ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:41
Вилоят ички ишлар бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан берилган маълумотларга қараганда, 2021 йил давомида 59 827 та йўл ҳаракати қоидалари қўпол равишда бузилган. Буларнинг 1082 таси аянчли тарзда якун топиб, 194 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Жорий йилнинг 4 ойида эса 10 891 та йўл ҳаракати қоидаси бузилган бўлса, шуларнинг 327 тасида автоавария ҳолатларини кўриш мумкин. Бунинг натижасида 51 та ҳолат ўлим билан тугаган.
Бундан кўриниб турибдики, ҳайдовчилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик аянчли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Шундай кўнгилсиз, одамнинг таъбини хира қиладиган воқеа ва ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 15 майидан 15 июнига қадар «Қоидаларга йўл ҳам бўйсунади» шиори остида йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳуқуқий саводхонлик ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида вилоят адлия бошқарамаси ҳамда ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида ҳайдовчи ҳамда пиёдаларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, йўлларда тартибли ҳаракатни ташкил этиш ва шу орқали содир бўлиши мумкин бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида шаҳарнинг энг гавжум маскани бўлган «Чорсу» деҳқон бозори ҳудудида тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Тадбирларда йўловчи ва ҳайдовчиларга ҳаракат давомида йўл қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгартиришларни ўз ичига олган буклет ва флаерлар тарқатилди.
Халқаро Гуллар фестивали бўлиб ўтаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам тарғибот тадбири ўтказилди. Унда фуқароларга қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиланишлар хусусида маълумотлар берилди. Шу куни «Huquq taxi» лойиҳаси доирасида Наманган шаҳри бўйлаб йўловчилар ўртасида викторина ўтказилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бўйича савол-жавобларда фаол иштирок этган йўловчилар ўз манзилига бепул етказилиб, бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
Ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳайдовчи ва йўловчиларни йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига ривоя қилишларига кўмаклашиш ҳамда уларни қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлардан хабардор қилишдир. Йўлларда белгиланган қоида ва меъёрларга амал қилиб тўғри ҳаракатланиш, ўзингиз ва ўзгалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фозилжон ЖЎРАБОЕВ,
вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти