ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:08
Учқўрғонлик Жўрабой косибнинг ватанпарварлик намунаси, миллий озодлик йўлидаги жасоратлари архив ҳужжатлари қатида сақланиб турибди. Яхшиям архивлар бор. Не-не ўтюрак аждодларимизнинг қалб ёлқинлари, эл-юрт озодлиги йўлида кўрсатган жонфидоликлари архив ҳужжатларига битилганки, уларни қадрлаш, ёшларимизга ибрат қилиб кўрсата билиш ҳар бир зиёлининг муҳим бурчи.
Отасидан диний илм ва косибчилик ҳунарини ўрганиб, ўз даври ёшларига араб ёзувидан таълим берган Жўрабой косиб рус генерали Скобелев бошчилигидаги босқинчиларнинг Қўқон хонлигига ҳужумини бостириш учун халқ озодлиги ҳаракатига қўшилади. Аммо босқинчилар хонликни тор-мор этади. Миллат эрки учун курашган кўплаб жонфидолар қатори Жўрабой косиб ҳам 1889 йили рус жазо отряди томонидан қатл этилади.
Худди шундай шарафли ўлим ўзи ота касби косибчилик билан тирикчилик қилса-да, болаларга рус тилидан сабоқ берган Исмоил Жўрабой ўғлига ҳам қисмат бўлди. У Фрунзе қўмондонлигида Бухоро хонлигини тор-мор этишга келган босқинчиларга қарши жангларида ўз жонини ҳалокатга тутди.
Аждодлардан-авлодларга томир суриб келаётган юксак ватанпарварлик Учқўрғоннинг Параканда қишлоғида яшаган тарихчи-муаллим раҳматли Ақрабжон домланинг феъл-атворида ҳам кўзга ташланиб турарди.
Бу узоқ тарих баёнини мухтасар қилайликда, раҳматли Ақрабжон домланинг фарзандлари замондошларимиз Фарҳод, Шуҳратбек, Равшанбек, Иқболжон ва Илҳомжон Жўраевларнинг ватанпаварлик фазилатидан айтайлик.
Қўғай қишлоғидаги 24-мактабни тамомлаган Фарҳод меҳнат фаолиятини Қўғай пахта тозалаш заводида рассомликдан бошлаганди. 1978 йилда ҳарбий хизматга чақирилган йигит Приморий ўлкасидаги алоқачилар батальонида командирларга ёқиб қолди. Уни снайперчилар тайёрлаш мактабига жўнатишди.
Дивизияда отиш бўйича чемпионликни қўлга киритдики, Мудофаа вазирлигининг «Армия аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўшандан бошлаб, Фарҳоднинг қалбида ҳарбий бўлиш иштиёқи алангалана бошлади.
Хизматдан қайтиб, 1980 йил Тошкент Фармацевтика институтига ўқишга кирди. Ўқиш даврида пойтахтдаги «Офицерлар уйи» қошида очилган каратэ ва кураш секцияларига қатнашди. Самбо бўйича спорт устаси бўлди.
Ўқишни битиргач, бир муддат Учқўрғонга қайтиб, туман дорихоналари бўйича раҳбарлик қилди. Учқўрғонда «Гвардия» ҳарбий-спорт мактабига асос солди. Каратэ бўйича 1-ДАН, 2-ДАН қорабелбоғ соҳиби, 1989 йилда Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳрида ўтказилган халқаро XVIII семинарида «Каратэ бўйича мураббий» дипломини олди. Мудофаа вазирлиги йўлланмаси билан Фарғона ҳаво десантчилар дивизиясига жўнатилди ва 119-десант дивизиясида батальон доришуноси лавозимида ишлади.
Фарҳод Жўраев фаол жамоатчи. Фарғонада штатдан ташқари қўл жанги бўйича мураббийлик ҳам қилди, батальон командирининг шахсий таркиб иши бўйича ўринбосари, десант полки жисмоний тарбия бўйича бошлиғи, тиббий таъминот бошлиғи ва алоҳида десант тиббиёт батальон командири вазифаларини ҳам бажарди. 1997 йили ҳаво десанти инструктори унвонига сазовор бўлди.
1998 – 2000 йилларда Қуролли Кучлар академиясида таҳсил олди. Ғурумсарой тоғ ўқчилар бригадаси тиббиёт хизмати бошлиғи, Чустдаги махсус операция батальони тиббиёт хизмати бошлиғи, Ўзбекистон ҚҚМ операция бригадаси тиббиёт хизмати бошлиғи, истеъфога чиққунига қадар Ўзбекистон Қуролли Кучлари марказий дори базаси бошлиғининг сафарбарлик бўйича ўринбосари лавозимларида ибрат кўрсатиб ишлади.
2008 йилда истеъфога чиқиб, замон билан ҳамқадам тадбиркорлик салоҳиятини ишга солган Фарҳод Жўраев асалари, қорамол, қуён парваришламоқда. Томорқасидаги тўрт сотихли боғнинг бир четида ҳовуз кавлатиб, балиқ боқишни йўлга қўйган.
2021 йилдан бошлаб Учқўрғон тумани ҳарбий фахрийлар кенгашининг раиси. Хизматлари муносиб тарзда рағбатлантириб борилмоқда. «Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги», «Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 10 йиллиги», Ўзбекистон Мустақиллигининг 15 ва 30 йиллиги эсдалик нишонлари билан тақдирланган.
– 555-марта парашютдан сакраганимда назаримда парашют ҳавода муаллақ туриб қолгандай бўлди. Ерни баландликдан кўриш завқли. Аммо бу завқни парашют билан ололмайсиз. Чунки, у миллион марта сакрасангиз ҳам муҳим ҳарбий топшириқ ижроси сингари сизни тўла тўкис масъулият билан маҳв этади...
Фарҳод Жўраев билан суҳбатлашарканмиз, укалари ва сингилларининг ўзига хос ватанпарварликлари ҳақида қувонч билан гапирди.
Дарҳақиқат, Жўраевлар сулоласининг вакили Ақрабжон отанинг Фарҳоддан кейинги ўғлонлари Шуҳратбек, Равшанбек, Иқболжон ва Илҳомжонлар ҳам асл ватанпарварлардан. Шуҳратбек темирйўл назоратчиси, Тошкент-Москва йўналиши бўйича хизмат кўрсатади. Равшанбек – олий тоифали врач. Иқболжон ички ишлар тизимидан пенсияга чиққан. Илҳомжон ҳарбий хизмат аълочиларидан эдики, 2011 йилда миналарни зарарсизлантириш жараёнида хизмат жойида ҳалок бўлган. Йигитларнинг ҳар бирида ўнлаб турли даражадаги медаллар бор. Сингилларнинг ҳар иккиси ҳам олий маълумотли ўқитувчи ва провизор, ҳозир нафақадалар.
Ҳасанбой ХИДИРОВ,
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти