ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36925
11 April, 2025, 10:27
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Косонсой туманида ёшлар билан мулоқотда бўлди.
Вилоят раҳбари туман миллий маданият маркази биносида ташкилланган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида элликка яқин мурожаатни тинглади.
Очиқ мулоқотда ёш йигит-қизлар томонидан ишга жойлашиш, ер майдони ва кредит олиш, шиша толали кабель ётқизиш, маданият марказларини мусиқий асбоб ва овоз кучайтиргичлар билан жиҳозлаш, қаровсиз ўйингоҳни ёшлар ихтиёрига бериш, мотокросс бўйича халқаро мусобақа ўтказиш, ахборот-кутубхона марказини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш, спорт комлекси ва сузиш ҳавзасини қуриш каби таклиф ва ташаббуслар, ечимини кутаётган муаммолар ўртага ташланди.
– Хонадонимизда 17 киши турамиз. Шулардан тўрт нафарининг ногиронлиги бор. Оилавий шароитимиз яхши эмас. Аммо маҳалла фуқаролар йиғинидагилар уйимизни «Темир дафтар»дан четда қолдиришди. Ўзимизни тиклаб олишга кўмак зарур. Шу йил Андижон Давлат университетига туризм йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Таҳсил олишим учун эса шартнома пулини тўлашим лозим. Икки гектар ер ажратсангиз, боғдорчилик орқали оиламга нафим тегишини истайман, – деди Чиндовул қишлоғида яшовчи Баҳодир Мамасиддиқов.
Ровот маҳалласидан Азимжон Рўзибоев муддатли ҳарбий хизматдан қайтгач иш сўраб, бир нечта идоралар эшигини тақиллатди. Аммо етти ойдан бери унинг мурожаати ҳал қилинмай келинмоқда. Вилоят сектор раҳбарлари келгани айни муддао бўлди. Мурожаатни тинг-лаган Шавкат Абдураззоқов алпкелбат йигитни Миллий гвардия тизимига ишга жойланишини қайд этди.
Бобур Сотиволдиев кичик бизнес фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар сарасига киради. У туғилиб ўсган Сойбўйи маҳалласида тикувчилик цехини очиб, ўзи ва камида беш кишини меҳнатда банд қилиш ниятида. Мазкур мурожаат ҳам эътибордан четда қолмади: бўлажак тадбиркорнинг режасини амалга ошириш учун «Микрокредитбанк» раҳбарига «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури доирасида 30 миллион сўм кредит ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Эътиборлиси шундаки, бир нечта мурожаат вилоят миқёсида кўриб чиқиладиган бўлди. Масалан, меҳнат дарсларини тўлақонли ўтиш учун мактабларга тикув машиналари ва хомашё олиб берилади. Ёки ҳар бир туманга биттадан библиобус тақдим этилади. Келгусида ўқувчи ва талабаларнинг театрларга бепул кириши таъминланади.
Вилоят раҳбарининг ташаббуси билан эндиликда ҳар шанба ёшлар билан ишлаш куни сифатида белгиланди. Шаҳар ва туман ҳокимлари ўз ҳудудида ёшларни эшитади, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади. Ишсиз юрган ўғил-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти