Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

24 December, 2024, 01:48

Жамият

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ: УНИНГ МОҲИЯТИ НИМАДА?

  • 19.Мая.2021
  • 1308

Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда қанча аҳоли яшайди, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Фарғона водийсида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.

Аксинча, қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.

Мустақиллик даврида бирор марта бу жараён ўтказилмаган

Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта бундай ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анъанага айланган. Республикамизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади.

Мазкур тадбир бизга нима беради?

Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади.

Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади.

Рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар ҳар хил ёшда ва касбда бўлиши, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар бўлиши мумкин.

Ёши ва касбидан қатъий назар, аҳолини рўйхатга олучилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар амалдаги ҳужжатларга, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурида аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати 2025 йил 1 декабрга қадар, деб кўрсатилган. Яъни маълумотлар билан танишишнинг охирги чегара муддати белгиланган. Бироқ агарда тезкор фаолият юритилса, ушбу муддатдан олдин ҳам эълон қилиш имконияти мавжуд.

Ўзбекистоннинг мукаммал кадастр харитаси яратилади

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу — ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала.

Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларни қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Режа аниқ, вазифа масъулиятли

Кейинги уч йил давомида масъул мутасаддиларни қайноқ иш жараёни кутиб турибди. Уларни муваффақиятли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳари, туманидан тортиб маҳалласию кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўламиз. Бу қимматли маълумотлар эса бизга бугун, эртага ва яқин келажакда жуда асқотади.

Зотан, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган кўп йиллик дастурлар, амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар ва белгилаб олинаётган режалар манзил аниқ бўлсагина, юқори самара беради. Демак, мазкур жараён билан шу чоққача эътибордан четда қолиб келган соҳага чинакам пойдевор қўйилади, дейиш ҳар жиҳатдан тўғри бўлади.

Аҳолини рўйхатга олишда қандай усуллардан фойдаланилади?

  • Сўров усули — рўйхатга олиш махсус анкетани тўлдириш, юзма-юз суҳбат асосида, инспектор томонидан амалга оширилади. Бу Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ мамлакатларида қўлланилади.
  • Ўзи ҳисоблаш ва тўлдириш усули — махсус анкета рўйхатга олинувчи шахс томонидан тўлдирилади. Шунингдек, бунда бир оилада истиқомат қилаётган айнан бир нафар шахс фарзандлари ёки яқинлари учун тўлдириш мумкин. Рўйхатга олувчи инспектор эса анкетанинг тўлдирилишини назорат қилади, холос. Бу усулдан Европадаги бир қатор давлатларда фойдаланилади.
  • Аралаш (анкетали) усул — махсус анкета рўйхатга олинувчилар манзилига почта ёки интернет орқали юборилади. Фуқаролар анкетани тўлдириб, статистика хизматига қайта жўнатади. Анкета келмаган манзилларга эса масъуллар юборилади. Ушбу усул камхаржлиги билан ажралиб туради. Бироқ амалда бу усул кутилган натижани бермаяпти.

Наманган вилояти статистика бошқармаси

Энг кўп ўқилганлар

Календарь