ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:19
Тожли вирус бутун дунё халқларини хавф остида қолдириб, инсониятни ўз исканжасига олган ҳолда кўплаб одамлар умрига зомин бўлмоқда. Бу эса жаҳон майдонида катта иқтисодий талотўпни юзага келтирмоқда.
Сабаби барча соҳа инсон меҳнат омили билан боғланади. Ишлаб чиқариш саноат иқтисодиётнинг юраги саналади. Барча соҳаларда меҳнат қилаётган шахс давлати, миллати ҳамда ирқидан қатъий назар, фақат уйда қолишлик билан вирусга қарши кураш олиб бораётир.
Шундай синовли кунларда юртимиз фуқаролари оиласи бағрида белгиланган карантин талабларига риоя этаётган бир пайтда хориждаги қондош ўзбеклар масаласи ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг одилона инсонпарварлик сиёсати даражасида ўз ечимини топди. COVID-19 пандемияси сабабли республикамиз ҳудудида бир қатор чекловлар юзага келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан махсус чартер рейслари ташкил қилиниб, чет давлатлардаги юртдошларимиз Ватанимизга қайтарилди.
Ҳозирги кунда ҳар қандай вазият олдини олиш жараёнини автомобиль транспорти хизматисиз тасаввур этиб бўлмайди. Карантин белгиланган тартиб ва меъёрларига риоя этган ҳолда мамлакатимизга олиб келинган ватандошларимизни карантин ҳудудларига, шунингдек, карантин муддатини ўтаб бўлганидан сўнг манзилларига эсон-омон етиб олишлари учун республика транспорт вазирлиги ва унинг вилоят бошқармалари мутасадди ходимларининг бу борада амалга ошираётган хизматлари фуқаро муҳофазаси ҳамда унинг тинч ҳаёти учун, албатта.
Буни биргина Наманган вилояти мисолида кўриш мумкин. Вилоятга республиканинг бошқа ҳудудларидан 2257 нафар фуқароларни олиб келиш учун 32 та махсус дезинфекцияланган поезд қатновлари ташкил қилинди. Наманган вилояти транспорт бошқармаси томонидан 103 та автобус, 418 та “Дамас” русумли автотранспорт воситалари жалб қилинган ҳолда фуқароларни ўз уйларига хавфсиз етиб олишлари таъминланди.
Шу жумладан, бошқа вилоятларга, вилоятимизнинг туманларига, карантин ҳудудларига олиб бориш ва қайтариш мақсадида жорий йил 27 апрель ҳолатига жами 5546 нафар фуқарони ташишга 239 та “Исузу”, 496 та “Дамас” русумли транспорт воситалари жалб этилди.
Президентимизнинг халқимизга қилган мурожаатларида “Биз бу касалликни, албатта, енгамиз!”, деб бежиз таъкидламадилар. Айни синовли пайтларда транспорт вазирлиги ҳамда вилоят транспорт бошқармаси ходимлари пандемия балосини мамлакатимиздан буткул йўқ бўлиб кетиши учун елкама-елка туриб астойдил курашадилар.
Санжар ТУРҒУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти