Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

23 December, 2024, 11:34

Жамият

Анҳорлар равон, қирғоқлари оромижон бўлади

  • 16.Февраля.2022
  • 785

Таҳририятимизга олий маълумотли, зиёли бир фуқаро келиб, эндиликда тегишли ташкилот томонидан эътироф этилган ўз ихтироси ҳақида маълумот берди. Янгиликнинг мазмуни шуки, экилган навниҳолларни парваришлашда  деярли сув сарфланмайди. Йўқ, бу томчилатиб суғориш усули эмас, балки, номи ўзи билан жуда долзарб ихтироки,  тафсилотларини газетамизнинг келгуси сонларида тўла  баён қиламиз. Яъни, бу алоҳида мавзу бўлгани ҳолда,  мақоламиз мазмунига ҳамоҳанг эканлигидан келтириб ўтдик, холос.  

Маълумки, анъанавий суғориш жараёнида  канал ва ариқларнинг ҳолати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигидан ташқари,  аҳоли  бандлигини  таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш  борасидаям муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Зеро, ҳаёт манбаи – сув бўлганидек, сув тармоқлари – экин майдонларига ҳаёт бағишловчи «шоҳ томир» кабидир. Ўрни келганида Шимолий Фарғона каналини янада мажозлироқ усулда таърифлаб, «Наманганнинг юраги» ҳам де-йилибди. Мутахассисларнинг эътироф этишича,  суғориладиган майдонлардаги ҳосилдорлик  суғорилмайдиганига нисбатан 8-10 мартагача юқори бўларкан. Ҳосилдорлик чандон юқори бўлса, деҳқонниям, фермерниям, тадбиркорниям ва албатта, томорқачиниям  пичоғи мой устида бўлади-да.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги «Наманган вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридаям асосий эътибор Наманган шаҳрининг эски шаҳар ҳудуди инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шаҳардаги Янгиариқ, Шимолий Фарғона канали ва Намангансой қирғоқларини  ободонлаштиришга қаратилгани бежизгамас. Бугун «Наманган юраги»нинг мазкур шоҳтомирларида Президентимиз махсус қарорининг ижроси доирасида  кенг кўламли  ободонлаштириш воситасида тозалаш, равонлаштириш,  таъбир жоиз бўлса, ёшартириш,  навқиронлаштириш муолажалари – ишлари жадал давом эттирилмоқда. 

«Наманган юраги»нинг қисқача тарихи

2010 йилда Шимолий Фарғона каналининг 70 йиллигига бағишлаб, Муҳаммад Мирзо, Неъматжон Обидшоев, Мамадали Нишоновлар  ҳаммуаллифлигида ёзилган  ва «Фарғона» нашриётида чоп этилган «Рисқу насиба оқар» номли бадиий публицистик-нашрда  қуйидаги маълумот келтирилади: «Сўнгги  икки юз йил  ичида  сув таъминотида  катта ўзгариш ясаган  йирик ирригация иншооти – Янгиариқ каналидир. Бугун  Наманган шаҳридан (Курашхона, вилоят шифохонаси ва темирйўл вокзали жанубидан) ўтган каналнигина  Янгиариқ деб тушунадилар... «Наманган  воҳасининг  суғорилиш тарихидан» (Й. Қосимов, «Фан», 1988) монографиясида эса каналнинг яна бир номи Мутаган ариғи эканлиги айтилиб, канал битган сана 1803 йил деган хулосага келинган...» (6-бет) 1940 йилда Янгиариқ ҳам, ундан сув олувчи Рўзимбой канали ҳам дала ва боғлар эҳтиёжига яраша сув беролмай қолгач, Шимолий Фарғона канали қурилишига қўл урилди. Канал қурилиши 18 февралда бошланган ва 23 июль куни сув очилган. (Ўша манба 10-бет).  Шунингдек,  2011 йилда Абдулла Жаббор томонидан тузиб, нашрга тайёрланган  ва «Наманган» нашриётида чоп этилган «Наманган вилояти» номли адабий-бадиий нашрда  мазкур Янгиариқ ҳақида шундай маълумот келтирилади:  «ЯНГИАРИҚ – вилоятдаги  катта ариқ. Норин дарёсидан сув олади. Наманган шаҳри ва атроф қишлоқларни сув билан таъминлайди. 1803 йилда наманганлик уста Эсонбой лойиҳаси асосида  хонлик, бадавлат кишилар  маблағи  ва халқ кучи билан  қазиб, ишга туширилган. 1819 йилда кенгайтирилган ва узайтирилган. Янгиариқнинг узунлиги  100 верст (106 километр, 680 метр) бўлган. Дақиқасига 4 кубометр сажен (8,55 кубометр) сув оқиб турган. 1890 йилда  Янгиариқнинг ирмоғи Рўзимбой ариғи қазилди... Шимолий Фарғона канали қурилгач (1940 йил), Янгиариқ каналнинг чап ирмоғига айланиб қолди... Янгиариқ Наманган туманининг Тепақўрғон қишлоғи поёнида Косонсойга қуйилади».

Хуллас,  Учқўрғон шаҳри яқинида Норин дарёсидан бошланадиган Шимолий Фарғона каналининг вилоятимиз ҳудудидан ўтадиган қисми 144 километр бўлиб, сув ўтказиш  қобилияти сониясига 115 кубометр бўлган ушбу каналнинг иккинчи навбати   Иккинчи жаҳон урушидан кейин қуриб битказилгач, Ўзбекистонимизда  63242 гектарни суғориш   имконини берди. Бугунги кунда бошқа соҳалар қатори ирригация тармоқларига алоҳида эътибор қаратилиб, юқорида келтирилган қарорда белгиланганидек, катта миқдорда молиявий ресурслар ажратилмоқда.

Йигирма йил аввал ва ҳозир...

Шимолий Фарғона канали қазилгандан буён қаровсиз ташлаб қўйилмаганлиги аниқ. Бундан йигирма йил аввал каналнинг  атиги 500 метр қисми бетонланган бўлса, бугунги кунда  82 ёшли  ушбу суғориш тизимининг етти километрли ва Янгиариқнинг 3,5 километрли масофасида олиб борилаётган  ишларга   жами  105 миллиард 850 миллион сўм харжланади.  Аввалги таъмирлаш, сув йўлини равонлаштириш ишларидан бу сафаргисининг фарқи ва кўламиям анча катталиги шундаки, биринчи навбатда ШФКнинг  қирғоқларида бетонлаш ишлари амалга оширилиб,  икки ён қирғоқларида махсус велосипед йўлакчалари, пиёдалар юриш йўлаги барпо этилиб,  ёритиш чироқлари ўрнатилади.  Кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилиб, аҳолининг маданий ҳордик чиқариши учун шинамгина  қулайликлар яратилади.  Ана шу 7 километрлик оралиқда жами 12 та спорт-соғломлаштириш майдончалариниям қуриш кўзда тутилган бўлиб,  ишлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Ишлар жадал ва сифатли бўлиши керак

– Каналнинг ён қирғоқларини бетонлаш ишларининг яна бир афзаллиги шундаки,  оқаётган  сувнинг фильтрацияси кама-йиб, оби ҳаётдан фойдаланиш коэффиценти кўпаяди, – дейди  «Намангансувқурилишинвест» Давлат муассасаси лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими бошлиғи Султонхон Низомов. –  Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тақчиллигини камайтиришга эришилади. Бугунги кунда Фарғона каналида қирғоқларни бетонлаш ишлари якунланиб, сув очилди. Эндиликда қирғоқларда ерни текислаш, тупроқ тўкиш, безаш, пиёдалар йўлагига брусчатка ётқизиш каби ишлар давом эттирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, қурилиш, таъмирлаш ва пардозлаш ишларини шу йил сентябрь ойида якунлаш режалаштирилган. Бу борада  «Янгиқўрғон сервис қурувчи», «Попмахсуссувпудрат», «Миродил вақт инвест», «Водий индустрия», «Насос таъмир» МЧЖ каби бешта пудратчи ташкилотнинг 350 нафар муҳандис-техник ва  ишчи-ходими  сафарбар этилган. Буларнинг фаолиятида  унумдорлик, сифат ҳамда самарадорлик  бош мезондир. Дарвоқе, қурилишда бажарилаётган  ишларнинг сифату самарадорлиги ҳақида гап  кетаркан буни  замонавий техникаларсиз тасаввур қилиш амри маҳолдир. Кавлаш, текислаш, бетонлаш ва ташиш жараёнларида «Люгонг-205», «Жунянг-925» русумли 30 та эксковатор, ўттиз тоннали 40 та «ҲОВО», «МАН» русумли  юк ташувчи машина ҳамда 20 та миксер, «Люгонг-140», «Четра-140» русумли 5 та бульдозер ишчиларнинг оғирини енгил қилмоқда.

Умуман ишлар поёнига етгач, аҳоли учун ёзнинг жазирама  иссиқ кунларида канал қирғоқлари атрофида маданий дам олиш имконияти ҳам бўлади. Наманган шаҳрининг инфратузилма  қиёфаси янада гўзаллашиб, ҳуснига ҳусн қўшилади. Зеро, инсоннинг қадри ва  фаровонлиги омили олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг бош мезонидир.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.
Илҳомжон ҚОСИМОВ,
Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь