ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35113
22 December, 2024, 06:01
Бюро органлари иш юритувига келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш гоҳида осон кечмаслиги ҳақиқат. Айниқса, ота ёки она бағрида юрган болаларни суд ҳукми билан у ёки бу фуқарони тарбиясига олиб бериш.
Куни кеча бюронинг Наманган шаҳар бўлими иш юритувидаги шундай мазмундаги ҳужжат ижроси оз эмас, кўп эмас нақд 8 соатдан ошиқроқ вақтда ижобий якунига етди. Яъни, 6 ёшли жажжигина қизалоқ она тарбиясига олиб берилди. Қизиғи, олиб берилганда ҳам болани уй ичидаги шкафдан топилгандан сўнг онага қайтарилди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 29 ноябрдаги варақасига асосан қарздор Н. М. дан 2 нафар вояга етмаган фарзандларни ундирувчи Ж. О. фойдасига олиб бериш белгиланган.
Жорий йилнинг 11 март куни олиб борилган мажбурий ҳаракатлардан сўнг катта фарзанд она тарбиясига олиб берилган. Лекин қарздор Н. М. эса кичик фарзандини бергиси келмай, суд ҳукмини ихтиёрий бажаришдан бош тортиб, беркитиб юради.
Шундан келиб чиққан ҳолда бошқарма ходимлари томонидан қидирув эълон қилиниб, кузатув ишлари олиб борилади. Бу ишлар самара бериб, жорий йилнинг 12 август куни бола отаси билан Наманган шаҳридаги кўп қаватли яшаш хонадонига келишади.
13 август куни давлат ижрочиси, бошқарма масъуллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида яшаш хонадонига борилганда қарздор ва унинг оила-аъзолари болани бермаслик мақсадида турли баҳоналарни излашади. Ўртадаги тала-тўплардан сўнг мажбурий ижро ҳаракат пайтида болани беришмайди.
Шундан сўнг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда бола шкаф ичига яшириб қўйилгани маълум бўлди. Бола психолог кўрикларидан ўтказилиб, она бағрига эсон-омон топширилди. Шу билан бўлим иш юритувидаги ҳужжат ижроси таъминланди.
Отабек ОТАЖОНОВ,
МИБ Наманган шаҳар бўлими бошлиғи
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти