Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 05:23

Жамият

Чиқиндини қаерга ташлайлик?!

  • 02.Июля.2024
  • 479

Ҳозирги кунда дунё мамлакатларида ҳам чиқиндини йўқотиш ва уни қайта ишлаш орқали экологияни яхшилаш учун ҳаракатлар авжида. Бинобарин, инсон саломатлигини сақлаш ҳар бир давлатнинг бош сиёсатига айланган. Юртимизда ҳам бу соҳада жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. «Яшил макон»  умуммиллий ҳаракати доирасида турли кўчатлар экилгани ва бундай хайрли тадбирлар давом эттирилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. 

Боболаримиз яшаган даврда бугунгидай саноат ривожланмаган, автотранспорт воситалари ҳам йўқлигидан ҳаво ва тупроқ тоза бўлган. Эсласам, ёшлик йилларимизда ҳозиргидай йўл ёқаларига чиқиндилар ташланмасди. Қишлоғимизнинг юқори қисмида «Арслон булоқ» деган катта булоқ бўларди. Баҳор келиши билан қишлоқ аҳли маслаҳатлашиб, қўй сўйилиб, булоқ ўт-ўланлардан тозаланар, сувнинг йўли равонлаштириларди. «Арслон булоқ» яқин  атрофдаги учта қишлоқни сув билан таъминлар ва оби ҳаёт экинзорларни суғоришга ҳам етарди. Биз болалар уйимиз олдидан ўтган анҳордан оқиб келувчи олмаларни ердик. Тандирдан узилган иссиқ нонни сувга оқизиб еб, мазза қилардик.

Афсуски, эндиликда оқаётган сувни кўриб, ифлослантирилганидан ёқа ушлайсиз. Ичиш у ёқда турсин, ҳатто  қўлни ювишгаям кўнгил тортмайди.  Одамларнинг табиат ноз-неъматларига  муносабати ачинарли аҳволда. Оқаётган   баклашкалар, эски-йиртиқ оёқ кийимлар, таассуфки,  болаларнинг памперслариям сувга улоқтирилмоқда. Айримларнинг ёки аксариятнинг тарбияси,  экологик  маданияти ва албатта, маънавияти  нечоғли ҳаминқадарлиги кундай равшанлигига  гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Айтиш керакки, қишлоқларда, шу жумладан бизнинг маҳалламизда ҳам чиқинди ташланадиган алоҳида жой йўқ. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида мактабнинг 3-синф ўқувчиларининг «Ўқиш китоби»да  халқ эртакларидан  туркумидан «Зангори гилам» эртаги ўқитиларди. Бир киши даладаги буғдойзорга кириб, ундан бир-икки бошоқ олай деса, «бунга тегма, бойники», – деган овоз чиқади. Нарироққа кетиб, ердан тупроқ олай деса, «тегма, бу бойники», – деган овоз келади... Шунда эртак мазмунини яхши тушунмаган эканмиз. Ҳайрон бўлган эдик. Бу эртак бир дўстимнинг қуйидаги ҳикоясидан   кейин ёдимга келди.

– Дўстим, биласан ҳовлимиз кичик, уй қурдик. 4-5 қоп тўпланган чиқиндини қаерга ташлашни билмай, уни қопладим. Ўртоғимнинг машинасига юклаб, қишлоғимиздаги адирликка олиб чиқдим. Терак бўйи чуқурлигини  қачонлардир сув босиб кетган экан. Чиқиндини шу  чуқурга ташлайман деб турсам, икки йигит пайдо бўлди. – Ака, чиқиндингизни бу ерга ташламанг, бу ер бизники. Тоза тупроқ тўлғазамиз,  – деди. 

Қопларни қайта машинага юкладик. Бирор бир жой бордир деган фикр билан адирликнинг тепа қисмига юрдик.  Адирликнинг бир ерида ҳам сув ювиб кетиб, чуқур қилган ери бор экан. У ёқ, бу ёққа қарадик. Ҳеч ким кўринмагач, чиқинди қопланган қопларни шу жойга улоқтириб кетдик. 

Кечки пайт телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, ҳамқишлоқ йигитлардан бири экан. 

– Ака, чиқиндингизни еримга ташлаб кетибсиз. Буни ким ташлади деб қарасам, қопингизда номингиз ёзилган экан. Тушириб бергани хижолат қилдим. Бошқа чуқур топиб ташладим. Илтимос, иккинчи бундай қилманг, – деб танбеҳ бериб, телефонни ўчириб қўйди. 

Бошимга бир челак иссиқ сув қуйгандай бўлди. Бу айтилган гапларимиз ҳеч қандай тўқимасиз ҳаётий воқеа. Дарвоқе, томорқа маҳсулотимиз ҳисобланган картошкани бозорга олиб боришда бошқаларникига аралашиб кетмаслиги учун ҳар ким қопига  исмини ёзиб қўярди. Шу қопларга ахлатни ташлагандим!

Экология соҳасидаги мутасаддилар эътиборини бу айтилган фикрга қаратсам. Янгиқўрғон туманидаги Хўжашўркент қишлоғида учта маҳалла бор. Ўн мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳудуддаги адирлик ерларидан 20-30 сотих ажратиб, чиқиндихона қилинса фойдадан ҳоли бўлмасди. Йўл четларига ташлаб кетилаётган ахлатлар, анҳорларга оқизилаётган чиқиндилар шу жойларга ташланса айни муддао бўларди. Ҳарқалай шундан  умидимиз бор.

Узоқ йиллар маориф, таълим-тарбия соҳасида ишлаб, нафақага чиққан фахрий педагог сифатида яна бир таклифим шуки, ўқувчиларга маънавият соатларида экологик тарбияга, маданиятга эътибор берилса, ёшликдан она табиатга бўлган муносабатимиз янада яхшиланган бўлар эди. Вилоят экология бошқармаси  мутасаддиларидан бу  эътирозларимизга амалий жавоб кутамиз.

Анасбек ҲАМДАМОВ, 
Янгиқўрғон тумани, Чўмбағиш маҳалласи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь