ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 04:51
Наманган шаҳрида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз учун йиллиги байрами арафасида Хитойнинг “Yutong” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 36 дона замонавий автобус аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш учун тантанали равишда топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, республика транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш борасидаги изчил сиёсатининг амалий самараси бўлган янги автобуслар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, айниқса, кексалар, талабаларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш, йўлларда ҳаракатни тартибга келтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Наманганга қувончли воқеага шерик бўлиш учун келганимдан беҳад хурсандман. Эътироф этиш жозки, яшил жамоат транспортида халқаро талаб остида “Бир камар – бир йўл” бўйлаб давлатлар транспорт тизимини тоза энергияга айлантиришга киришди, – дейди Хитой Халқ Республикасининг “Yutong” компанияси Марказий Осиё бўйича сотув бўлими раҳбари Санг Жанг. – Айниқса, тез ривожланаётган Ўзбекистонда ҳам аҳолининг яшил саёҳат ва қатнов эҳтиёжларини таъминлаш учун ноёб транспорт тармоғи барпо этилмоқда. Биз дунёнинг илғор автобус ишлаб чиқарувчиси сифатида, илғлор технологияларга таянган ҳолда маҳаллий ҳудуд учун мослаштирилган маҳсулот ечимларини тақдим этиш, тизимни оптималлаштириш устида тинмай изланишда давом этамиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Экспресс долина” масъулияти чекланган жамияти томонидан Қозоғистоннинг “Ti Dji Es Konsalting Grоup” компанияси ҳамда хитойлик инвесторлар сармояси иштирокида олиб келинган янги жамоат транспортида электрон тўлов тизими тўлиқ жорий этилган. Шунингдек, келгусида йўловчилар учун зарур қулайликлар, хусусан кексалар, ёшлар ва ногиронлиги бор кишиларга мўлжалланган чегирмали нархдаги ойлик йўл карталари чиқариш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, Наманган шаҳрида аҳолига автобусларда сифатли йўловчи ташиш транспорти хизматини ташкил этиш учун автобуслар харид қилишни жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят транспорт бошқармаси саъй-ҳаракатлари билан Хитой Халқ Республикасидан “Yutong” русумли 100 дона автобус олиб келиш юзасидан 10 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағларини киритиш бўйича келишувга эришилганди. Мазкур шартномага кўра, биринчи босқичда 36 та транспорт воситаси олиб келинди.
Икки томонлама тузилган битимга мувофиқ, янги автобусда йўловчилар учун барча шароитлар муҳайё этилди. Жумладан, 25 ўриндиқли автобус ёзда совутиш, қишда иситиш тизимига эга. “GPS” тизими ва ҳар томонлама видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Ногиронлиги бор кишилар учун махсус йўлак (пандус) ҳамда жой ажратилган.
Янги автобусларни Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳудудлари бўйлаб 1-сонли “Отчопар бош бекати - Тахтакўприк”, 2-сонли “Отчопар бош бекати - Чорсу”, 3-сонли “Юксалиш - Чорсу” йўналишларда белгиланган тартибда, брутто шартномаси асосида қатнови йўлга қўйилди.
Дарвоқе, автобуслар учун вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда транспорт бошқармалари томонидан Наманган шаҳрининг диққатга сазовор ҳудудлари – Ислом Каримов, Алишер Навоий, Амир Темур ва Нодим Номонгоний кўчаларида жамоат транспорти ҳаракатланиши учун "А" тасмали махсус йўлакларни ташкил этилди.
– Бундай қулай ва замонавий автобусни 30 йилдан бери орзиқиб кутардик. Очиғи, пойтахтимиз кўчаларида кўрганда, бизнинг ҳудудларга ҳам келармикин, деган яхши ниятда ҳавас қилгандик, – дейди меҳнат фахрийси Тоҳиржон Иномов. – Ўйлайманки, йўловчилар мазкур автобусларда чиройли юриб, узоқ йиллар яхши хизмат қилишига ҳисса қўшишади. Фуқароларга яратилган қулай шарт-шароитлардан беҳад миннатдормиз.
Тадбирда, эҳсон дастурхони ёзилиб, дуога қўл очилди. Шундан сўнг, автобуслар карвони вилоят нуронийлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда илк ҳаракатни бошлади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
"Наманган ҳақиқати" мухбири.
Муаллиф олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти