Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

24 December, 2024, 01:08

Жамият

БОЛАЛАР – ДУНЁНИ ТЕБРАТУВЧИ КУЧ

  • 01.Июня.2021
  • 954

БМТ собиқ бош котиби Кофи Аннаннинг  «Биз халқлар: ХХI асрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  роли» (ушбу ҳужжат «Минг йиллик» маърузаси номи билан машҳур) маърузасида келтирилган қуйида фикр-мулоҳазалар билдирилажак масалага тааллуқли  баъзи факт ва рақамлар:
– қарийб бир миллиард одам саводсиз; беш ёшгача бўлган барча болаларнинг   учдан бир қисми қоринлари  тўймаганликдан   азоб чекадилар.
–  ХХ аср тўқсонинчи йиллари ва XXI аср ибтидосида уруш, биринчи навбатда давлатлар  ичкарисида олиб борилди. Бунинг устига, урушлар ғоят бешафқат бўлиб, беш миллиондан ортиқ одамнинг жумладан, икки миллион боланинг қурбон бўлишига олиб келди. 
– Бутун жаҳон бўйича ОИТСдан 18,8 миллион одам, жумладан, 3,8 миллион бола ҳаётдан кўз юмди. Эпидемия бошланган даврда 15 ёшдан кичик бўлган 13,2 миллион бола ОИТС туфайли етим бўлиб қолди.
– Мактабга қатнамаётган 110 миллион боланинг 60 фоизини қизалоқлар ташкил этади. 
– 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 250 миллионга яқин бола тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган иш кунида меҳнат қилади. Уларнинг 70 фоизи соғликка зарар келтирадиган ишлар билан банд.
– Ҳар йили икки миллионга яқин бола тоза ичимлик суви ва шу сингари санитария-гигиена шарт-шароитлари бўлмаганлиги туфайли ҳаёт билан видолашмоқда.
– Ҳар йили соғайтириб олиш мумкин бўлган сабаблар билан 11 миллион бола ўлиб кетмоқда.
– 600 миллиондан зиёд, яъни Курраи Заминдаги 30 фоиз бола қашшоқликда кун кечирмоқда…
Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганидан сўнг унинг бу халқаро ташкилот билан алоқалари кенгайиб бормоқда. БМТнинг  юртимизда ваколатхонаси иш бошлаган кунларданоқ у ўз таркибидаги ўнлаб ихтисослашган муассасалар қатори Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) фаолиятини ҳам мувофиқлаштириб келмоқда. 

Ҳар қандай жамият, давлат  ўз келажаги ва бойлиги ҳисобланмиш болани  алоҳида ҳимоя қилиши зарурлиги 1924 йилги Бола ҳуқуқлари Женева Декларациясида, 1959 йилги БМТнинг Бола ҳуқуқлари Декларациясида, 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва қатор халқаро ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Деярли 10 йил мобайнида тайёрланган ва унга ҳозирда 191 давлат имзо чеккан Конвенция 54  моддадан иборат бўлиб, 1990 йил 2 сентябрдан кучга кирган. Бола билан боғлиқ барча масалалар ўз аксини топган Конвенция Ўзбекистон томонидан 1992 йилда ратификация қилинган. Ушбу халқаро ҳужжатнинг 17-моддасига биноан иштирокчи давлатлар боланинг соғлом, жисмоний ва руҳий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган ахборотлардан баҳраманд бўлишини таъминлайдилар. Болалар адабиётини нашр этиш ва тарқатишни  рағбатлантирадилар. 14-моддага кўра, давлатлар боланинг фикрлаш, виждон ва дин эркинлигини ҳурмат қиладилар. Ушбу моддада ўз дини ва эътиқодини тарғиб қилиш фақат қонунда белгиланган ҳамда давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳолининг маънавияти ва соғлиғини сақлаш ёки бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур ҳисоблангандагина чекланиши мумкинлиги эътироф этилган. 
Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси – Ўзбекистонда болаларга тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом авлодни тарбиялашга катта эътибор берилмоқда. Дунё тажрибасида биринчи бўлиб «Соғлом авлод учун» ордени таъсис этилган, шу номда халқаро жамғарма  фаолият кўрсатаётганлигидан ўзингиз ҳам бохабарсиз. Республикада кейинги йилларда туғруқхоналар ва болалар тиббий муассасалари  сони анча кўпайди, уларни замонавий тиббий  асбоб-ускуналар билан таъминлаш тадбирлари кўрилмоқда.  Тиббий ёрдам кўрсатиш  сифати тобора яхшиланиб бормоқда.
Ўтган ХХ аср ибтидосида  буюк маърифатпарвар  Маҳмудхўжа Беҳбудий  бола тарбияси ва бугунги кунларни назарда тутган ҳолда шундай деб ёзганди: «Ҳамшаҳри яхуд, армон, рус болалари оппоқ кийиниб, қўлтуқ-қўлтуқ китоб ила мактабларга кетар экан, бизнинг болаларимиз на учун кир ва йиртиқ кийим, оёқ яланг бир ҳолда эшик-ба эшик меҳнат ахтарур… Энди бизларга икки ишдан бири қолур. Яъни, алардек  замонани илм ва  ҳунарларига ёпишмоқ ва ёйинки  борлиқ набираларимизни ҳам қўлимиздан бериб қўймарга ва беҳудаликка  сарф этиб, аларга хизматкор бўлмоқ».

ХХI аср ибтидосида ўзбекнинг болалари ҳам «оппоқ кийиниб... замона илм ва ҳунарларига ёпишган»ларидан хабардорсиз.  Лекин бу борада ҳам ҳал қилиниши даркор бўлган муаммоларимиз  талайгина.
Етакчилик бўйича эксперт, 25дан ортиқ асарлар муаллифи, «Ўсаётган етакчилар» ташкилотининг асосчиси Тим Элмор кўпчилик ота-она фарзанд тарбиясида 7та кечириб бўлмас хатога йўл қўяётганларини санаб ўтган: Ота-оналар болаларига ҳаддан ортиқ ғамхўрлик қилмоқда. Болалар ўзича таваккал қилиш имкониятидан маҳрум; уларга ёрдам беришда жуда шошамиз; фарзанд ота-онасидан жуда осонлик билан мақтов эшитмоқда; айбдорлик ҳисси яхши хулқни қоплаб кетишига ҳам замин яратиб беряпмиз; ўтмишдаги хатоларни муҳокама қилмаймиз; сўзимиз ҳаракатимиздан фарқ қилади; маънавий танловда кичиклар бизни кузатиб турганини унутиб қўямиз. («Маърифат» газетаси, 2018 йилнинг 14 ноябри, 91 (9156)- сон).
Янги Ўзбекистон келажагини кўзлаган ислоҳотларнинг ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёвнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларимизга табригида ҳақли равишда таъкидланганидек, «Дунёдаги тараққий топган давлатлар тажрибаси асосида мактаб таълими учун ўқув дастури ва дарсликларнинг янги авлодини яратиш бўйича амалий ишлар бошланди... Бугунги кунда бутун юртимизни қамраб олган беш муҳим ташаббус доирасида ҳам сиз, азиз ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топишингиз учун кўп ишлар қилинмоқда... Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар... Ўрганиш ва изланишдан асло тўхтаманг!».
Болаларимиз олдидаги тинчлик улар келажагини муносиб тарзда таъминлаш бурчидан-да муқаддасроқ бурч йўқ бу ёруғ дунёда. Улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркинлигини таъминлаш, ҳаётини турфа хил мушкулотлар ва қўрқувдан халос этишни таъминлашдан ҳам муҳимроқ мажбурият мавжуд эмас. Чунки, эртага дунёни бугунги бола тебратади.

Наргиза ИСОҚОВА,
НамДУ тарих кафедраси ўқитувчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь