Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 02:52

Жамият

Аномал совуқда штаб узлуксиз ишлайди

  • 10.Января.2023
  • 616

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қосимали Аҳмедов ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш идоралари раҳбарлари иштирокида аномал совуқ ҳаво шароитида қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумки, “Ўзгидромет” томонидан жорий йилнинг 15 январига қадар мамлакатимиз ҳудудларида аномал совуқ об-ҳаво кузатилиши, республика бўйлаб ёғингарчилик ва кучли шамол эсиши ҳамда бўронлар юз бериши ҳақида хабар берилди. Яқин бир ҳафта давом этадиган айни шароитда қиш мавсумини беталофат ўтказиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Энг аввало, вилоят ҳокимлиги, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, гидрометорология, автобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармалари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддиларидан иборат, куну тун узлуксиз равишда фаолият олиб борадиган штаб ташкил этилди. Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари қошида ҳам штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, унда электр энергияси, газ, сув истеъмолчиларидан келаётган мурожаатлар зудлик билан авария тиклаш бригадаларига етказилмоқда. Шу йўсинда иш ташкил қилган ҳолда, мурожаатларни ўз ўрнида ечимга келтириш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, аномал совуқ ҳаво кунларида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан истеъмолчиларга узлуксиз равишда газ етказиб бериш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Вилоятдаги шаҳар ва туманларда муҳандис-техник ходимлардан иборат авария тиклаш бригадалари тузилиб, барча захира материаллари, иш анжомлари ва махсус техникалар билан таъминланди. 

Таъкидлаш жоиз, вилоятда 158 нафар эксплуатация мутахассиси томонидан ҳудудлардаги 5349,47 километр ер ости ва ер усти газ тармоқлари ва 1384 дона газ тақсимлаш қурилмаси қайта кўрикдан ўтказилмоқда.  Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши сабабли шаҳар ва туман марказларидан ташқарида жойлашган газ тармоқларидаги компенсаторлар ҳолати ҳам назорат қилинаётир.

Ҳозирги кунда филиал томонидан истеъмолчиларга табиий газни хавф-хатарсиз етказиб бериш мақсадида кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги ҳамда аҳоли гавжум масканлардаги ер ости газ тармоқлари прибор ёрдамида навбатдан ташқари текшириб чиқилмоқда. 

Филиал сервис хизмати ходимлари томонидан кўп қаватли уйлар ва аҳоли хонадонлари қайта кўрикдан ўтказилиб, газ жиҳозлари ва дудбуронлар созлиги назорат қилинмоқда. Шу билан бирга, истеъмолчиларни табиий газдан тўғри ва оқилона фойдаланишлари, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб бориляпти.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти Наманган ҳудудий филиали аҳолини электр таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш, узилишларнинг олдини олиш ва носозликларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Айтиш лозимки, вилоятдаги мавжуд 600 мингдан ортиқ истеъмолчиларга аномал совуқ ҳароратда ҳам сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 15 та махсус техника, 25 та енгил автотранспорт воситалари шай ҳолатга келтирилган. 

Қолаверса, аномал совуқ кунларида ҳам ижтимоий соҳа объектлари ва стратегик аҳамиятга эга жойларнинг электр таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш мақсадида жами 230 нафар ходим ва 58 та махсус бригада гуруҳи хизматга шайланган.

Қайд этилганидек, вилоят штаби, вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармаси, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддилари томонидан транспортлар ҳаракатланадиган асосий йўлларда ҳаракатлар оқимини бир маромда давомийлигини таъминлаш, ёғингарчилик пайтида йўлларда зарур чоралар кўрилади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш асносида аномал ҳарорат барқарорлашган вазиятда коммунал хизматлар, айниқса, белгиланган лимитга нисбатан эҳтиёж ошиб бораётган электр энергиясидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш мақсадида аҳоли сони кўп бўлган маҳаллаларда монтёрларни жалб этган ҳолда тезкор диспетчерлик хизматларини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь