтда Наманган вилояти шаъни, илм салоҳияти учун сидқидилдан курашдилар.

– Танлов бениҳоя шаффоф ва адолатли  ўтди. Гапимни эшитганлар ғалаба қозонгани учун шундай деяпти-да, дейишлари мумкин. Йўқ, ундай эмас. Танловда иштирокчилар инглиз тилида олган билимларини бешта йўналишда: оғзаки нутқ, гаплашиш, ўқиш, ёзиш ва тушуниш бўйича синовдан ўтказдилар. Натижалар сунъий интеллект ёрдамида баҳоланди. 180  баллик кўрсаткичдан 174 баллга муяссар бўлдик, – дейди Саодатхон Абдуллаева.

Билимдонларга 500 000 000 сўм пул мукофоти ва Англияга бепул саёҳат йўлланмаси тақдим этилди.

Ютуқлар тантанаси Наманганда давом этди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов устозу шогирдларни қабул қилиб, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларини топширди.

– Фақат инглиз тилини пухта ўрганиш билан чекланиб қолмаслик керак. Кўпчиликда биргина чет тилини ўзлаштирса бўлди – дунёга йўл очилаверади, деган хато фикр бор, – дейди танлов ғолибаларидан бири Мубина Қаҳҳорова. – Йўқ, у бир восита, холос. Биргина, тилни билсангиз хорижга бориб, ошхонада пицца ташувчи бўлиб ишлашдан бошқага ярамайсиз. Америка ё Англияда эса инглиз тилини уларга ўргатиш шарт эмас. Бошқа фанларни, айтайлик, математика, физика, кимё ё биологияни инглиз тилида ўқиб, ўзлаштирсангиз – ҳар жиҳатдан устун, ўз касбининг устаси бўла оласиз. Ана шундагина сизга ҳамма эшиклар очилаверади.

Дарвоқе, 2023 йил мактаб жамоаси учун бениҳоя унутилмас, хушнуд воқеаларга бой бўлди. Кейинги маълумотларга кўра, бу йил 11-синфни 218 ўқувчи тамомлаган. Битирувчиларнинг 83 нафари  ўзимиздаги ва  хориждаги олий таълим муассасаларининг талабаси бўлди. Аксарияти давлат гранти асосида. Директорга хушхабарлар оқими келишда давом этяпти. Бу – ҳозирча 40 фоизли натижа!

Айтинг-айтинг, бу сўзларни ўқиётганлар орасида фарзандларини, набираларини 7-ИДУМда ўқитишга иштиёқмандлар кўпаймаса бўлди. Ахир, қувончнинг ҳаддан зиёди  ҳам кишини шошириб қўйиши, зиммасидаги масъулият юкини янада оғирлаштириши мумкин-да.

Рислиқхон МАЖНУНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь